Ортиқча вазнга эгасиз, бунинг устига 30 ёшдасиз. Нима қилиш керак?

Саломатлик 11-09-2018

30 ёшлик даврингизда ёш ва соғломсиз, ортиқча вазн фақат эстетик қониқмаслик ва кийим-кечак харидида баъзи қийинчиликларни туғдиради. 10 йилдан кейин сизни нима кутаётгани ҳақида ўйламайсиз. Соатлаб диванда ётиб, телевизор кўрасиз ёки компьютер қаршисида ўтирасиз ва ўзингизни ҳар қандай завқ-шавқдан чеклагингиз келмайди.

Фото: GLOBAL LOOK press / REX Shutterstock

Олимларнинг ортиқча вазн қандайдир касалликлар ривожи хавфини ошириши ҳақидаги статистикасига эса жиддий эътибор бермайсиз. Сизнинг наздингизда бу бошқа бир одамларнинг тарихи, сиз эса барчасини назоратда ушлайсиз! Бу орада эса йил сайин ва ҳар бир ортиқча килограмм билан бу касалликлар ривожи хавфи ошиб бораверади.

Эҳтимол, келажакка бир назар ташлаб кўриш керакдир? Шундай қилиб, агар сиз 30 ёшли (5 ёш катта ёки кичик) "бақалоқ" бўлсангиз, у ҳолда...

35 ЁШ

Фото: GLOBAL LOOK press / REX Shutterstock

Плюс 5 кг. Сиз гамбургерлар ва Coca-Cola билан озиқланишда давом этаверасиз. Нима учун вақти-вақти билан бошингиз оғрий бошлагани, оз масофани босиб ўтишда ҳам кўз олдингиз қоронғулашаётгани ёки бошингиз айланаётгани, баъзан ўзингизни беҳол ҳис қилишингиз, ҳаяжонланганда юзингиз қизариб, қизиб кетишингизга мутлақо эътибор бермайсиз. Қон босимингизни ўлчаганингизда эса  140/80 ва эҳтимол ундан юқори кўрсаткичга кўзингиз тушади (бу ёшда эса меъёр - 120/80).

Сиз шифокорга борасиз ва у сизга қон босимини туширадиган дори воситасини ёзиб беради. Шу билан бирга, у ортиқча вазндан халос бўлишни ва жисмоний тарбия билан шуғулланишни тавсия қилади. Дориларни мунтазам эмас, асосан ўзингизни ёмон ҳис қила бошлаганингизда қабул қиласиз. "Жисмоний машқларингиз" эса яқин орадаги дўконга чиқиб келиш билан чекланишда давом этади.

40 ЁШ

Фото: GLOBAL LOOK press / REX Shutterstock

Яна плюс 10 кг. Чидаб бўлмас бош оғриқ туфайли биринчи тез ёрдам чақириғи. Биринчи гипертоник инқироз — бу 180 мм'дан юқори тонометр кўрсаткичи. Сизни маҳаллий шифохонанинг қабулхонасига олиб кириб, қон босимини пасайтирувчи укол қилишади, бир неча соат назоратда ушлаб, кейин шифохонага ётишдан воз кечишга доир хат ёздириб, уйга жўнатишади.

Уйда қимирлашга ҳолингиз келмай, уч кун ётасиз. Ўзингизга тонометр сотиб оласиз ва тез-тез қон босимингизни ўлчай бошлайсиз. Энди қон босимингиз камдан-кам ҳолатларда 140/90 кўрсаткичидан пастлайди. Дориларни ҳар куни ичишга ўтасиз. Қонда холестерин ва қанд миқдорининг ошиши аниқланади. Шифокор сизнинг олма шаклидаги қоматингизни (айниқса қорин ва сон соҳасида ортиқча ёғларнинг тўпланиши) кўриб, юрак-қон томир касалликлари, атеросклероз, юрак хуружи, инсульт ва бошқа касалликларнинг юқори хавфидан огоҳлантиради. Парҳез белгиланади, унга тахминан илк икки ҳафта риоя қилинади. Кейин сиз ўзингизни яхши ҳис қила бошлайсиз, такрорий инқироз қўрқуви ўтади, сиз ўзингизга келиб, аввалгидек яшашда давом этасиз. Сиз — ўзингизни ишонтиришга устасиз, бироқ ҳаёт тарзини ўзгартиришга эмас. Бироқ бироз вақт ўтгач зинадан юқорига кўтарилишингиз тобора қийинлашиб бораётганини сезасиз. Тиззаларингиз оғрийди, учинчи қаватга чиққанингизда нафасингиз қисиб, юрагингиз тез ура бошлайди. Интернетда артроз, остеохондроз ва ишемик юрак касаллиги ҳақидаги маълумотларни ўқийсиз.

Нимадир қилиш, чора кўриш кераклиги ҳақидаги фикрга кела бошлайсиз.

50 ЁШ

Фото: GLOBAL LOOK press / REX Shutterstock

Яна плюс 10 кг. Қон босими тобора юқорилаб, дорилар рўйхати эса ошиб боради. Қон босимини нормал кўрсаткичда сақлаш учун кунига 5-8 тадан турли препаратларни қабул қилишга тўғри келади. Юракка оғирлик туширмай пиёда сайр қилишлар камаяди. Тиззалар оғрийди, қўллар ёрдамисиз креслодан тура олмайсиз, эрталаблари эса тана ва тиззадаги оғриқлар кучаймаслиги ва бош бирдан айланмаслиги учун каравотдан туришингиз қийинлашади. Қондаги қанд миқдори юқори даражада қолади ва сизга иккинчи турдаги қандли диабет ташхиси қўйилади.

Шифокор ортиқча вазндан халос бўлишни қатъий тавсия қилади ва тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотлари рўйхатини беради. Биз яхши кўрган ширинликлар, пишириқлар, ёғли ва қовурилган таомлар, газланган ичимликлар кабилар энди тақиқ остида. Холестерин миқдорини пасайтирувчи препаратлар тайинланади. Тобора кўпроқ шифокорга навбат кутаётганингизни кўриш мумкин бўлади, тез ёрдам диспетчери эса овозингиздан таний бошлайди. Парҳезга риоя қила бошлайсиз, тўйиб овқатланмасликдан азият чекасиз, лекин вазн ташлаш тобора қийинлашиб бораверади.

Сиз мурожаат қилган фитнес-клуб шифокори шикоятларингизни тинглаб ва ташхисларингизни кўздан кечириб, яқин орадаги поликлиниканинг саломатлик гуруҳи машқларига қатнашни тавсия қилади. Ортопед учинчи даражали артрозга йўлиққан тизза бўғинларини протезларга алмаштиришни таклиф қилади. Невролог мунтазам равишда олиниши керак бўлган капельницаларни ҳамда янги шикоятлар ва бош мия томирларидаги холестеринлар сабаб яна 2-3 хил препаратларни белгилайди. Кийим алмаштириш, носки кийиш, ёғ қатламлари йиғилган соҳага ишлов бериш учун яқинлар ёрдамига мурожаат қилишга тўғри келади (чунки қорин халақит беради).

Табиийки, аёл учун пошнали пойабзал унутилганига анча бўлган ва борган сари ҳатто унча узоқ бўлмаган жойларни сайр қилиш учун ҳам ҳассани олишга тўғри келади.

60 ЁШ

Фото: GLOBAL LOOK press / REX Shutterstock

Миокард инфаркти. Холестерин миқдорининг ошиши туфайли юракни тўйинтирувчи қон томирлардан бири тўсилиб қолади. Кўкрак қафасидаги чидаб бўлмас оғриқ, тез ёрдам машинаси, жонлантириш бўлими ёки операция столи. Узоқ даволаниш муолажалари, ногиронлик. Сайр асосан фақат поликлиникага. Давомли бош оғриқлари, нафас қисиши, бош айланиши, товондаги оғриқлар ва қизиш, қандли диабет сабаб яраларнинг пайдо бўлиши. Таблеткалар овқатгача, овқатдан кейин ва овқат ўрнига қабул қилинади.

Шифокор ташхис қўяди: обструктив апноэ. Баъзан нафас олмаслик вақти тунига бир неча соатни ташкил қилиши мумкин! Тез-тез уйғониб кетиш, кислород етишмаслиги, кундуз куни уйқу келиши, хотира ва диққатнинг ёмонлашуви - буларнинг бари пиквикс синдроми бўлган кишининг кундалик реаллигига айланади. Қарши кўрсатмалар сабаб бўғин алмаштиришга доир режали операция бекор қилинади. Сизга тиззага махсус препаратларни йўллашни таклиф қилишади. Оғриқ ўтади, лекин бу узоққа чўзилмайди. Ярим йилдан кейин яна муолажани такрорлашга тўғри келади. Кўп марталаб шифохонада ётиш, маҳаллий шифокорни чақиртириш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

70 ЁШ

Фото: GLOBAL LOOK press / REX Shutterstock

Бу ерда 30 ёшли йигит ё қизнинг келажаги кўрилмайди ҳам. У ҳойнаҳой йўқ.

Сиз йўқсиз. Ўртача ўлим ёшидан бир неча ўн йилга фарқ қилувчи замонавий дунёда йўқсиз...

Бу энг даҳшатли сценарий эмас - барчаси бундан-да қўрқинчли ва тезроқ якун топиши мумкин. Ҳозирги реаллик билан алоқаси узилган озиқ-овқат саноати, камҳаракат ҳаёт тарзи ва жисмоний хатти-ҳаракатларнинг йўқлиги юқорида қайд этилган финални икки карра, баъзан эса ҳатто уч карра қисқартириши мумкин.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ