Смартфон ёки егулик - қайси бири муҳим?

Гаджетлар 20-02-2017

2015 йилги Европа миграция инқирози тарихдаги энг йирик инқирозлардан бири бўлди. Ҳарбий низолар бўлаётган жойлардан келган қочқинларнинг аксарияти ОАВдаги суратларда смартфонлар билан тасвирланган. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кўпчилиги "қашшоқ" иммигрантларга бу қурилмаларнинг нима кераги борлигига қизиқишади. The Economist нашри қочқинларнинг қандай мақсадларда смартфонлардан фойдаланиши ва нима учун уларнинг егуликдан-да муҳимроқ эканига ойдинлик киритди.

 

Беқарор алоқа

Қочқинлар лагерида баъзан егулик хариди ҳамда смартфон орқали мулоқот қилиш ўртасида танлашга тўғри келади. Шуниси қизиқки, улар кўпинча смартфонларни афзал кўришади. Афғон миллатига мансуб 32 ёшли Ҳикматуллоҳ нашр билан суҳбатда ватанида қолган турмуш ўртоғи билан алоқани узиб қўймаслик учун кредитга мобил телефон олишга тўғри келгани ҳақида сўзлаб берди. Унинг сўзларига кўра, бу унинг ўзи, опаси, дўсти ва 5 нафар боласининг оч қолишига олиб келади.

БМТнинг қочқинлар агентлигида (UNHCR) бундай ҳикоялар Европа лагерларида оддий ҳол эканини тасдиқлашди. Уларнинг бир қисми (асосан Африка мамлакатларидаги қишлоқлар аҳолиси) яшаш жойида умуман тармоққа уланиш имконига эга эмас.

Бироқ мобил алоқа воситаси билан лагерга келиб тушган одамлар уяли алоқа хизматларининг қимматлиги билан тўқнаш келишади. Агентлик маълумотига кўра, қочқинлар даромадининг деярли учдан бири смартфонлар ёрдамида алоқани йўқотмасликка сарфланар экан. Таъкидлаш жоизки, 32 фоиз қочқин интернетга чиқиш имкони мавжуд бўлган смартфонларга эга.

Кўп лагерлар қочқинларга бепул Wi-Fi тақдим этишга ҳаракат қилишади, бироқ у ҳамма ерда ҳам барқарор ишламайди. Ҳикматуллоҳнинг таъкидлашича, унинг Греция шимолидаги лагерида симсиз тармоқ "камдан-кам" ишлайди. Франциянинг Дюнкерк шаҳри яқинидаги лагерда эса қочқинлар барқарор Wi-Fi излаб бир неча миль юришларига тўғри келади.

 

Нодавлат ташкилотларнинг маълум қилишича, Франция ҳукумати Дюнкерк яқинидаги лагерни доимий бўлмаслигини қайд этган (яқинда Ироқдан келган қочқинлар бошқа мамлакатларга жўнатилади), шунинг учун бу ерда интернетга уланиш имкони тақдим этилмаган.

Баъзи қочқинлар савдогарлар Буюк Британиядан олиб келадиган қимматбаҳо SIM-карталарни харид қилишади, чунки Францияда уларни паспортсиз сотиб олишнинг иложи йўқ. Кўпроқ омади келганлар қочқинларга телефон хариди учун махсус кредитларга эга бўлишади, баъзиларга эса хайрия фондлари томонидан шунчаки ҳадя қилинади.

 

Бутун дунё смартфонда

The Economist'да таъкидланишича, қочқинлар кўчиб ўтгач, "нейтрал ҳудуд"га тушиб қолишади. Янги муҳитдаги одамлар нима қилишни ва кимга ишонишни билишмайди. Бундай пайтларда смартфон "ягона нажот" бўлиб кўринади.

Аксарият одамлар смартфонлардан яқинлари билан алоқада бўлиш мақсадида фойдаланишади. Ҳарбий низолар бўлаётган жойлардан ҳамма ҳам оиласи билан чиқиб кета олмайди, шу боис смартфонлар яқинларининг ҳолидан хабар олиш мумкин бўлган ягона воситага айланади.

Суриялик Хала исмли қочқиннинг The Independent'га берган интервьюсига кўра, смартфон унинг "бутун борлиғи". Унинг айтишича, фақат шу йўл билан у Ҳалабда қолган эрини кўриши мумкин.

Бироқ смартфоннинг қочқинлар учун фойдаси фақат қариндошлар билан мулоқот билангина чекланиб қолмайди. Улар контрабандист-ташувчилар билан боғланиш ҳамда Европа маршрутлари тўғрисида маълумот олиш учун ҳам телефонлардан фойдаланишади. Нашрда таъкидланишича, кўчишнинг янги усуллари ҳақидаги гап-сўзлар ижтимоий тармоқлар орқали тез тарқалади ва шу тариқа қочқинлар кўпайиб боради. Қочқинларнинг Ўрта ер денгизини кечиб ўтишдаги ўлим кўрсаткичларини кузатувчи Моррис Штирль бундай коммуникацияни "рақамли метро"га тенглаштирди.

Ўрта ер денгизини қайиқда кесиб ўтаётган мигрантлар Италия қирғоқ муҳофазасига қўнғироқ қилиш учун пакетларга ўралган смартфонларидан фойдаланишган. Қочқинлардан бирининг Quartz нашрига билдиришича, уларнинг кемаси чўка бошлаган. У қўриқчиларга WhatsApp орқали ўзларининг GPS-маълумотларини етказган ва бу уларнинг ҳаётини сақлаб қолган.

Интернет орқали олинган хабар ва янгиликлар баъзи қочқинларнинг режаларини ўзгартириб юбориши мумкин. Грециянинг Лесбос оролида қўним топган сомалилик аёл бундан кейин қаерга ҳаракатланишни билиши учун смартфондан фойдаланади.  У дастлаб Норвегияга йўл олмоқчи эди, бироқ мамлакат қочқинларни қабул қилмаслигидан хабар топди.

Бироқ интернетдан мунтазам фойдаланиш дунёнинг қолган қисми дуч келаётган муаммоларга қочқинларнинг ҳам йўлиқишига олиб келишини кўрсатди. Энг катта хавфлардан бири фейк (сохта) янгиликларнинг тарқалиши.

 

Дунё ҳамжамияти ёрдами

Қочқинларга яқинлари билан алоқада бўлишга ёрдам беришга ҳаракат қилувчи бир неча ташкилот мавжуд. Швециянинг Refugee phones лойиҳаси фойдаланувчилардан эски смартфонларини йиғиб, уларни қочқинларга тарқатади. Шунингдек ташкилот эски SIM-карталарни ҳам қабул қилади. 2015 йилдан шведлар бу ишга бир неча компаниялар ва мобил операторларни жалб қилишди. Бундан ташқари, бир неча кўнгиллилар идорасини ишга туширишди.

The European Asylum Support ташкилоти Facebook'да илова ва саҳифа очди. Унда видео ва матнлар ёрдамида Европанинг баъзи мамлакатларидаги ҳаёт ҳақида ҳикоя қилинади. Таъкидлаш жоизки, уларда Швеция ва Германия кўрсатилмайди, ходимлар шу йўл билан қочқинларнинг эътиборини бошқа давлатларга қаратишга ҳаракат қилишади.

Google компанияси Ливия лагерларида компьютерни ўргатувчи ўқув синфлари қурилишига миллион доллар сарфлади. Баъзи мамлакатларда қочқинларга дастурлаш сабоқлари ўтилади.

2015 йилда Facebook асосчиси Марк Цукерберг БМТга қочқинлар лагерини интернетга кириш билан таъминлашга ваъда берди. Компания раҳбари бу ўз оила аъзолари билан алоқага кириша олмаётган қочқинлар учун муҳимлигини таъкидлади. Бироқ The Economist'да ёзилишича, лагерларда ҳали-ҳануз Wi-Fi билан боғлиқ муаммолар мавжуд.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ