Қутуриш касаллигидан қандай эҳтиёт бўлиш мумкин?

Саломатлик 1-12-2018

Табиатда турли касалликлар, турли дардлар бор. Уларнинг баъзиси юқумли, инсон ўлимига олиб келса, айримларини даволаш мумкин. Бироқ, қутуриш-барча иссиқ қонли ҳайвонларда ва одамларда учрайдиган бедаво ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланади.

Хўш, бундай ўта хавфли қандай юқиши мумкин?

Ушбу касаллик одамларга асосан қутурган итлар ва мушукларнинг, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг (бўри, чиябўри, тулки ва бошқалар) тишлаши (тирнаши, сўлаклаши) натижасида ҳайвонларнинг сўлаги орқали одамларга юқади, чунки касалликни қўзғатувчи вирус қутурган ҳайвонлар сўлагида бўлади.

Фото: liveinternet.ru

Ўзбекистонда одам учун касалликнинг етакчи манбаи – итлар ҳисобланади. Касаллик ҳайвонлардан ҳайвонларга ва ҳайвонлардан одамларга юқади. Эътиборли жиҳати, қутуриш одамдан одамга ва одамлардан ҳайвонларга юқмайди. Қутурган итда касаллик аломатлари рўёбга чиқишидан 10 кун олдин, яъни касаллик яширин даврининг охирги 10 кунида ҳамда касаллик бошланганидан токи ўлгунга қадар юқумли ҳисобланади.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунгача қутуриш касаллигининг даволаш усуллари ишлаб чиқилмаган бўлиб, энг даҳшатлиси қутуриш касаллиги жуда оғир кечиб, касаллик 100 фоиз ўлим билан тугайди, яъни қийноқли ва даҳшатли ўлим қайд этилади.

Бу тўғрида машҳур рус олими Данило Самойлович қуйидагича фикр билдирган: “Инсоният дунёга келибдики, қанчадан-қанча касалликларни бошидан кечирган ва кўрган, аммо қутуриш касаллигига мубтало бўлган бемор аҳволини кўришдан ортиқ қўрқинчли ва даҳшатлироқ ҳолат бўлмаса керак!”.

Шунингдек, рус ёзувчиси Антон Чехов қутуриш касаллигига дучор бўлган набирасини кузатиб, уни жуда қийналиб жон берганини кўргач, “Бир ҳафтача ўзимга келолмадим, телбанома бўлиб юрдим, шундан кейин, дунёдаги барча итлардан ҳам, итбоқарлардан ҳам кўнглим қолиб кетди”, - деган сўзларни ўз эсдаликларида ёзиб қолдирган.

Тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ўзининг “Тиб қонунлари” асарида сувдан қўрқа бошлагач бирорта ҳам беморни даволаш йўли билан ўлимдан олиб қолиб бўлмаслигини таъкидлаган. Бу касалликда бошқа юқумли касалликларда кузатилмайдиган сувдан қўрқиш, ҳаводан қўрқиш каби аломатлар кузатилади ва бемор жуда қийналиб вафот этади. Ўтмишда бу касалликка “сувдан қўрқиш”, яъни “гидрофобия” деб бежиз ном берилмаган. Ҳақиқатдан ҳам қутуриш билан ҳайвон касалланадими ёки одам касалланадими, якуни аниқ-даҳшатли ўлим.

Шу боис касалликни даволашни эмас, балки уни олдини олишни ўйлаш керак. Қутуриш касаллигининг олдини олиш билан нафақат ветеринария ва тиббиёт соҳаси ходимлари, балки барча, ҳар бир киши шуғулланиши лозим. Хусусан, қутуриш касаллигининг олдини олишда, ҳайвонларни, айниқса итларни сақлаш қоидаларига риоя қилиш, одамларда қутуриш касаллигининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Минг афсус билан таъкидлаш жоизки, аксарият фуқаролар ит сақлаш қоидаларига риоя қилмайди, итларни ўз вақтида ветеринария кўригидан ўтказиб, қутуриш касаллигига қарши эмлатмайди. Итлар тишлашидан жабр тортаётганларнинг 80 фоизидан кўпроғи айнан эгали итларга тўғри келаётганлиги ҳам фуқароларнинг ит сақлаш қоидаларига риоя қилмаётганликларидан далолат беради.

Баъзи фуқаролар уйларидаги ити касал бўлса ёки уни боқа олмаса, ё бўлмаса бирор кишини тишласа, итларини кўчага ҳайдаш, яшаб турган жойидан узоқроқ жойга итни адаштириб келиш билан чекланади. Шундан кейин бу итлар қаровсиз, дайди итларга айланиб қолади. Бу дайди итлар эса қутуриш касаллигининг асосий манбаи сифатида атрофдагиларга жуда катта хавф туғдиради.

Статистика маълумотларига кўра, “тишланиш”ларнинг 50 фоиздан ортиғи болаларга ва ўсмирларга тўғри келади. Ота-оналар болаларни итлар билан, айниқса кўчадаги дайди, қаровсиз итлар билан ўйнашларига, уларни уйга олиб келишларига зинҳор йўл қўймасликлари керак, зеро эътиборсизлик ва лоқайдсизлик сўнгги пушаймонга айланмасин!

Фото: Twitter /vaccinatieweek

Кўчадаги қаровсиз, дайди итлар одамлар учун қутуриш касаллигининг асосий манбаи эканлигини унутмаслик керак. Ит вақти-бемаҳал ҳуриб, кишиларни безовта қилади. Бўшалиб кетган итлар эса, кишиларни қопиб олиши, турли жароҳатларга, касалликларга ва ҳатто қутуриш касаллигига чалинишига сабаб бўлиши мумкин. Ит баъзида одамлар учун “ажал” қуролига айланиб қолиши мумкинлигини ёддан чиқармаслик даркор.

Ит одамни тишлаганида инсон нафақат жисмоний, моддий ва маънавий зарар кўради, балки бу ўлим билан тугайдиган қутуриш касаллигининг юқиш хавфини пайдо қилади.

Шу ўринда савол туғилади: бедаво қутуриш касаллигидан сақланиш учун нималар қилиш керак?

Жавоб оддий, ҳар бир фуқаро қутуриш касаллигининг олдини олиш бўйича қуйидаги “Олтин қоидалар” га амал қилиши кифоя:

-  ит сақлаш қоидаларига  мунтазам амал қилиш;

- итларни ҳудудий ветеринария бўлимларида ўз вақтида ҳисобга қўйиб, қутуришга қарши эмлатиш;

-  эгасиз, дайди итлар пайдо бўлишига йўл қўймаслик;

- ҳар бир инсон умрининг охиригача эсидан чиқармаслиги зарур бўлган асосий қоида бу - имкони борича ит ва бошқа ҳайвонлар тишлашидан сақланиш чораларини кўриш, борди-ю бирор бир ҳайвон тишласа, зудлик билан тиббий ёрдамга мурожаат этиш ҳамда қутуриш касаллигига қарши эмлатиш.

Юқорида зикр этилган тавсияларга амал қилинган тақдирдагина, сиз даҳшатли ўта хавфли юқумли касаллик ҳисобланган қутуришдан ўзингизни асраган бўласиз.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ