Ўз айбига иқрор бўлиш - бошқа бир инсоннинг кўзига қараб самимий узр сўраш осонми?

Психология 23-01-2017

Брандей университетининг халқаро бизнес-мактабидаги ташкилий хулқ ўқитувчиси, «Global Dexterity: How to Adapt Your Behavior across Cultures without Losing Yourself in the Process» китоби муаллифи Энди Молински узр сўраш мавзусида ажойиб мақола ёзди. Harvard Business Review нашри ушбу мақола билан бўлишди.

Болаликда мен севган телешоу - "Бахтли кунлар", севимли қаҳрамоним эса - Артур Герберт Фонзарелли (Фонз) - классик "қойилмақом йигит" бўлган. У газировкали автоматдан биргина ҳаракат орқали бепул ичимликка эга бўларди. Мусиқий автоматдаги қўшиқни биргина бармоқни ҳаракати орқали ўзгартира оларди.

У ҳамма нарсага қодирдек туюларди... бир нарсадан ташқари. У ноҳақлигини тан ололмасди. У дудуқлана бошлар, муштини тугарди ва керакли сўзни талаффуз қила олмайдигандек кўринарди. Сериалда бу эпизод жуда кулгили кўринади, лекин инсон реал ҳаётда узр сўрашни билмаса, бу ҳақиқий зиддиятга олиб келиши мумкин, айниқса ишда.

Ўз айбига иқрор бўлиш - бошқа бир инсоннинг кўзига қараб самимий узр сўраш - осон эмас. Бироқ иш жойида муаммоларни бартараф этиш учун узр сўраш қобилияти - зарур сифатлардан бири. Узр сўрар эканмиз, бу инсон билан муносабатлар ва унинг фикри - биз учун қадрли эканини билдирган бўламиз.

Шундай бўлса-да, бу мавзуга қўл уриб, узр сўрашнинг жуда қийинлигини англаб етдим. Кузатсам, кўпчилик чин дилдан узр сўрамайди ёки умуман сўрамайди. Шу боис муносабатларнинг дарз кетишига имкон яратиб беради. Шуни ёдда тутган ҳолда, узр сўрашнинг тўрт нотўғри усулини кўриб чиқамиз. Эҳтимол, сизнинг шахсий тажрибангизда ҳам бундай ҳолатлар учрагандир.

1. Қуруқ узр. "Узр сўрайман. Айтдим-ку, мени кечиринг". Қуруқ узр сўраш - бу кечирим сўрашнинг ҳеч қандай мазмунга эга бўлмаган шакли. Сиз узр сўрашга мажбур эканлигингизни биласиз, лекин шу қадар жаҳлингиз чиққанки, ўзингиздан ҳақиқий туйғуни сиқиб чиқара олмайсиз. Шу боис ҳеч қандай тушунтиришларсиз шунчаки расмий узр сўраб қўя қоласиз. Узрингиз йўналтирилган инсонга ҳам бу кундек аён.

2. Ҳаддан зиёд кўп сўзли узр. "Мени афв этинг! Ўзимни шу қадар ноқулай ҳис қиляпманки. Афсусдаман. Вазиятни қандай тўғирлашим мумкин? Ўзимни ҳеч қачон бундай ноқулай ҳис қилмагандим...". Назарий жиҳатдан қараганда узрларингиз хатони тўғирлаб, муносабатларни тиклашга йўналтирилган. Бироқ қайта-қайта узр сўраш билан нафақат мақсадингизга эриша олмайсиз, балки аксинча унинг тескариси бўлиши мумкин - қилган хатоингизга эмас, ўзингизга керагидан ортиқ эътибор қаратасиз.

Узрингизни қабул қилаётган томон учун бундай усул турлича қабул қилиниши мумкин. Бир вариант - вазиятга мос келмайдиган даражада кўп ҳиссиёт берасиз. Кун тартиби нусхасини мажлис олдидан тарқатишни унутдингиз, дейлик, энди эса сал қолса, тиз чўкиб узр сўрашга тайёрсиз. Яна бир вариант - бир қилмиш учун қайта-қайта узр сўраш. Бундай хатти-ҳаракатларингиз билан бошқа одамни "ҳаммаси жойида" дейишга мажбур қилаётган бўласиз. Ҳар икки ҳолатда ҳам диққат марказида - ўзингиз! Аслида эса асосий эътибор хафа қилган инсонингизга қаратилиши керак.

3. Чала узр сўраш. "Бундай бўлганидан афсусдаман". Баъзан сизнинг сўзларингиз керакли мақсадгача етиб боради, лекин охиригача эмас. Афсусни тўғри ифодалаш масаласини ўрганувчиларнинг фикрича, узр сўраш уч асосий компонентдан иборат: вазият ёки воқеадаги айбни тан олиш, кечириш ҳақида сўраш, бу бошқа қайтарилмаслигига ваъда бериш. Чала узр сўраш буларнинг ҳаммасини қамраб олмайди. Масалан, сиз вазият учун жавобгарликни қисман ўз бўйнингизга олишингиз мумкин, лекин бу борада афсусланишингизни ифодаламайсиз ёки узр сўрамайсиз. Ёки бошқа киши қолган вазият борасида афсусда эканлигингизни билдирдингиз, лекин унда ўзингизни иштирокингизни тан олмадингиз (Масалан, "Ўзингизни бундай ҳис қилаётганингиз таассуфдаман"). Ҳар қайси ҳолатда ҳам узрларингиз тўлиқ эмас ва унинг самараси ҳам шунга мувофиқ бўлади.

4. Инкор қилиш. "Бунда менинг айбим йўқ - бас". Баъзан сизнинг "мен"ингиз устун келади ёки шунчаки кечирим сўрашни истамайсиз. Эҳтимол, сизни ғазаб шу қадар қамраб оладики, узр сўрашнинг ўрнига ҳимояланиш позициясини тутасиз ёки барчасини инкор қила бошлайсиз. Ўз айбига иқрор бўлиш жуда қийин, баъзилар умр бўйи буни ўргана олишмайди. Бироқ сизнинг инкор этувчи позициянгиз қанчалик кучли бўлмасин, охир-оқибат у дарз кетган муносабатларни тикламайди, аксинча, вазиятни янада мураккаблаштиради.

Тўғри узр сўраш учун сиз ўз ҳис-туйғуларингизни назорат қилишни ўрганишингиз керак, зарурат туғилса, ўзингизни бошқа одамнинг ўрнига қўйиб кўриб, вазиятга кўникишингизга тўғри келади. Сизни турли ҳиссиётлар қамраб олган вақтда бу осон бўлмайди, албатта. Ҳис-туйғуларингизни назорат қила олмаслигингизни сезсангиз, яхшиси танаффус олинг. Тўғри узр сўраш учун биргина имкон бор, шунинг учун ундан муносиб фойдаланинг.

Ўзингизни қўлга ололмаётган бўлсангиз, вазиятга бошқа одамнинг кўзлари билан қарашга ҳаракат қилиб кўринг. Уни тушунишга урининг ва бу, эҳтимол, охир-оқибат сизга чин дилдан узр сўрашга ёрдам берар. Бундай хатти-ҳаракатлар сизга нима учун кераклигини унутмаслик муҳим: чунки сиз у инсонга ва у билан ўртангиздаги муносабатларга бефарқ эмассиз.

Узр сўраш одатда сиз томонингиздан ўзгаришга бўлган ваъдани талаб қилади. Агар бўлган воқеадан ҳақиқатда афсусда бўлсангиз, у ҳолда қулайлик зонасидан чиқиб, ўз устингизда ишлашингизга, такомиллашингизга тўғри келади. Агар сиз ўз қўл остингиздагиларни керакли ресурслар билан таъминламаган бўлсангиз, вазиятни тўғирлаш учун аниқ қарорлар қабул қилинг. Бу сиз учун устувор вазифага айлансин. Шундай қилингки, янги амалингиз сизнинг кундалик жадвалингизнинг бир қисмига айлансин. Ҳатто кўпчилик олдида ўзгаришга ваъда беришингиз ҳам мумкин. Шу тариқа узр сўраш нафақат муносабатларни тиклайди, балки сизнинг шахс сифатида ўсишингизда қудратли кучга эга бўлади.

Мақола бошида тилга олинган қаҳрамонимиз Фонза фильм охиригача "кечиринг" дейишни ўргана олмади - бироқ сиз буни уддалай оласиз! Кенг тарқалган хатолардан холи бўлинг, "мен"ингизни бир чеккага суринг  ва сўнгги мақсадни ёддан чиқарманг: ижобий муносабат қуриш ва уни қўллаб-қувватлаш. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ