Саёҳатни хуш кўрувчилар учун эртакмонанд меҳмонхоналар

Саёҳат 3-04-2017

Сўнгги вақтларда мижозлар учун кураш шунчалик авж олмоқдаки, сиз қирол ёки малика каби саёҳат қилишингиз учун подшоҳ оиласининг аъзоси бўлишингиз шарт эмас. Ҳамёнда пулингиз етарли бўлса кифоя, сиз ўзингизни эртаклар оламига тушиб қолгандек ҳис қилишингиз мумкин бўлади. Дунёнинг турли бурчакларида барпо этилган ғаройиб ва ҳашаматли меҳмонхоналар сизга ажойиб ҳиссиётларни тақдим этиш учун хизматингизга шай. 

Қуйида ҳаётингиздаги романтик саёҳатларни ўтказиш имконини берувчи меҳмонхоналар 15талигини тақдим этамиз. 

Ashford Castle – Ирландиянинг 13-асрга доир мазкур саройи 75 млн долларлик қайта таъмирлашдан сўнг, янада жозибадор кўриниш касб этди. У ерда бир кеча тунаш учун атиги 488 долларнинг баҳридан ўтсангиз, бас. Ходимлар сизнинг барча инжиқликларингизни муҳайё қилишга шай. 

Hôtel de la Cité –жанубий Франциянинг UNESCO Жаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудуди ва ўрта асрларда барпо этилган Carcassonne шаҳри оралиғида жойлашган ягона меҳмонхона ҳисобланади. 1909 йилда барпо этилган бинодаги 59та хона икки бинога тақсимланган. Бу ерда бир кеча тунаш камида 225 доллар туради, холос. 

Castello di Monterone – тан олиш керак, Италияда қасрсифат барпо қилинган меҳмонхоналар жуда кўп. Аммо, 11-асрга оид Castello di Monterone энг чиройли ва дабдабалиларидан биридир. Перуджиа водийсига қараб турувчи меҳмонхонада 20дан ортиқ атиргуллардан иборат боғ барпо қилинган. Бундан ташқари, турк ҳаммоми хизматга шай. Меҳмонхонада бир кеча меҳмон бўлиш 108 доллардан бошланади. 

Leeds Castle – 1119 йили Англияда барпо этилган бу қаср нафақат ўрта асрларга хослиги, балки кўплаб қироллар, хусусан қирол Ҳенри VIII ва унинг рафиқаси арагониялик Екатерина истиқомат қилгани билан ҳам донғи кетган. Бугунги кунда, 500 акрлик ҳудуддаги сарой асосий сайёҳлик мажмуаларидан бири бўлиб, у ерда тунаш имконияти ҳам мавжуд. Бевосита қаср хонасида қолишни истаганлар 180 доллар, ҳовлидаги чайлага 123 доллар тўлаш кифоя қилади. 

Neemrana Fort-Palace – Ҳиндистоннинг Ражастхонида 1464 йилда барпо этилган Neemrana Fort-Palace саройи ташқи кўриниши жиҳатидан ҳам бориб кўришга арзийди. Бир кеча тунаш 221 доллардан бошланади. 

Castello di Pavone – Италиянинг яна бир жозибадор, чўққига қурилган қасри ҳисобланади. 9-асрга хос деворлар Castello di Pavone қасрини янада дабдабали кўрсатади. Бир кечага 135 доллардан ҳақ белгиланган.

Parador de Oropesa – Испаниянинг Sierra de Gredos остоналарида барпо этилган қаср бўлиб, у қадимги саройларда барпо этилган меҳмонхоналар жуда қиммат, деган фикрни чиппакка чиқаради. 14-асрга оид қасрда бир кеча тунаш 75 долларга айланади.

Австриянинг Schloss Leopoldskron қасрида "The Sound of Music"( Мусиқа оҳанги) суратга олинган. 18 асрга тегишли рококо услубидаги қаср хоналари 138 доллардан бошланади. 

Culzean Castle – Шотландиянинг ғарбий соҳилларида ушбу сарой-меҳмонхонада жозибадорроғини топиш мушкул. 1792 йилда қурилган қасрда бир кечалик тунаш учун ҳеч бўлмаганда 465 долларнинг баҳридан ўтиш керак бўлади. 

Chateau Herálec – Чехия Республикасининг 13 асрда барпо этилган тарихий-меъморчилик ёдгорлиги ҳисобланади. Хоналарининг нархи 205 доллардан бошланади. 

Romantik Parkhotel Wasserburg Anholt – Германиянинг 12 асрда қурилган қасри асал ойи ва никоҳ тўйларини ўтказиш учун жуда ҳам қулайдир. Шу билан бирга, унда тунаш у қадар қиммат эмас. Хона нархлари 191 доллардан бошланади. 

The Castle Hotel, A Luxury Collection Hotel – таъкидлаш жоизки, бу қасрлар узоқ тарихга эга эмас. Улар 2014 йилда Хитойда барпо қилинган. Аммо, у ерда дам олиш сизга шоҳона ҳаёт ҳиссини туҳфа этишига кафолат берамиз. Хонаси учун бир кечага камида 135 доллар тўлаш етарли. 

Hever Castle – Англия қироли Ҳенри VIII нинг иккинчи рафиқаси Анна Болейн истиқомат қилган ва 13-асрга тегишли қаср Англиядаги энг бой тарихга эга обидаларидан биридир. Бу ерда бир кеча тунаш 130 доллардан бошланади.

Parador de Cardona – бу қаср ҳам Испаниянинг ўрта асрларга доир ҳашамдор саройларидан биридир. У эрамизнинг 800-йилларида барпо этилган бўлиб, сизнинг ўша даврга ҳиссий саёҳат қилишингизга ёрдам беради. Барселона шаҳридан бир соатлик автомобиль йўли узоқликдаги қасрда бир кеча камида 118 доллар туради. 

The Castle Hotel & Spa – ва ниҳоят АҚШда барпо этилган ва Манҳэттен шаҳридан атиги 48 км узоқликда жойлашган The Castle Hotel & Spa 2013 йилда таъмирдан чиққан. Tarrytown  шаҳарчасидаги бир асрлик қаср Hudson дарёси узра ажойиб манзарани томоша қилиш имконини беради. Бунинг учун сиз бир кеча 319 долларнинг баҳридан ўтсангиз кифоя. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ