Оқ уй тўғрисида ажабтовур 15та факт

Биласизми? 1-06-2018

Бу уйнинг икки юз йил давомида мавжудлик тарихида нималар бўлмади дейсиз – ҳайвонлардан тортиб, шарпаларгача, сирли товушлар, бункерлар, ҳовуз ва боулинг-клубларгача...

Оқ уй АҚШ президентининг Вашингтонда жойлашган расмий қароргоҳи. Американинг Жорж Вашингтондан ташқари барча президентлари бу ерда «рўйхатдан» ўтган. Айтганча, у айнан Жорж Вашингтон даврида қурилган.

«АҚШ, демократия ва озодлик» рамзи Оқ уй палладиан услуби (архитектор Жеймс Ҳобан)даги қаср. Қурилиш ишлари 1792 йилда бошланиб, 1800 йилнинг 1 ноябрида тугаланган. Айнан ўша куни АҚШнинг иккинчи президенти Ж.Адамс унинг даслабки «соҳибига» айланди.

Оқ уй белгиланган вақтда омма учун очиқ, бироқ президент ва унинг оиласига тегишли хоналар ҳамда бошқа хусусий жойларга ҳар доим ҳам бориб бўлмайди.

Оқ уйда матбуот ва ОАВ учун ҳам жой мавжуд. Том Ҳэнкс пресс-корпус «кофеин»сиз яшашини билгач, шахсан ўзи пресс-офис учун совға тақдим этганди: иккита қаҳва машинаси. Бу Оқ уй тўғрисида сиз билмаган кўплаб қизиқарли фактлардан бири холос!

Жониворлар учун уй

АҚШнинг 42-президенти Билл Клинтон
Фото: GreenWord.ru

Умуман олганда, Оқ уй доимо нафақат президентлар, балки кўплаб жониворлар учун яшаш жойи бўлиб келган. Масалан, президент Гувр иккита тимсоҳ боққан ва камдан-кам ҳоллардагина уларни инига қамаган. Жефферсонда эса жониворлар овозига тақлид қилувчи қуш бўлган, у бутун уй бўйлаб бемалол учиб юрган. Жон Кью Адамс ҳам юқоридаги ваннахонада кичкина тимсоҳ боққан. Адамснинг ёрдамчиларидан бири ҳайвонни «лавозим йўриқномаси»га кўра овқатлантирган.

Бунга қўшимча равишда бу давр Оқ уй Жон Белуши иштирок этган «Ҳайвонлар уйи»га ўхшаб кетган. 1820-йиллар очиқ эшиклар даври бўлган. Бу ерга исталган одам ташриф буюрган. Ташрифчиларга қулай шароит яратишга тўғри келган. Хусусан, спиртли ичимликлар ҳам! Кўлмакка ликер ва мусаллас шишасини териб қўйиб, ташрифчилар ташқарига чиқарилган ҳолатлар маълум! Бари меҳмондорчиликка айланиб кетган... Бугун бу махсус хизмат учун даҳшатли ҳолат бўларди.

Катта? Каттароқ! Янада каттароқ!

Фото: Википедия

Оқ уй лойиҳалаштирилаётганида унинг меъмори Пьер Шарль Ланфан ўзига хос қаср қуришни истаган: мисол тариқасида у француз қироллари қароргоҳини тасаввур қилган... Янги қароргоҳ қурилишини назоратга олган президент  Жорж Вашингтонга Ланфаннинг иши ёқмаган. Охир-оқибат уни ҳайдаб юборган. Иш Жеймс Ҳобанга мувофиқ якунланган.  

Натижада, қароргоҳ илк муаллиф истагидан беш марта кичик бўлди. Бироқ қурилиш даврида ҳали ҳам АҚШдаги энг катта уй эди.

У Фуқаролар урушигача шундайлигича қолди. Ундан кейин эса мамлакатнинг «энг катта уйи» мақомини йўқотди. Чунки жойларда навбатма-навбат осмонўпар бинолар қад кўтарди.

Оқ уй олов ичида

Фото: Википедия

1929 йилнниг 24 декабридаги қисқа туташув оқибатида ғарбий қанотда ёнғин юз берди. У қуввати бўйича 4 баллик деб белгиланди. Ёнғин барча ички ҳаво ўтказгич ва канализациялар тиқилишига сабаб бўлди. Афсуски, Оқ уй ёнғин ҳолати учун суғуртага эга эмасди, бироқ ижарачилар Конгрессдан пул олишга муваффақ бўлди. Натижада ички хоналарнинг кўпи тўлиқ қайта қурилди ва таъмирланди.

Рождество бали ўтказилаётганида том остида ёнғин юзага келди. Хизматчи тутун ҳидини сезгач, бу ҳақда президент ва унинг ёрдамчиларига маълум қилди. Улар президентнинг кўплаб шахсий буюмларини сақлаб қолиш ҳамда унинг офисини ёнғиндан кейинги талофотлардан асрашга муваффақ бўлдилар. Энг кўп йўқотиш пресс-марказда бўлди: фотоархив, мақола ва материаллар қўлдан бой берилди.

Жаноб Линкольн сояси

Фото: Википедия

Айтишларича, Уинстон Черчилль Оқ уйда қолганида у тунни президент Линкольннинг эски ётоқхонасида ўтказган. Эртаси кун Черчилль Оқ уйни зудлик билан тарк этди. Балки, у марҳум президентнинг ваннадан чиқаётган арвоҳини кўргандир.

Бу воқеадан кейин Черчилль Оқ уйга бир неча марта келган, бироқ ўша кундан кейин ҳеч қачон Линкольн ётоқхонасида тунамаган.

Уни қўрқоқликда айблаш жоизмикан? Ахир британиялик бош вазир Авраам арвоҳини кўрган биринчи ва охирги одам эмасди... Тўғри, ундан олдин кўрганлар асосан аёллар бўлган.

Оқ уйнинг эгизаги

Ирландиядаги «мини Оқ уй»
Фото: Википедия

Ҳа, Оқ уйнинг эгизаги бор. У Ирландияда 1745-1747 йилларда қурилган бўлиб, «мини Оқ уй» деб аталади.

АҚШ президентлари қароргоҳи лойиҳаси муаллифи Жеймс Ҳобан шахсий лойиҳасини Жорж Вашингтон танловига тақдим этгунига қадар Лейнстер-ҳауз чизмаларини кўрган деган фикр мавжуд. Шунингдек, Ирландиянинг Дублин шаҳридаги Феникс-боғидаги президент қароргоҳидан илҳомлангани мазкур лойиҳани яратишга ундаган деган эҳтимол ҳам бор. Ахир Ҳобан Ирландияда катта бўлган ва таълим олган. Унинг лойиҳаси ғолиб бўлгач, Америкада қолишга қарор қилган. Ҳар нима бўлганда ҳам ўз номи ва карьерасига эга бўлди!

Сирли яширин йўлак

Ҳақиқатан ҳам, Оқ уй остида яширин йўлак бор. Деярли олти қават чуқурликда шарқий қанотда бункер жойлашган. Айтишларича, Овал хонадан ҳимояланган бункерга йўл мавжуд.

Шуниси маълумки, балки Перл-Ҳарбордан кейин президент Франклин Д. Рузвельт бомбадан сақланиш жойини барпо қилган. У ердан Ғазна биноси ертўласига кириш йўли бўлган. Хона президент учун махсус, у бетон қути кўринишида. Рузвельт уни умрида бир марта кўрган. Ўшандан бери АҚШнинг бир неча президенти ҳам уни кўздан кечирган, бироқ бу кўпроқ Америка буюк тарихига келтирилган ҳурмат бўлган.

Вентилияция тизимидаги узилишлар

1909 йилда президент Тафт кондиционер ўрнатишни жуда истаб, совутиш тизимига ўхшаш нарсани харид қилди. Бу тизим қуйидагича бўлган: улкан вентиляторлар Оқ уй томи остига (чердак) ўрнатилган, уларнинг ёнида махсус идишларда муз бўлган. Совуқ ҳаво ҳаво ўтказгич бўйлаб тушиб, уйни совутиши керак эди.

Назарияда жуда ишонарли, бироқ амалиётда умуман ишламаган. Ҳатто том ости ҳам совумаган. Керакли паст ҳароратни ушлаб туриш усули мавжуд бўлмагани учун бутун уй бўйлаб илиқ ва чанг ҳаво тарқалган. Бу эса тозаловчиларнинг норозилигига сабаб бўлган. Омадни қарангки, Тафт ўз вақтида «чекинди» ва ўзининг уйни совутиш тизимидан фойдаланишни бас қилди.

Илиқ сув келди...

АҚШнинг 36-президенти Линдон Жонсон
Фото: LiveInternet

Президент ювиниш хонаси душини илк марта кўрган президент Никсон ҳайратда қолди. Ундан аввалги президент Линдон Жонсон, бу душга нисбатан махсус талабларга эга бўлган. Жуда махсус...

Душни лойиҳалаштиришга масъул бўлган сув мутахассиси тизим устида беш йил иш олиб борган. Ҳа, беш йил. «Жонсон стандарти бўйича душ»га эга бўлиш учун.

Ёқимли иштаҳа!

АҚШнинг 43-биринчи хоними Мишель Обама Оқ уй ошхонасида

Оқ уй ошхонаси техникадаги сўнгги сўзлар бўйича жиҳозланган. У бир вақтнинг ўзида 140 нафар меҳмонга хизмат кўрсата олади. Ошхонада президент оиласи, Оқ уй ходимлари ва меҳмонларга хизмат кўрсатадиган 5 нафар бош ошпаз ишлайди.

Давлат зиёфатлари – давлат аҳамиятига молик иш, «парда» ортида бари қандай эканини кузатиш театр намойиши томошабини бўлишдек гап. Барчаси идеал даражада режалаштирилган.

Президент Жон Адамс ва унинг рафиқаси Абигейл мевалар боғини яратишган ҳамда у ерда шахсий маҳсулотлар етиштиришган. Президент Жексон иссиқхонага эга бўлган. У 1902 йилда ғарбий қанот учун жой бўшатиш мақсадида бузиб ташланган. Бир вақтлар Оқ уй боғида етиштирилган тропик мевалар ҳам бўлган.

Мишель Обама ҳозирда ҳам амалда бўлган катта ҳовлига асос солганди. Педиатр унинг фарзандларига кўпроқ сабзавот ва мева истеъмол қилишни тавсия этган. Давлатнинг асосий оиласи янги сабзавотларни тановул қилган ва ҳатто ҳосилнинг бир қисмини маҳаллий ошхонага шўрва учун берган! Оқ уйда шахсий асал етиштириш учун ҳам шароит мавжуд.

Меъморлар танлови

Фото: Википедия

Президент Жорж Вашингтон дастлаб Оқ уйни қуриши лозим бўлган меъмор Шарль Ланфан ишидан жуда норози бўлганди. Президент уни ҳайдаб юборгач, қароргоҳ қурилиши лойиҳаси учун танлов эълон қилган.

Бу фавқулодда иқтидор эгаси  бўлган дизайнерлар томонидан катта эътиборга сабаб бўлди. Тўққиз лойиҳа қизиқиш билан ўрганилган, улар замонавий архитектуранинг ғаройиб намуналари эди. Бироқ битта лойиҳагина танлов ғолиби бўлиши керак эди. Айтганча, Томас Жефферсон ҳам танлов иштирокчиларидан бири бўлган. У ўз чизмаларини ҳақиқий исмини кўрсатмаган ҳолда тақдим этганди.

Якунда ирландиялик Жеймс Ҳобан ғолиб бўлиб, собиқ меъмор Ланфаннинг ўрнига Оқ уйни қурди.

Жефферсоннинг аноним чизмаси ғолибликни қўлга киритмаган бўлсада, кўпчиликни ҳайратга солди: у жуда иқтидорли одам эди, унинг архитектурага бўлган қизиқишини Монтичеллодаги ўзининг қароргоҳи мисолида ҳам билиш мумкин.

Уй қуриш қанчага тушади?

Фуқаролик уруши тугагунига қадар Пенсильвания Авеню АҚШдаги энг катта ҳисобланган. Унинг қурилиш ишлари 1792 йилда бошланган. Президент Жон Адамс ва унинг рафиқаси Эбигейл 1800 йилда унга кўчиб киришган. Ўша вақтда уларнинг уйи 232 372 долларга баҳоланган!

Агар бугун Оқ уй савдога қўйилганида, мустақил экспертлар баҳосига кўра, унинг қиймати 320 миллион долларга тенг бўларди. Унча ҳайрон қоларли эмас, шундай эмасми? Айниқса, ундаги барча қулайликлар ҳисобга олинса: кинотеатр, стоматология хонаси, боулинг, ҳовуз, теннис корти ва албатта, 16та ётоқхона ҳамда 35та ванна хоналари.

Оқ уй – ўз-ўзини таъминлай оладиган шаҳар. Орзуингиздаги барча қулайликларга эга ҳашаматли уй!

Тўйлар муборак!

Оқ уйнинг Пуштиранг боғида Триша Никсоннинг никоҳ маросими

Қизиқ, Оқ уйда тўй қилганлар ҳам бўлганми?

Ҳа. 1820 йилда Мария Монро ўз амакиваччаси Самуэль Гувернерга Оқ уйнинг Шарқий залида турмушга чиқди. 1828 йилда Мэри Ҳеллен Жон Адамснинг уч ўғлидан кенжаси билан турмуш қурди. Тўғри, бу жуда кутилмаганда юз берди, чунки Мэри катта ўғилга унаштирилган, ўртанчаси билан узоқ вақт давомида яқин мулоқотда бўлган, ва ниҳоят, Жон II га турмушга чиққан! Балки оилавий тушликлар бир неча йил давомида ноқулай бўлгандир...

1886 йилда Гровер Кливленд Оқ уйда уйланган ягона президентга айланди. 49 ёшли Кливленд 21 ёшли Фрэнсис Фолсом билан турмуш қурди.

1906 йилда баллар маликаси бўлган Элис Рузвельт Николас Лонгвортга турмушга чиққан. Бу 1000 нафар меҳмон ташриф буюрган катта тўй бўлган. 1971 йилда Триша Никсон (суратдаги) Оқ уйнинг Пуштиранг боғида Эдвард Коксга турмушга чиқади. Унинг тўйи телевиденияда бутун дунёга трансляция қилинганди...

Албатта, амалда бўлган вақтида уйланган президентлар ҳам бўлган, бироқ улар буни Оқ уйда нишонлашмаган.

Ёруғликка нима етсин!

1891 йилда Оқ уйда электр тизими ўрнатилди. Президент Бенжамин Ҳариссон ва унинг рафиқаси Кэролайн бу кашфиётдан шу қадар қўрқишгандики, ўзлари чироқни ёқишмаган. Бу вазифани хизматчилар бажарган.

Президент Линдон Жонсон «Жонсон чироқ» лақабини олган. У хонада одамлар ишлаётган вақтда ҳам ҳамма жойда ёруғликни ўчириб қўйган. У буни жуда оддий изоҳларди: у солиқ тўловчиларнинг бир доллар пулини ҳам ортиқча сарфлашни истамасди. 1979 йилда президент Картер ғарбий қанотда қуёш батареялари панелларини ўрнатган.

Улар у қадар самарали бўлмаган. 1989 йилда президент Рейган томда ишлаётганида қуёш батареялари олиб ташланган... 2003 йилда илк қуёш электр панели президент Жорж Буш раҳбарлиги остида ўрнатилган. У катта харажат талаб қилгани учун бутун қароргоҳ бўйлаб ўрнатилмаган. Фақатгина 2014 йилдагина Обама даврида бутун Оқ уй бўйлаб қуёш батареялари панеллари ўрнатилган.

1926 йилда президент Кулиж биринчи музлатгични ўрнатган. 1933 йилда Оқ уйнинг турар-жой хоналари совутила бошланди. 1993 йилда президент Клинтон деразаларни энергия тежовчи ромларга алмаштирди.

Уйнинг илк «эгалари»

АҚШнинг илк президенти Жорж Вашингтон
Фото: 24СМИ

АҚШ президенти Жорж Вашингтон Оқ уйда яшаган илк одам бўлишга улгурмади. Бу мақом Дон ва Эбигейл Адамсга насиб қилди. Вашингтон қароргоҳнинг лойиҳаларини кўришга муваффақ бўлди, бироқ у президентда ижобий таассурот уйғотмади. У бу ҳудуд етарли бўлмайди, деган фикрда эди.

Унинг даврида қурилган Оқ уй 1814 йилда ёниб кетди (бу 1812 йилдаги урушда содир бўлди). У янги «эгалари» келгунига қадар 1817 йилда қайта тикланди. Президент Монро янги тикланган қароргоҳга кўчиб келганида одамлар ёнган деворлар фақатгина бўялган деб ҳисоблашган.

Дарҳақиқат, ташқи деворлар, айниқса ёнғиндан зарар кўрган дераза атрофларига оқ бўёқ суртилган, бироқ ички тарафи нолдан қайта тикланган. 1901 йилда Тедди Рузвельт қароргоҳга «Оқ уй» номини берди.

Хизматимиз хавфли ва оғир

АҚШнинг 43-президенти Барак Обама қўриқчилар даврасида

Оқ уй энг яхши хавфсизлик тизими билан жиҳозлангани барчага маълум. Уни қандай қўриқлашларига оид кўплаб деталлар маълум эмас, бироқ баъзи фактлар бор: ер остидаги олти қаватли бункер (шарқий қанот остида), 147та ўқ ўтмас деразалар ва президент кўчага чиққанида ҳар сафар Оқ уй томида снайпер ва махсус қўриқчилар пайдо бўлади.

Айтишларича, Оқ уй ҳаво ҳужумини қайтариш имкониятига эга, чунки унда ракетага қарши ҳимоя, кун давомида томда жойлашган бир гуруҳ снайперлар ҳамда ғарбий қанот олдидаги йўлакда навбатчилик қиладиган тўрт нафардан кам бўлмаган махсус хизмат агентлари бор.

Бу чоралар МакКинли ўлимидан кейин жорий этилган. Махсус хизмат тўлиқ ставкада президент ҳимояси масъулиятини ўз зиммасига олган.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ