Патрик Драхи ўз миллиардларини қандай ишлаб топди?

Миллиардерлар 23-01-2015

“Барчасини кабелдан бошланг”, деб бошланади миллиардер Патрик Драхининг шиори. Бир қарашда оддий гапдек кўринган бу иборада, маълум бир маъно яширин деб айта олмаймизу, аммо унинг шу гапларни айтишига етарлича асослари бор. “Altice” компаниясининг асосчиси ўз империясини дастлаб Европадаги оддий кабель ишлаб чиқариш орқасидан йўлга қўйганди. Ана шундан сўнг, ишлар жўнашиб кетди. Бугунга келиб компания 25 млрд. евро миқдорида пул айлантиради.

У 1963 йилда Марокашда жойлашган Касабланка шаҳридаги математиклар оиласида таваллуд топди. Франциядаги энг яхши муҳандислик олий ўқув юрти “Ecole Polytechnique”да таҳсил олди. Вақтида ушбу таълим даргоҳида бир қатор физик олимлар ва шу жумладан, “Citroën” ҳамда “Schlumberger” компаниялари асосчилари таҳсил олишган. Лекин Драхи улардан фарқли равишда бошқа йўлдан борди.

“The Wall Street Journal” нашрининг хабар беришича, 20 ёшли Драхи ёзги таътили тугагач, “SNCF” (французларнинг темир йўл оператори)даги бошлиғи олдига кириб, “Мен бу ерда ишлашни истамайман, ўзимнинг мустақил ишимни бошламоқчиман”, дейди ва у ерни тарк этади. Бу ҳақда “TDF Group” телекомпанияси бош деректори ҳамда Драхининг синфдош дўсти Оливье Харт шундай дейди: “Патрик нимани айтса шуни қиларди. Сўзининг устида чиқишида унга ҳеч нарса тўсиқ бўлолмасди”.

Лекин хамма иш ҳам инсон ўйлагандек силлиқ кетавермайди. Бу ҳолат Патрикнинг ишида ҳам кузатилди. Дипломини қўлга олгач, бир неча йиллар мобайнида “Philips” компаниясида ишлади. 90-йилларнинг бошларида Америка кабель магнати Жон Мэлоундан илҳомланиб, Франция жанубидаги кабель операторларини сотиб ола бошлади. Ана ундан сўнг ўз акцияларини Мэлоунга тегишли “UPC” компаниясига сотди ва унинг аъзосига айланди. У компаниянинг Женевадаги бўлимида фаолият олиб борди ва бир вақтнинг ўзида кичик кабель операторларини сотиб ола бошлади. 2001 йилда ўзининг “Altice” компаниясига асос солди ва Франция, Бельгия ва Люксембургдаги кичик кабель операторларини сотиб ола бошлади. 

Вақт ўтган сари ўз фаолият доирасини кенгайтирди ҳамда Францияда амалга ошира олмаган айрим ишларини Исроилда қила бошлади. Тадбиркор у ердаги “Hot” кабель компаниясини сотиб олди ҳамда маҳалли кабель операторларини компания атрофида бирлаштирди.

Тель-Авивь ва Женевада уйлари бор Патрикнинг хаёлидан, Франция мобиль бозорини эгаллаш ғояси кетмаган эди. 2012 йилда француз медиагиганти “Vivendi”нинг ҳузурига унинг “SFR” мобиль бизнесини сотиб олиш таклифи билан келди. “Vivendi” раҳбарияти уни ишончсизлик билан кўтиб олди. Патрикда етарли маблағ йўқлигига ишонч ҳосил қилган директорлар кенгаши раҳбари Жан-Рене Фурту унга қониқарсиз жавоб қайтаради. Бу ҳақда ишончли манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” нашри хабар беради. Драхи чекинади, лекин бу мағлубият эмасди. 2013 йилнинг ноябрида “Numericable” фонд бозорида қатнашади ва 652 млн. евром миқдоридаги суммани қўлга киритади. 2014 йилнинг январида Амстердам биржасидан 1,3 млрд. евро маблағ ишлаб олади. Орадан икки йил ўтиб, у яна “Vivendi”га ташриф буюрди. Бу сафар уни жиддий қабул қилишди ва унга “SFR”ни сотишди.

“Vivendi” компаниясининг директорлар кенгаши аъзоси Анри Лашман Драхини “ўз ўлжасини қўлга киритмагунча тинчимайдиган йирқич”, деб атайди. “Ўйлайманки, сўнгги ойларда биз бир неча кимсаларни ҳайратга солдик”, – дейди Драхи. – Энди бизни жиддий қабул қилишади”. 

У буларнинг барига осонликча эришгани йўқ. Тинимсиз ҳаракатлар, мақсаднинг аниқлиги уни шу даражага олиб келди. Франция президенти билан учрашганда, у мамлакат матбуотини янада ривожлантириш борасидаги фикрларини айтиб ўтди. У айтдими, демак бажаради. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ