Омма олдида чиқиш қилишга доир 8 афсона

Маслаҳат 6-07-2017

Омма олдида чиқиш қилиш ва тадбирлар ўтказишга доир кўп маслаҳатлар баъзан фойдадан кўра кўпроқ зиён келтириши мумкин. Улар ҳақида билиб олинг ва ҳеч қачон бундай хатоларга йўл қўйманг. "Лайфхакер" Оммавий чиқишлар институти асосчиси, "Ҳаяжонга қарши сеҳрли тугма ва муваффақиятли чиқишларнинг бошқа тамойиллари" китоби муаллифи Ирина Баржакнинг бу борадаги тавсиялари билан бўлишди. 

 

1-афсона. Имо-ишораларни қўлланг

Бу маслаҳат кўпинча яримпрофессионал мураббий ва шунчаки кўнгиллилар томонидан берилади. Аслида чиқиш вақтида имо-ишоралар ҳақида ўйлашга ҳожат йўқ - асосий эътиборни мақсадга қаратиш муҳим. Имо-ишоралар  мақсадингиз қандайлигига қараб ўз-ўзидан туғилаверади. Мисол учун, қўлларни орқага йиғган ҳолда инсонларга илҳом бахш этиб бўлмайди ё бўлмаса, букчайиб олиб ҳақ эканингизни исботлаш қийин.

Инсон имо-ишоралар ҳақида ўйлашни бас қилиб, мақсадга эътибор қаратиши билан ўзаро уйғунлашган ҳаракатлар ўз-ўзидан келиб чиқаверади.

 

2-афсона. Кўзгу олдида машқ қилинг

Мактабдаги ҳар иккинчи ўқитувчи ўқувчиларга кўзгу олдида туриб машқ қилишни тавсия қилади. Артистларга эса бундай қилиш тақиқланади. Нима учун? Сиз қандай туриш ва қандай гапириш ҳақида ўйласангиз, нима демоқчи бўлганингизни унутиб қўясиз ва аксинча. Кўзгу қаршисида чиройли кўриниш ҳосил қилиб, уни саҳнада такрорлашга уриниб, сиз диққат объектини ўзингизга кўчирасиз ва айнан шундай пайтларда максимал ҳаяжон пайдо бўлади.

Нутқ сўзлашни томошабин олдида туриб машқ қилиш керак. У истаган томошабин бўлиши мумкин, яхшиси эса, у ижобий кайфиятдаги инсон бўлгани маъқул.

 

3-афсона. Матнни ёд олинг

Матнни қуруқ ёдлаш иш бермайди, чунки ҳаяжон келган маҳал матнни дарҳол унутасиз. Биз матнни ақлли, чиройли сўзлар билан бойитиб, ўнғайсиз кўринишдан қўрқамиз, кейин эса, одатий нутқга ўтишимиз қийин кечади. Бунинг натижасида чўзиқ паузалар ("эээ", "анақа", "нима десам экан", "ҳалиги" ва б.) келиб чиқади ва омма олдида ноқулай вазиятда қоласиз.

Аксарият матнни кўз олдига қўйиб олиб, эсдан чиққанда унга қарайди-да, шошилганда керакли жумлани топа олмагач, ўзларини ундан-да баттар йўқотиб қўйишади. Умуман олганда, матннинг фойдадан кўра зарари кўпроқ.

Энг яхши вариант - ўз сўзлари билан сўзлаш, ахир сиз қуруқ матндан кўра ақллироқсиз ва уни хотиржам баён қилишингиз мумкин. Тезисларни ажратиб олиш, уларни йирик шрифтларда эслатма тарзида ёзиб олиш ва фикрингизни ўз сўзларингиз билан билдиришни тавсия қиламан.

 

4-афсона. Чиқишингиз муҳрланган видеони баҳоланг

Ўзингиз тасвирланган видеони кўриш ва уни баҳолашга доир тавсияни кўп учратиш мумкин. Бироқ тадбир ўтиб бўлганидан сўнг уни баҳолаб бўлмайди. Бошқа қатнашгингиз ҳам келмай қолади. Ҳатто профессионалларда ҳам шундай.

Видеода энг асосийсини топа олмайсиз - томошабин билан ўзаро алоқа. Бу худди рок-концертни видеода кўриш каби - драйв йўқ. Ёки спектаклни олайлик: ТВ орқали томоша қилинганда нима учун залдаги томошабинларнинг йиғлаётгани ё кулаётганини тушуниш қийин. Шундай экан, концерт ёки спектаклни видео орқали баҳолаб бўлмайди. Биз ўзимиз у ерда бўлган тақдирдагина унинг қандай ўтганини баҳолашимиз мумкин. Омма олдида нутқ сўзлаш ҳам шундай.

 

Биз томошабиннинг реакциясисиз чиқишимизнинг яхши ё ёмон бўлганини тушуна олмаймиз. Видеода кўпроқ камчилик ва хатоларимиз сезилади. Томошабинларнинг юз ва кўз ифодаларидан эса, уни баҳолаш қийин эмас.

 

5-афсона. Сизга ёт бўлган мавзуларда чиқиш қилманг

"Мавзу ўзингизга ёқса-ку, майли, агар шунчаки муайян мавзудаги маъруза билан чиқиш қилиш керак бўлса-чи?" - бу саволни йирик корпорациялар менежерлари кўп беришади. Бундай ҳолларда, артистлар айтганидек, маъруза мавзусини кўздан кечириб, унинг қайси қисми сизга яқинроқ эканини белгилаб олинг ва шундай қилингки, саволлар айнан шу йўналишда бўлсин.

Санъаткорлар орасида шундай гап бор: артист саҳнадан туриб нимани ҳис қилса ва ички нигоҳи билан нимани кўрса, томошабин ҳам шуни кўради. Агар маъруза ўзингизга ёқмаса, омма ҳам уни қабул қилиши қийин бўлади. Шундай экан, томошабин билан алоқага киришиш йўлини изланг.

 

6-афсона. "Нима" "қандай"дан муҳимроқ

Маърузадан график ва жадваллар ўрин олган бўлса, бу яхши чиқишнинг белгиларидан бири ҳисобланади. Бу маълумотларнинг қандай тақдим этилишига эса кўп ҳам эътибор қаратилмайди.

Маъруза шакли ва мазмунининг аҳамиятига доир баҳсларга Арасту давридаёқ нуқта қўйилган: бири иккинчисисиз аҳамият касб этмайди.

Агар сиз чиқиш шакли борасида қайғурмасангиз, унинг мазмуни тингловчиларга тўлиқ етиб бормайди. Мураккаб графикларни енгил ва образли визуал қаторлар билан уйғунлаштириш муҳим, шунда тингловчи маърузани қабул қилиши осонроқ бўлади ва сиз омма олдида муваффақият қозонасиз.

 

7-афсона. Паузалар - ёмон

Маърузачиларни чиқиш олдидан пауза муҳимлигига ишонтириш жуда қийин. У спикерга диққатни жамлашга ва залдагилар эътиборини қаратишга ёрдам беради.

"30 сония - бу кўп!", - дейишади тажрибачилар. Гитлер эса ҳар бир нутқидан олдин 1 дақиқа-ю 15 сония пауза қилган. У шу тариқа ҳамманинг эътиборини ўзига қаратишнинг уддасидан чиққан.

Муҳим маълумотдан олдин пауза қанчалик узоқ бўлса, у шунчалик катта аҳамиятга эга, дейишади режиссёрлар. Яхши маърузачилар саҳнада бироз ўйлаб олишдан, ниманидир эслашдан ва бироз жимлик сақлаб, кейин гапиришдан уялишмайди. Бу тўхтамай матнни ўқиш ва саҳнадан қочишдан кўра табиийроқ кўринади. Шундай экан, пауза олишни машқ қилинг, бу жуда фойдали.

 

8-афсона. Синовдан ўтган усулларни қўлланг

Одамлар бу усул албатта иш беради дея, бир-бирларига ғалати маслаҳатлар беришади. "Томошабинларни тувакда ўтирганини тасаввур қилишга қанча уринмай, бўлмаяпти", - дея арз қилиб қолди бир киши. Маълум бўлишича, кимдир унга ҳаяжондан қутулишнинг шундай усулини тавсия қилган.

Аслини олганда ҳаяжондан қутулишга мақсадни аниқ қўйиш ва эътибор марказини ўзингиздан томошабинларга кўчириш ёрдам беради.

Мақсад қўйинг. У исталган, ёритувчи ва эмоционал мақсад бўлиши керак. Энди эса олға! Ҳаяжон фондагина қолсин.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ