Қиличини қайраб қиш келмоқда... Қайси ҳудуд энг кўп азият чекади?

Жамият 28-11-2018

Совуқ тушиши билан ҳудудларда иситиш муаммолари бош кўтаради. Афсуски, сўнгги йилларда нисбатан яхшиланган таъминот барибир ҳали анча суст, одамлар совуқда қийналишмоқда. Хўш, республиканинг қайси ҳудудида табиий газ, электр энергияси етказиб бериш аҳволи оғир даражада? Республиканинг қайси вилояти ёки туманлари бошқалардан кўра кўпроқ қийналади?

Ҳудудлар аҳолисидан сўрасангиз, айнан улардаги вазият бошқалардан кўра оғирроқ эканини таъкидлашади. Яхшидан яхши бўлавергани сингари оғирдан ҳам оғирроқ бўлиши ҳам табиий.  Албатта, бу борада расмий статистика йўқ, бўлиши ҳам даргумон.

Қуйида ҳудудлар кузатувларга кўра турли ўринларга қўйиб чиқилган ва бу мутлақо тўғри деган фикрдан йироқмиз. Ўзига хос рейтинг «яхшидан ёмонга қараб» услубида тузилган.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси доимий аҳолиси сони 2018 йил 1 октябрь ҳолатига 33085,2 минг кишини ташкил этиб, йил бошига нисбатан 428,5 минг кишига ёки 1,3 фоизга ўсган.

Тошкент (аҳолиси 2,5 млн киши)

Пойтахтда бу борада муаммолар деярли йўқ. Тошкентда яшовчилар республиканинг бошқа ҳудудларида унут бўлиб улгурган иссиқ сув, марказий иситиш тизими, газ каби неъматлардан баҳра олиб яшамоқда. Бежизга қиш келиши билан ҳамма пойтахтга қараб шошилмайди, ижара уйлар баҳоси кўкка сапчимайди. Бошқа ҳудудлардаги бадавлат кишилар аллақачон Тошкентдан кўчмас мулк харид қилиб қўйишган ва уларнинг кўпчилиги қишни пойтахтда ўтказиб қайтишади. Маҳаллий аҳоли уларни ҳазиллашиб «Тошканбойлар» деб таърифлайди.

Тошкент вилоятининг (аҳолиси 2 млн 880 минг киши ) аксарият туманларида иссиқ сув бўлмаса-да, газ, электр энергияси таъминоти қониқарли даражада.

Навоий (аҳолиси 970 минг киши)

Чўл ҳудудидаги бу улкан вилоятнинг марказий шаҳри коммунал хизматлар, шароит бўйича пойтахтдан қолишмайди. Оғир саноат объектлари, қазилма бойликларга бой бу вилоятнинг оз сонли аҳолиси қишни қўрқмай қарши олади. Албатта, газ етиб бормаган ёки таъминоти узилган, электр энергиясида узилишлар кўп кузатиладиган чекка қишлоқлар ҳам бор. Аммо уларда яшовчи аҳоли сони жуда оз.

Фарғона (аҳолиси 3 млн 665 минг киши)

Вилоят маркази Фарғона шаҳрида коммунал тизим яхши сақланиб қолган. Газ, электр энергияси таъминоти яхши даражада. Қиш ойларида кўп қаватли уйларга иссиқ сув бериш имконияти ҳам мавжуд. Аммо аҳолиси зич бўлган туманларда бу борада аҳвол кўнгилдагидек эмас. Газ кўп қишлоқларда йўқ, қиш ойларида аҳоли қиммат нархларда кўмир ёки ўтин сотиб олишга мажбур. Одамлар мажбурликдан кўплаб дарахтларни кесиб ёқиб юборишмоқда.

Қашқадарё (аҳолиси 3 млн 100 минг киши)

Қарши шаҳрида сув таъминоти кўнгилдагидек бўлмасада, электр энергияси, газ етказиб бериш қониқарли даражада. Аммо кўплаб туманларда аҳвол анча мураккаб. Хусусан, чўл ҳудудлари ҳисобланган Миришкор, Чироқчи туманлари аҳолиси учун қиш ўта оғир фасл ҳисобланади. Чунки, дарахтлар аллақачон кесиб тугатилган, кўмирнинг баҳоси қиммат, баллонли газни кутиб яшаш қийин.

Шунингдек, аҳоли жуда зич Китоб, Шаҳрисабз туманларининг тоғли ҳудудларида аҳоли мажбурликдан тоғлардаги дарахтларни кесиб ёқиб жон сақламоқда. Бу эса ўз навбатида экология ва тоғлар манзарасига жиддий зарардир.

Самарқанд (аҳолиси 3 млн 775 минг киши)

Сўнгги йилларда Самарқанд шаҳрида газ, электр энергияси таъминоти нисбатан яхшиланди. Лекин катта ҳажмда қурилиш ишлари олиб борилиши, кўп қаватли уйларнинг жуда кўпи фойдаланишга топширилиши вазиятни тўла-тўкис яхшилаш имкониятини бермаяпти. Бу вилоятда ҳам қиш келиши билан туманлар аҳолиси Самарқанд шаҳридан ижарага уй қидиришни бошлашади.

Қўшработ, Паст Дарғом, Пайариқ каби туманларда қишлаш айниқса оғир кечади.

Хоразм (аҳолиси 1 млн 700 минг киши)

Вилоят маркази бўлган Урганч шаҳрида ҳарқалай газ ва электр энергияси таъминотига чидаса бўлади. Лекин шаҳар аҳолисининг сувларни сақлаш учун баклар ўрнатиши, қўлбола иситиш тизимларидан фойдаланиши оддий ҳолга айланган. Марказий иситиш тизими унут бўлиб улгурган. Қизиғи, кўплаб туманларда газ таъминоти ҳамон қисман бўлсада сақланиб қолган. Масалан, Боғот, Ҳазорасп туманларининг айрим ҳудудларидаги аҳоли ҳали ўтин, кўмирдан фойдаланишмайди.

Бухоро (аҳолиси 1 млн 800 минг киши)

Бу вилоят ҳудуди жиҳатдан иккинчи ўринда турса-да, аҳоли нисбатан сийрак. Бухоро шаҳрида газ таъминоти қониқарли даражада, аммо қишда электр таъминотида узилишлар кўп кузатилади. Бу шаҳарда ҳам қўлбола мосламаларни ҳар бир хонадонда учратиш мумкин.

Туманларда аҳвол бирмунча оғир. Чорвачилик билан шуғулланувчи ҳудудларда аҳоли таппи қилишда давом этмоқда. Баллонли газ таъминоти қишки эҳтиёжларни қоплай олмайди. Иқлими мураккаб, кескин совуқлар кузатилади.

Сурхондарё (аҳолиси 2,5 млн киши)

Термиз шаҳрининг аксарият ҳудудларида қишда ҳам газ таъминоти бор. Лекин Бойсун, Сариосиё, Шеробод каби туманларда қиш жуда муаммоли фасл ҳисобланади. Дарахтларни оммавий кесиш одат тусига кирган. Балонли газ таъминоти кўнгилдагидек эмас. Қишнинг изғиринида вилоятнинг жанубий қисмларида эсадиган афғон шамолидан паноҳ топиш учун аҳоли барча чораларни кўришга мажбур.

Таппи қилиш, ёзданоқ ўтин ғамини ейиш маҳаллий аҳолининг доимий ишидир.       

Андижон (аҳолиси 3 млн 50 минг киши)

Андижон шаҳрида сув таъминоти яхши йўлга қўйилган бўлса-да, газ босими шаҳарнинг кўплаб ҳудудларида қиш ойларида пасайиб кетади ёки узилади. Газ таъминотига кўра уйлар баҳоси ҳам кескин фарқланади. Аҳоли шаҳарнинг кўп қаватли уйларида ҳам қўлбола иситиш тизимларидан фойдаланади.

Туманларда аҳвол анча жиддий. Масалан, аҳолиси республика бўйича энг зич ҳисобланган Асака туманидаги кўплаб маҳаллаларда газ деган тушунча ўн йилларки унут бўлиб улгурди. Охирги йилларда ҳамиша яшил ҳудуд ҳисобланиб келинган вилоятдаги дарахтлар сони кескин қисқармоқда.

Наманган (аҳолиси 2 млн 700 минг киши)

Бу вилоятдаги вазият ҳам қўшни Андижондаги билан деярли бир хил. Совуқ тушиши билан туманлар аҳолиси Наманган шаҳрига қараб ошиқишади. Учқўрғон, Чуст каби туманлар аҳолисидан қиш ойларида энг кўп шикоятлар тушади.

Сирдарё (аҳолиси 825 минг киши)

Марказий шаҳар – Гулистонда газ таъминоти қониқарли. Лекин электр энергиясида узилишлар мунтазам кузатилади. Шаҳар узоқ йиллардан буён сув масаласидан ҳам азият чекиб келади. Марказий иситиш тизими адо бўлган, янги қурилган уйларда ҳатто кўзда тутилмаяпти ҳам.

Вилоятнинг Ховос, Сардоба каби туманларида кўпчилик қишлоқ аҳолиси учун қишдаги асосий нажот яна ўша ўтин ва таппилардир. Айниқса аҳоли зич бўлган, бир вақтлар намунали шаҳар ҳисобланган Янгиерда ҳам қишда коммунал муаммолар бўй кўрсатади.

Жиззах (аҳолиси 1 млн 300 минг киши)

Вилоят бундай муаммолар бўйича етакчилардан бири. Ҳатто вилоят маркази бўлган Жиззах шаҳрида газ, электр энергияси таъминотида қилинадиган ишлар кўп.

Туманлардаги аҳвол ачинарли даражада. Арнасой, Зарбдор каби туманларнинг чекка ҳудудларида аҳоли газ нималигини унутиб улгурган. Бир вақтлар намунали тарзда бетондан тикланган уйлардан иборат посёлкалардаги дов-дарахтлар кесилиб кетган. Қишнинг изғиринида аҳоли жон сақлаш учун ҳар қандай воситалардан фойдаланади.

Қорақалпоғистон республикаси (аҳолиси 1 млн 850 минг киши)

Ўзбекистон таркибига кирувчи Қорақалпоғистон республикаси маркази Нукус шаҳрида газ таъминоти қониқарли, электр энергиясидаги узилишлар ҳам бошқа ҳудудлардан айтарли фарқ қилмайди. Аммо улкан ҳудудга сочилиб кетган оз сонли аҳолининг қишдаги ҳаёти ҳақиқий синовлардан иборат.

Устюрт томонлардан эсган изғиринда, қуруқ совуқ таъсирида одамлар ҳар қандай иситиш усулини қўллашга мажбурлар. Чўллардаги саксовуллар аёвсиз кесилмоқда, дарахтлар ўтин қилиб сотилмоқда, ўша ибтидоий таппи ҳамон кўпчиликка қўл келмоқда.

Маълумот учун: «Росатом» корпорацияси томонидан Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган биринчи атом электр станцияси 2028 йилда ишга туширилади.

Яна маълумот учун: 2017 йилнинг мос даврига таққослаганда, тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш маҳсулотлари орасида кўмир ҳамда нефть қазиб олиш 2018 йилнинг 8 ой якунига кўра пасайган. 2017 йилда 2664,8 минг тонна кўмир қазиб олинган бўлса, жорий йилда бу маҳсулотни 2392,9 минг тонна қазиб олишга эришилган. Шу билан бирга нефть қазиб олиш ҳажмининг 9,9 фоизга камайганини кузатиш мумкин.

Яна маълумот учун: Ўзбекистон жорий йилнинг биринчи ярмида 1,1 миллиард АҚШ доллари ҳажмида табиий газ экспорт қилган.

Аброр Зоҳидов



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ