Нуқтаи назар: Бойлик бойлар учун заҳарми?

Таҳлил 8-03-2017

Мижоз ҳар доим ҳақми ёки сотувчи? 

Аввал бошданоқ таъкидлашни истардикки, бу мақола харидор ва сотувчи ўртасидаги муносабатларга дахлдор эмас. Балки реклама воситасида кишилар онгини бошқаришга оид. Шу билан бирга, унда бадавлат кишиларнинг антиқа қизиқишлари, уларни бошқариш қанчалик осон экани хусусида. Америкалик иқтисодчи ва трейдер, «Қора оққуш» назарияси муаллифи Нассим Талиб шу ҳақда фикр юритади. 

Аксар одамлар бой бўлгани сари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда хатти-ҳаракатларини бошқариш малакасидан маҳрум бўлиб боришади. Улар ўз хоҳиш-истаклари устидан назоратни йўқотишади, аксинча сунъий қоидаларга бўйсуна бошлашади. Бу эса уларнинг ҳаётини тобора мураккаблаштиради ва азият чекишларига сабаб бўлади. 

Шу ўринда савол туғилади: хўш улар ушбу сунъий қоидаларни қаердан олишади? Бунинг жавоби эса жуда оддий. Мазкур қоидаларни уларга ниманидир катта пулга сотмоқчи бўлганлар ўйлаб топишади ва бойларнинг онггига сингдиришади. Ҳа, бу савдо ўйинидаги хусусий манфаат муаммосининг аксидир. 

Жамиятнинг ўзига тўқ қатламининг дунё қарашига, уларга бирор жиҳозни ўзаро рози-ризолик билан сотиш воситасида пул топишни истаганлар таъсир кўрсатади. Харидорларнинг бой-бадавлат бўлгани эса нур устига аъло нур. Чунки, улардан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар, одатда, камроқ имкониятга эга бўлган кишилар тоифасига мансуб бўлгани боис, биров-бировни айблашни хаёлига ҳам келтиришмайди. 

“Гап шундаки, – деб ёзади мақола муаллифи – бир сафар мен Мишлен юлдузига эга ресторанда кечки овқатни тановул қилдим. У ерга мени бир танишим таклиф қилган эди. У, гарчи мен оддийгина грек ошхонасини маъқул кўрган бўлсам-да, айнан ушбу ресторанда овқатланишда оёқ тираб туриб олди. Қиммат ресторандаги муҳит ҳам ўзига яраша жиддий эди. Кечки дастурхонга тортилган таомлар эса, кичик порциялардаги ва эҳтимол фақат микроскопда кўрса бўладиган турли хил қўшилмалардан иборат эди. Уларнинг таъми, мазаси бир-бирига шунчалик зидки, гўёки синов вақтида имтиҳон топшираётгандек тасаввур ҳосил қилиш мумкин. Бу кечки овқатдан кўра, кўпроқ “томи кетган” филолог билан қандайдир музейга боргансиз-у, ҳамроҳингиз ўзингиз билишни истамаган нималардир ҳақида тинимсиз ваъз ўқишига ўхшаб кетар эди. 

Столга келтирилган таомлар орасида аксари менга нотаниш, аниқроғи, менинг иштаҳамга мос келадигани учрамади. Кутилмаганда, ўзимга мақбулроқ таомга кўзим тушди, аммо улгурмадим. Навбатдаги таомни узатиш вақти келган эди ва мен ундан бир луқма ҳам татий олмадим. Мен дастурхон узра кўз югуртирар эканман, хизматчининг сўзларини тинглаш асносида диққатимни йўқотишдан ҳадиксираб турдим. Мен ўзимнинг зерикаётганимни билдирмаслик учун жуда катта куч сарфладим. Мени хурсанд қилган бир нарса бор эди – у ҳам нон бўлди. Аммо, нон совуқ ҳолда келтирилган эди. Ким билсин, балки иссиқ нон Мишлен ресторанлари стандартига кирмас”.

Нассим Талибнинг давом этишича, у илк марта ресторанни оч ҳолда тарк этган. 

“Агар менда имкон бўлганида, вақт синовидан ўтган таом, масалан пицца ёки лаззатли бургерни танлаган бўлардим. Шу билан бирга, ресторанда тўланган пулнинг 1/20 қисмини сарфлардим. Аммо, ҳамроҳим шундай қиммат ресторанда овқатлана оладиган киши бўлгани учун ҳам биз бош ошпазнинг, таъбир жоиз бўлса, Мишлендаги қайсидир буйруқбоз томонидан тасдиқланган мураккаб тажрибаси қурбони бўлдик”. 

Муаллифни ажаблантирган нарса, бой инсонларнинг шунчалик енгил нишон бўлишларида эди.  

“Ҳа, бу мен учун Venenum in auro bibitur — тилла идишдан ичилган заҳар каби бўлди. Бундан ҳам таажжублиси, одамларни маънисиз мураккабликлар билан алдашнинг жуда ҳам осонлигидадир. Шу билан бирга, камбағал кишилар бу каби фирибгарликлардан қутулишган. Айнан кўпроқ пул топиш истаги, олимларни, қулай ва осон йўли турганда, ечимнинг мураккабини топишга ундайди. Бизларнинг аксаримиз учун гамбургерлар мазалироқ, бироқ, инсонлар филе-миньон яхшироқ эканига, қиммат бўлгани учун ҳам кўр-кўрона ишонишади”, - деб фикр юритади Нассим Талиб.

Унинг ишонч билдиришича, жамиятдаги бу каби ҳолларда ижтимоий фикр муҳим ўрин тутади. Масалан, аслида, ҳар қандай кишини қўшнилар билан яхши муносабатда бўлиш имконини берувчи қулай ҳудуддаги унча катта бўлмаган уй қаноатлантиради. Аммо, одамнинг пули етарли бўлса, ижтимоий фикрга бўйсуна бошлайди ҳамда кимсасиз, одамлардан йироқда бўлган улкан ва жозибасиз, ҳашаматли уйга кўчиб ўтишга қарор қилади. 

Бундан ташқари, ҳашаматли уй қаср ёки саройдек келса-чи, малакали бошқарувчилар ва хизматчиларни ёллашга тўғри келади. Шу нарсани унутмаслик керакки, инсонга хос илиқликдан мосуво бўлган уйларда жамиятдан бегоналашиш ҳисси пайдо бўлади. Хизматчилар билан лиқ тўла улкан саройда эса бу ҳиссиёт янада кучаяди. 

Таъкидлаш ўринлики, бой одамлар орасида оддий кишидек камтар кўринадиганлар ҳам бор. Улар гап нимадалигини яхши тушунишади. Улар ўзлари учун қулай бўлган жойда исиқомат қилишади, бошқа дабдабали уйга кўчиш нотўғри эканини англаб туришади. Ҳатто, ҳамон ота-онасининг уйида яшаётган бойлар ҳам йўқ эмас. Бу инсонлар, уларнинг танловини уларга нимадир сотмоқчи бўлаётганлар ёки уларнинг пулига шерик бўлишни истаётганлар бошқараётганини билишади. Шу маънода камбағал бўлиш ўзига хос хотиржамликни таъминловчи қулайлик, дейиш мумкин. 

Бошқа сўз билан айтганда: агар бойлик сизга танлов борасида имкониятни кенгайтириш ўрнига чеклаётган экан, демак, ниманидир нотўғри бажармоқдасиз. Бунга ишончингиз комил бўлаверсин. 

Энди келинг, ушбу кузатувларни умумий ҳолат билан қиёслаймиз. Сиз жамоатчиликнинг барчаси бой бўлишини ёки жилла қурса қашшоқликка барҳам беришни ҳоҳлаяпсиз. У ҳолда қуйидаги нарсага эътибор бериш зарур: сизнинг истакларингизни ким белгилаб бераяпти — сиз ўзингизми ёки сизга ниманидир сотмоқчи бўлаётганларми?

Ресторанда бўлган ҳодисага қайтадиган бўлсак, сунъий ва табиий талаблар ўртасидаги фарқни англаб етиш мумкин. 

“Агар менда 200 долларни пиццага ёки 6,95 долларни оддийгина француз ресторани учун тўлаш танлови бўлганида мен 200 долларни осонгина пиццага тўлаган бўлардим. Нега, чунки мен Мишлен ресторанига бормаслик учун шундай қилишга тайёрман! Бу ҳолатни иқтисодчилар салбий фойда деб аташади. Шунга кўра, фаровонликнинг ҳаддан ортиқ ўсиши баъзан фойда ўрнига зарар келтиради. 

Кўплаб мамлакатлар фуқаролари тобора бой ва фаровон бўлиб бормоқда ҳамда уларнинг хоҳиш-истакларини бошқалар бошқараяпти. Шу сабабли, пицца арзонлигича қолмоқда, Мишлен ресторанлари фаолиятини давом эттираяпти. Хулоса қилиш ўзингиздан. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ