Тананинг қариш жараёнидаги ўзгаришлар

Саломатлик 14-02-2017

Ёшимиз улуғлашган сайин танамиздаги турли ўзгаришларни сеза бошлаймиз, буни бир сўз билан "қариш жараёни" деб аташ мумкин. 30 ёшга бориб баъзиларда кўзойнак тақишга эҳтиёж туғилади, 40 ёшга келиб эса аввалги вазнни сақлаб қолиш борган сари қийинлашаётганини англаймиз, 50 ёшга бориб - болалар билан фаол ўйнай олмаётганимизни сеза бошлаймиз, 60 ёшга бориб эса - дастурхоннинг нариги томонида ўтирган кишининг бизга нима деётганини яхши эшита олмай қолишимиз мумкин. НВ Style Квинсленд марказий университети олими Лиза Хининг шу ҳақидаги мақоласи билан бўлишди.

Тананинг қаришига оид кўплаб назариялар мавжуд, лекин энг машҳурлари - иккита. Биринчи назарияга кўра, ҳаётнинг давомийлигини ДНК генлар орқали белгилайди. Иккинчи назарияга кўра, бизнинг организмимиз ҳамда ДНК вақт ўтган сайин сўлғинлашади ва бир кун келиб, ўз вазифаларини бажара олмай қолади, бошқача қилиб айтганда эскиради.

 

Мия қариши

Ёш ўтган сари мия ҳажми кичраяди. Бунинг турли изоҳлари бор. Улардан бири - ҳужайралар тузилмаси эскириши натижасида уларнинг ўлими. Баъзилар буни мияга келиб тушувчи қон ҳажмининг қисқариши идан изоҳлайди, бу қон томирларидаги ўзгаришларга боғлиқ. Умуман олганда, бу инсоннинг хотирасига таъсир кўрсатмайди, зеро мия бу ўзгаришлар ўрнини тўлдириш хусусиятига эга.

Сиз нейропластика ҳақида эшитган бўлсангиз керак. Бу миянинг янгиланиш жараёнини билдирувчи атама. Инсон янги тажриба ва янги билимга эга бўлганида асаб ҳужайралари ичида янги йўллар пайдо бўлади.

Ёш катталашган сари ақли заифликнинг ривожланиш хавфи ошади ва бунинг учун кўп сабаблар мавжуд. Шунга қарамай, ақли заифлик - бу нормал қариш жараёни эмас. Бу мияга зиён етказиш натижасидир. Кексалар бу касалликка кўпроқ учраши биргина сабаб билан изоҳланади: қанча кўп яшасак, шунча кўп жароҳат олиш ва бирор бир касаллик орттириш эҳтимоли юқори бўлади. Бу ақли заифликнинг асосий сабабларидир.

 

Мушак кучидаги ўзгаришлар

Улғайганимиз сари инсоннинг мушак тўқималари ҳажми ва кучи ҳам камаяди. Бир кунлик йўқотилган мушак массаси ўрнини тўлдириш учун кекса киши тахминан икки ҳафта давомида жисмоний машқлар бажаришига тўғри келади.

Инсон фаоллиги пасайса, мушак массаси янада кучли қисқариши мумкин. Бу нормал қариш жараёни доирасидан ташқарига чиқиш ҳисобланади.

 

Суяклар мустаҳкамлиги

Организм қариган сайин у таом истеъмолидан камроқ кальций ўзлаштира бошлайди, бу эса суяклар мустаҳкамлиги учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга. Гормонлардаги ўзгаришлар ҳам суяклар мустаҳкамлигига таъсир кўрсатади. Кекса кишилар қуёш остида камроқ вақт ўтказишади, натижада организмда D витамини етишмовчилиги сезилади. Бу эса, ўз навбатида, кальцийнинг сўрилишини камайтиради.

Катта ёшли инсонлар жисмоний машқлар билан шуғулланишлари муҳим. Бу нафақат мушак тонусини сақлашга ёрдам беради, балки суяк тўқималари мустаҳкамлигига ҳам таъсир кўрсатади, натижада кексаларда қулаш ва бирор бир аъзонинг синиш хавфи камаяди.

 

Сезги органларидаги ўзгаришлар

Қариш жараёнида юз берувчи ўзгаришлар кўриш, эшитиш, таъм билиш ва ҳид сезиш қобилиятларига ҳам таъсирини ўтказмай қолмайди. Одамлар кўпинча кўриш қобилияти пасайишини биринчи бўлиб сезишади.

Қариш жараёни доирасида кўз линзалари қаттиқлашади, кўздаги асаб ҳужайралари ва суюқлик миқдори камаяди. Бунинг натижасида яқин орадаги объектларга диққатни қаратиш, яхши ёритилмаган иншоотларда бирор нимани кўриш қийинлашади.

Баъзи инсонлар эса бу ёшда бесўнақайдек туюлиши мумкин, чунки улар предметлар орасидаги масофани тўғри баҳолашлари қийин бўлади. Кўпчилик нима учун доим қоқилиб юриши ёки ниманидир тўкиб юборишини тушунмайди, бунинг сабаби эса оддий - уларнинг кўриш қобилияти пасайган бўлади.

Эшитиш қобилиятининг ёмонлашуви юқори частотали товушларни қабул қилишдаги ўзгаришларда намоён бўлади. Сўзларни ажратиш қийинлашади. Бундай вазиятларда баланд овозда сўзлашиш ёрдам бермайди, яхшиси секинроқ ва тушунарлироқ гапиришга ҳаракат қилинг.

Таъм ва ҳид билиш қобилиятлари ҳам ёш ўтган сайин ёмонлашади. Бунга уларнинг ўткирлигига масъул ҳужайралар сонининг қисқариши сабаб бўлади, ҳужайраларни қайта тиклаш хусусияти  эса заифлашади. Натижада кексаларга таомлар аввалгидек мазали туюлмайди, улар камроқ овқат истеъмол қилишади. Бундан ташқари, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаблари ўзгариши мумкин. Масалан, ёшлигида шоколадни яхши кўрган инсон ёши ўтган сари аччиқ таомларни хуш кўра бошлайди.

Шундай қилиб, қариш жараёни учун нормал бўлган ҳолатлар бор, шу билан бирга нотўғри ҳаёт тарзи натижасида орттирилганлари ҳам мавжуд. Ёшлигимиздаги ҳаёт тарзимиз кексалик давримизни белгилаб бериши мумкин. Шундай экан, фаоллик йўлини танлаб, қариш жараёнига ижобий мослашинг.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ