Қайси давлатлар оҳанрабодай барчани ўзига тортади?

Саёҳат 24-11-2018

Яқинда эълон қилинган рейтингга кўра яшаш учун энг қулай давлатлар рўйхатидаги дастлабки ўринларни Сингапур ва Янги Зеландия эгаллади. Хўш, бу давлатларнинг муваффақият сири нимада?

Биз энг кўзга кўринган 10 жиҳатни ўрганиб чиқдик.

Сингапур

1. Сингапур тўғрисида гап кетганда, кўпчилик бу давлатми, шаҳарми ёки пойтахтми, деб ўйлайди. Сингапур бу оролда жойлашган ҳам давлат, ҳам пойтахт, ҳам шу номдаги шаҳардир. Бу митти давлат майдони 715 кв. км.ни ташкил қилади. Асосий шаҳар бир оролда жойлашгани ҳолда яна 63та кичик ороллар ҳам шу давлат таркибига киради ва уларнинг аксариятида одам яшамайди.

Фото: Скриншот

2. Давлат номи «синга» – шер, «пур» – шаҳар сўзлари қўшилувидан келиб чиққан. Ҳозир ҳам давлатнинг энг оммабоп рамзи танаси балиқ, боши шер кўринишида бўлган афсонавий жонзот (Мерлион) ҳайкали ҳисобланади.

3. Бу митти мамлакатда 4,5 миллион киши яшайди. Аҳолининг асосий қисмини – хитойликлар (78 фоиз), малайлар (14 фоиз), ҳиндлар (7 фоиз) ва қисман европалик ва дунёнинг бошқа ҳудудларидан келганлар ташкил этади. 2018 йил сўровномаси натижаларига кўра, Сингапур экспатлар учун энг яхши мамлакат сифатида тўртинчи бор эътироф этилган. Аҳоли зичлиги бўйича иккинчи ўринда бўлиб, яна икки карлик давлат – Монако ва Ватикан орасида жойлашган.

4. Сингапурда юридик шахсни рўйхатга олиш ва бизнес очиш ўн дақиқадан ортиқ вақт талаб қилмайди. Тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, Россия президенти Дмитрий Медведев 2009 йилда Сингапурга ташриф буюрганида тизимнинг ишлашини текшириб кўриш учун интернет орқали фирмани рўйхатдан ўтказган ва ҳайратда қолган. Орадан бир йил ўтиб бу давлат солиқ идораларидан йиллик солиқ тўлаш ҳақида мактуб келган. Чунки фирмани ёпиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.

5. Сингапурда 100 000 (юз минг!) нафардан кўпроқ миллионерлар бор ва улар асосан махсус ва ўта қиммат квартал — Keppel Bay кварталида яшашади. Миллардерлар сони ҳам анчагина. Сингапурлик оддий ишчининг ўртача даромади йилига 35 минг доллар атрофида. Давлат Нью-Йорк, Лондон сингари дунё молиявий марказларидан бири ҳисобланади. Осиёда эса фақат Ҳонгконггина у билан беллаша олади.

Марина Бей соҳили
Фото: National Geographic

6. Сингапурда ўртача умр кўрсаткичи 80 ёшни ташкил қилади ва бу борада ҳам мамлакат етакчилар қаторида туради. Бунга асосан денгиз маҳсулотлари истеъмол қилиниши ва соғлом турмуш тарзи орқали эришилган. Тошлоқ ўлка бўлса-да, одам меҳнати билан Сингапур ҳудудининг деярли ярми кўкаламзорлаштирилган. Шу билан бирга, бу ҳудудда умуман табиий бойликлар йўқ. Ҳатто ичимлик суви ҳам Малайзиядан импорт қилинади.

7. Бу митти давлат ўзининг улкан жарималари билан ном қозонган. Тақиқланган жойда чекиш, туфлаш, машинадан чиқит ташлаш каби арзимас туюладиган қоидабузарликлар учун ҳам минг доллар атрофида жарима тўлаш ёки полиция томонидан калтакланиш мумкин. Ҳа, кулманг. Бу давлатда ҳамон жазолаш усули сифатида дарра билан савалаш сақланиб қолган.

8. Автомобиллар ҳосил қиладиган тирбандликларга қарши курашиш мақсадида бир неча усуллар қўлланилади. Жамоат транспорти жуда ривожланган. Автомобиль харид қилиш ҳуқуқини сотиб олиш учун баъзан йиллаб кутиш керак ва бу анчагина маблағ туради. Тахминан 50 минг долларга 10 йил давомида автомобиль бошқариш ҳуқуқини сотиб олиш мумкин. Автомобилларнинг ўзи ҳам жуда қиммат.

9. Сингапур ҳақида гап кетганда унинг асосчиси сифатида кўрилувчи Ли Куан Ю ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. 1959 йилдан 1990 йилгача давлатни бошқарган Ли Куан Ю ҳаммага қарам бўлган ботқоқдаги бир оролни дунёнинг энг жозибадор давлатига айлантира олди ва «Сингапур мўъжизаси»ни яратди. Айниқса, унинг коррупцияга қарши курашдаги ютуқлари алоҳида эътироф этилади.

Сингапур «отаси» Ли Куан Ю (1923-2017)
Фото: The CEO Magazine

10. Сингапурга ташриф буюрмоқчи бўлганларга бу давлат ўз эшикларини 96 соат давомида очиб туради. Сингапурга кирган сайёҳ виза ёки бошқа рухсатномага эга бўлмаса, аввало қайтиш авиачиптасига эга бўлиши ва 4 сутка ичида давлатни тарк этиши шарт. Бу давлатнинг «Чанги» аэропорти йилига 36 миллион кишига хизмат кўрсатиши билан дунёда етакчилардан бири бўлса, митти давлатнинг улкан порти 1000дан ортиқ йирик кемаларни сиғдира олади.

Сингапур тушунарли, у ҳақда кўп эшитганмиз. Кўчиб ўтувчилар ва яшашни истовчилар учун энг жозибадор давлатлар рўйхатида Янги Зеландиянинг иккинчи ўринни эгаллашида қандай сир бор?

Янги Зеландия

1. «Узуклар ҳукмдори» фильмини эслайсиз албатта. Бу фильм Янги Зеландияда суратга олингани бежиз эмас. Бу ернинг табиати шу қадар жозибадор, ҳавоси шунчалар мусаффоки, ташриф буюрган одамнинг баҳри-дили очилади. Бунинг ўзига хос сабаблари бор – Янги Зеландия ҳудудига узоқ вақтгача одам оёғи етмаган. Фақат ўн учинчи асрга келибгина бу ўлкаларга маори қабиласи вакиллари доимий жойлашишган.

Фото: Скриншот

2. Янги Зеландияда коррупцияга бутунлай барҳам берилган. Бу борадаги рейтингда мамлакат фақат Даниядан ортда қолган. Безнес учун барча имкониятлар яратилган ва хусусий мулк тушунчаси муқаддас ҳисобланади. Бу орол давлат демократиянинг ўзига хос ўчоғи ҳисобланади. 1893 йилда айнан Янги Зеландияда илк бор сайловлар умумхалқ ҳуқуқи сифатида тан олинган.

3. Мамлакат расман Буюк Британия қироличаси томонидан бошқарилиши белгиланган. Лекин қиролича ҳудудий парламент қабул қилган қонунларни маъқуллайди холос. Шунингдек, давлатнинг энг юқори уч лавозимини аёллар эгаллаган илк давлат ҳам Янги Зеландиядир.

4. Янги Зеландия пойтахти Веллингтон шаҳри дунё пойтахтлари ичида энг жанубда жойлашган шаҳар ҳисобланади. Бу давлатда йилига ўрта ҳисобда 400 марта зилзила қайд этилади ва улар одатда улар безарар кечади.

Веллингтон шаҳри
Фото: flickr

5. Янги Зеландия аҳолисига 15 ёшдан автомобиль бошқариш ҳуқуқи берилади. Бу давлатда болалар уйлари йўқ, бола асраб олишни истовчилар йиллаб кутишларига тўғри келади. Жомалунгма чўққисини забт этган биринчи инсон Эдмунд Ҳиллари ҳам шу давлат фуқароси ҳисобланади.

6. Мамлакат ҳудудининг учдан бир қисми миллий боғлардан иборат. Уларга ташриф буюрувчилар пойабзалларини махсус ишлов бериш орқали тозалашлари лозим. Чунки бегона бактериялар табиатга зарар етказиши мумкин. Бу ҳудудда илонлар, йирик йиртқичлар ва заҳарли чивинлар яшамайди. Лекин кишига завқ берувчи ва безарар пингвинлар, турли-туман қушлар ҳамда дельфинлар жуда кўп.

7. Янги Зеландия аҳолисининг (4 млн 850 минг киши) ҳар бирига тахминан 10 бошдан қўй тўғри келади ва чорвачилик мамлакат иқтисодида муҳим ўрин тутади. Бу давлатнинг сариёғлари ва пишлоқлари Швейцария маҳсулотлари билан бемалол беллаша олади.

Фото: flickr

8. Айрим географик кузатувларга кўра, Янги Зеландия аҳолиси қуёшни ва тонг отишини биринчи кўриш имкониятига эга. Шунингдек, бундан 27 минг йил илгари отилган ва сўнгги юз минг йилликнинг энг кучли вулқони ҳисобланган вулқон лаваларидан ҳосил бўлган Таупо ороли сайёҳларнинг севимли маскани ҳисобланади.

9. Янги Зеландиянинг Окленд шаҳри яшаш учун энг қулай ва хавфсиз шаҳарлар орасида доим етакчилар қаторида бўлиб келади. Мамлакат пойтахти Веллингтон ҳам дунё пойтахтлари орасида энг жозибадор пойтахтлардан биридир.

10. 1987 йилдан буён мамлакат ўз ҳудудини ядродан холи деб эълон қилган. Мамлакатда атом электростанциялари фаолият юритмайди, бортида радиоактив моддалар мавжуд ёки атом реактори ёрдамида ҳаракатланувчи кемалар бу ҳудудга кириши мумкин эмас. Янги Зеландия яшил ва муқобил энергияни энг кўп қўлловчи давлатлардан бири ҳисобланади.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ