Сингапур ажойиботлари

Саёҳат 19-03-2015

XABARDOR.UZ - Сингапур бир пайтнинг ўзида ҳам орол, ҳам давлат, ҳам пойтахтдир. У бутун дунёга зиддиятлар ва тақиқлар шаҳри сифатида донг таратган. Осмонўпар бинолар, этник даҳалар, яшил боғлар, савдо марказлари, казинолар ва ибодатхоналар – буларнинг бари ёнма-ён жойлашган. Бу ерда турли ирқ ва миллатга мансуб одамларни, ҳар қандай маҳсулотлар, турфа ошхоналарни, ранг-баранг меъморчилик объектларини учратиш мумкин. Сайёҳлар Сингапурни маъқул кўриши ҳам бежизга эмас.

1. Сингапур соҳили.

Марина Бей соҳили шаҳарнинг энг машҳур жойларидан биридир. Меъморлар ишбилармонлар даҳасини, дам олиш зонасини, ботаника боғини, музейни, очиқ осмон остидаги кўргазма галереясини, савдо марказларини шаҳарнинг битта бурчагида жамлашнинг уддасидан чиқишган.

2. “Марина Бей Сэндс” меҳмонхонаси

“Марина Бей Сэндс” шунчаки меҳмонхона бўлмай, унинг атрофидаги иншоотлар билан биргаликда ягона курорт зонасини ташкил этади. Бу зона устида кема образи жойлаштирилган учта 55 қаватли осмонўпар иншооти, иккита улкан театр биноси, фан ва санъат музейи, яхмалак, казино ва магазинлар ягона мажмуадан иборат. Асосийси – меҳмонхонанинг 57-қаватида жойлашган ҳовуз. Бир қарашда унинг деворлари йўқдай, лекин сузувчилар пастга қуламаслигига кафолат берилади.

3. Бойлик фаввораси

Дунёдаги энг катта фавворалардан бири. Фавворанинг марказий ҳалқаси бронзадан қуйилган. Маҳаллий иримга кўра, ички фавворани уч марта айланган одамнинг барча тилаклари амалга ошади.

4. “Кўрфаз боғлари” футуристик парки

Мажмуанинг диққатга сазовор жойи йирик ўлчамдаги 18 сунъий дарахтдан иборат дизайнерлик ўрмонидир. Баландлиги 42 метрга тенг икки дарахт бир-бири билан осма кўприк орқали боғланган. Кечки пайтда металл дарахтлар жозибали мусиқа садолари остида турфа рангларга бўяла бошлайди.

5. Мерлайон

Мерлайон арслон бошли ва балиқ танали афсонавий ҳайвон бўлиб, унинг ҳайкали аллақачон шаҳар рамзига айланиб улгурган. Бунинг сабаби – шаҳарнинг номи санскритча синга “арслон” ва пура “шаҳар” сўзларидан келиб чиққан. Мерлайон ҳайкалининг оғзидан отилиб чиқадиган фаввора олдида туристлар суратга тушишни хуш кўришади.

6. Сингапур ботаника боғи

Сингапур оролининг табиати ниҳоятда бой ва ранг-барангдир. Шаҳардаги ботаника боғи яратувчилари мана шу табиат бойликларини бир жойда тўплашга ҳаракат қилишган. Ботаника боғи тропик ўрмон манзараларини, салқин хиёбонлар, йўлкалар ва чашмаларни акс эттиради. Пальмалар водийси, Занжабил боғи, Оққушлар кўли, Орхидеялар парки – булар Сингапур ботаника боғининг таркибий қисмлари.

7. Сингапур ҳайвонот боғи

Сингапур боғини шу турдаги муассасалар ичида фарқлаб турадиган ўзига хос жиҳат унинг очиқлигидир. Яъни у ерда ҳайвонлар панжара ортида, қафаслар ичида эмас. Уларнинг ўрнини сув тўла хандақлар, дарахт таналари, зовурлар босади. Сунъий тўсиқларнинг йўқлиги туфайли жониворлар табиий феъл-атворларини намоён этади. Бу ерда ҳатто маймунлар билан бирга овқатланиш ёки жирафани овқатлантириш мумкин. Туристларга ҳайвонот боғида кечки пайт сайр қилиш тавсия қилинади.

8. “Журонг” қушлар боғи

Ҳайвонот боғида бўлгани каби, “Журонг”да ҳам қушлар эркинликда яшайди. Қушлар махсус майдончаларда эркин учиб юрадилар. Табиатшунослар қушларнинг ҳар бир тури учун улар яшаб ўрганган табиий муҳит шароитини яратиб беришга интилади. Бу ерда ҳатто тропикларда истиқомат қилишга мослашган Африка пингвинлари бор.

9. Дарахтлар ўртасидаги осма кўприк

“МакРитчи” боғидаги Tree Top Walk осма кўприги 250 метр узунликка эга, бўлиб, ердан 25 метр баландликда жойлашган. Кўприк устида туриб ёввойи чангалзорлар ҳаётини бамайлихотир кузатиш мумкин.

10. Universal Studios истироҳат боғи

Ушбу боғнинг концепцияси кино саноатининг машҳур намуналарига асосланган. У ерда Осиё қитъасидаги энг баланд “Америка тоғлари” аттракциони жойлашган.

11. “Денгиз ҳаёти” океанариуми

“Денгиз ҳаёти” дунёдаги энг йирик океанариумлардан бири ҳисобланади. Унинг сувларида 800 турдаги 100 000 денгиз ҳайвони истиқомат қилади. Мажмуанинг марказий аквариуми очиқ океан панорамасидан иборат бўлиб, томоша панорамасининг кенглиги 36 метрга, баландлиги 8.3 метрга тенг. Океанариумнинг йириклиги туфайли томошабинлар ўзини чинакамига океан тубида тургандай ҳис қилади.

12. Томоша чархпалаги

2014 йилнинг мартига қадар бу чархпалак, Сингапурнинг кўпгина бошқа меъморчилик объектлари сингари, жаҳон рекордини ўрнатиб турган эди, аммо эндиликда Лас-Вегасдаги чархпалак унинг натижасини янгилади. Шунга қарамай, чархпалак сайёҳлар орасида шуҳратини йўқотгани йўқ. Чархпалак устида бутун шаҳар кафтдай намоён бўлади. Бундан ташқари, чархпалакнинг VIP-кабиналари ҳам мавжуд бўлиб, уларда ўтирган мижозлар чархпалакда икки марта айланиши ҳамда бир соат давомида тўрт таомдан ва Singapore Sling коктейлидан иборат тушликдан бахраманд бўлиши мумкин.

13. Хитой, ҳинд ва араб маҳаллалари

Шаҳарнинг маданий ранг-баранглигини ҳис этиш учун этник маҳаллаларда меҳмон бўлиш керак. Булар сирасида хитойликлар истиқомат қиладиган Chinatown, малайлар яшайдиган Kampong Glam и Geylang Serai ҳамда Кичик Ҳиндистонни эслатиб ўтиш кифоя. Бу ердаги дўконлар, бозорлар, тамаддихоналар маҳаллий халқларнинг миллий урф-одатларини, ошхонасини, маиший турмуш тарзини акс эттиради.

14. Zouk Out фестивали

Zouk Out Жануби-Шарқий Осиёдаги энг катта рақс фестивали бўлиб, Сентоса оролида, 1 км масофага чўзилиб кетган гўзал Силосо пляжида ўтказилади. Унда иштирок этиш учун дунёнинг турли бурчакларидан раққослар ташриф буюради. Қум устида, денгиз мавжлари ва пальма япроқларининг шивирлаши садолари остида оёқяланг рақс тушиш кишига ўзгача лаззат бағишласа ажаб эмас.

15. Сингапур ҳаво йўллари

 

Сингапур ҳаво йўлларининг стюардессалари парижлик кутюрье Пьер Балмэйн томонидан ишлаб чиқилган этник услубдаги либосларга бурканган ҳолда мижозларга хизмат кўрсатишади. Бундан ташқари, “А-380” аэробусида дизайни француз меъмори Жан-Жак Кост томонидан ишлаб чиқилган VIP-хона бор. У ерда ҳаво Сингапур ҳаво йўллари мижозларини ўзларини араб шайхларидай ҳис қилишади.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ