Тирноқлар парваришида нималарга эътибор бериш лозим?

Саломатлик 26-12-2016

Қайчи шилинувчи тирноқлар муаммосини ҳал қила олмайди. Энг аввало уларнинг шилиниш сабабларини бартараф этиш ва қўлларни тўғри парвариш қилиш муҳим. "Лайфхакер" шу мавзудаги фойдали маълумотлари билан бўлишди. 

Тирноқлар нима учун шилинади?

Соғлиқдаги муаммолар

Тирноқ пластинаси жигар, буйраклар, ошқозон ости бези ёки ичаклардаги муаммолар туфайли заифлашиб, юмшаб кетиши мумкин. Шунингдек бунга антибиотикларни қабул қилиш, стресс, асабий зўриқиш ҳам сабаб бўлади.

 

Витамин ва минераллар етишмовчилиги

Узоқ қатъий парҳез ёки камтар рацион авитаминозга олиб келиши мумкин. У эса инсоннинг умумий ҳолати, тери, сочлар ва тирноқларига салбий таъсир кўрсатиши табиий. Витамин ва минералларни етарли миқдорда қабул қиляпсизми, текшириб кўринг:

Кальций. У яшил баргли сабзавотлар, сут маҳсулотлари, уруғлар, ёнғоқлар ва сояда мавжуд. 

Кремний. У мевалар, дуккаклилар, бутун донлар ва товуқ тухумида бўлади. 

Магний. Ерёнғоқ, ёнғоқ, исмалоқ ва ловия магнийга бой. 

Олтингугурт. У ҳайвон маҳсулотлари (мол гўшти, балиқ, парранда гўшти, тухум ва ҳ.к.) ва нўхатда кўп бўлади. 

Фосфор. Пишлоқ, творог, балиқ ва денгиз маҳсулотларида мавжуд. 

А, В1, В3, С, D, Е витаминлари. Кедр ёнғоқлари, қўзиқоринлар, наъматак, товуқ тухуми ва бодомда бу витаминлар кўп бўлади. 

Агар яқин орада рационингизни ўзгартириш ниятингиз бўлмаса, фойдали моддалар ўрнини тўлдириш учун поливитаминларни қабул қилишни бошланг.

 

Ёмон маникюр

Соғлом озиқланиш тартибига риоя қилиб ҳам тирноқларга жиддий зиён етказиш мумкин, бунга маникюр асбобларининг сифатсизлиги сабаб бўлиши мумкин. Узоқ вақт давомида сунъий усулда ўстирилган тирноқлар ёки гель-лакдан фойдаланиш ҳам тирноқ пластинасига зарар етказиши табиий. 

 

Ҳаддан ташқари озодалик

Агар мунтазам равишда уйларни тозалашни хуш кўрсангиз, қўлқоп кийишни унутманг. Агрессив тозалаш воситалари ва ҳаттоки идиш ювишга мўлжалланган оддий гель қўлларингизга жиддий зиён етказиши мумкин: қўлларни - қуруқ, тирноқларни эса - хира, заиф ва синувчан қилади. 

 

Тирноқлар шилинмаслиги учун нима қилиш керак?

Саломатлигингизни назоратга олинг

Заиф ва синувчан тирноқлар турли касалликларни келтириб чиқариши мумкинлиги учун ҳам шифокорга кўриниш  мақсадга мувофиқдир. Агар соғлиғингизда муаммолар йўқлигига ишончингиз комил бўлса, умумий тавсияларга риоя қилинг:

Тўйиб ухланг. Инсон ўзини тўлиқ тиклаши учун тунда 7-9 соат хотиржам ухлаши керак.

Ором олинг. Камроқ стресс, кўпроқ хурсандчилик - бу ўзингизни яхши ҳис қилиш ва саломатликнинг гарови. 

Кун тартибига риоя қилинг. Уйқу ва оромдан ташқари, мунтазам спорт билан шуғулланиш ва тоза ҳавода сайр қилишни одат қилинг. 

Рационингизни бойитинг. Табиий маҳсулотлар қанча кўп бўлса, тирноқларингиз шунча мустаҳкам бўлади. Айниқса, кальций истеъмоли муҳим роль ўйнайди. 

 

Маникюрни тўғри қилинг

Маникюрни фақат синалган мутахассисларда қилдириш керак. Агар бу вазифани ҳам ўзингиз уддаласангиз, асбобларни тоза сақлаш зарурлигини унутманг. Шунингдек тирноқлардаги лакни ўчиришда таркибида ацетон бўлмаган суюқликларни танланг.

Сунъий усулда ўстирилган тирноқлар ва гель-лакдан 4-6 ҳафта давомида кетма-кет фойдаланмаган маъқул. Тирноқ пластинасини тиклаш учун орада 1-2 ҳафталик танаффус қилишни унутманг. 

Тирноқларга ранг беришдан аввал махсус асос-лакдан фойдаланинг. 

Тирноқларни текислашда керамик ёки шиша пилкаларни қўлланг.

Кўчувчи тирноқларни авайланг

Тирноқ чети кўчишни бошласа, ўша ерини олиб ташлаб, қайтадан ўстириш керак. Тирноқ соғлом бўлиши учун эса уни озиқлантириш, намлантириш, мустаҳкамлаш ва қон таъминотини яхшилаш зарурлиги ёдингизда бўлсин. 

 

Озиқлантириш

Тирноқларни етарлича озуқа моддалари билан таъминлаш лозим. Бунинг учун ҳар куни тирноғингизга турли ёғ ва шарбатлар суртинг. Уйқу олдидан зайтун, кунгабоқар, хантал, кокос ёки бошқа ўсимлик мойини суртишни унутманг. Кундузи эса қўлларингизга 10-20 дақиқага клюква, смородина каби резавор мевалар шарбатларини суртинг. 

 

Намлантириш

Кўчувчи ва шилинувчи тирноқларга махсус ванналар қилиш фойда беради. Даволаш пайтида тирноқларни бир ҳафтада 5-6 марта ванна қилиш керак. Умуман олганда эса, бир ойда 3-4 муолажа қилсангиз, етарли. 

Бундай ванналар кун якунида дам олиш учун ажойиб сабаб ҳамдир. Бирор бир фильмни қўйинг-да, қулай ўрнашиб ўтириб олинг, олдингизга гиёҳли суюқлик тўлдирилган идишни қўйиб, тирноқларингизни унга солинг ва бироз дам олинг. 

Тузли ванна. Бир ош қошиқ тузни 200 мл илиқ сувда эритинг ва унда тирноқларингизни 15-20 дақиқа ушлаб туринг. Шундан кейин қўлларингизни чайиб, ҳеч бўлмаганда бир соатча уларни сувга урманг. 

Гиёҳли ванна. Бир чой қошиқ игнабарг ёки аптека ромашкасига бир стакан қайноқ сув солинг. Аралашма хона ҳароратидек бўлиши учун 10-15 дақиқа кутинг ва унга 20-30 дақиқага қўлларингизни солинг. Бундай димламани бир ҳафта музлатгичда сақлаш мумкин, қўллашдан аввал бироз илитиш кифоя. 

Желатинли ванна. Ярим ош қошиқ желатинни 250 мл қайноқ сувда эритинг ва аралашмани тиндиришга қўйинг. Тирноқлар бу аралашмада 10-15 дақиқа ушлаб турилади. 

Лимонли ванна. 100 мл истаган ўсимлик мойингизни қулай ҳароратга келтириб илитинг. Унга яримта лимон шарбати ва бир ампула А витаминини қўшинг. Бундан ваннада тирноқларингизни 20-25 дақиқа ушлаб туринг, шундан сўнг тирноқлар ва унинг атрофидаги терини енгил уқаланг. 

Чойли ванна. Ярим стакан аччиқ кўк чойга икки ош қошиқ ўсимлик мойи қўшасиз. Бундай аралашмага тирноқларни 10-15 дақиқага соласиз. 

 

Қон таъминотини яхшилаш

Совуқ ҳавода бармоқ учи тез-тез музлайди ва натижада тирноқ пластинасининг қон билан таъминланиши  бузилади. Ҳатто қиш мавсумида ҳам тирноқларингиз мукаммал бўлиши учун оддий тавсияларга амал қилинг:

Нафақат оёқлар, балки қўлларни ҳам иссиқ тутинг. Қўлқоплар қўл терингизни эрта қаришдан, тирноқларингизни эса синишдан асрайди. 

 

Қўлларингизни фақат илиқ сувда ювинг!

Ойда бир марта "ёндирувчи" компресс қилинг. Бунинг учун ярим чой қошиқ қизил мурчни худди шунча миқдордаги қўл креми ёки ўсимлик мойи билан аралаштирилади. Ҳосил бўлган қуюқ массани қулай иссиқ ҳароратгача қизитиб, 15-20 дақиқага тирноқларга сурилади. Вақт бўлгач, қўлларингизни совун билан яхшилаб ювиб ташланг. Тирноқларга аралашма суртилган пайтда эҳтиёт бўлинг, уларни зинҳор кўзга яқинлаштира кўрманг!

 

Мустаҳкамлаш

Тирноқларни оддий компонентлар ёрдамида мустаҳкамлаш керак:

Лимон суви. У тирноқ пластинасини нафақат оқартиради, балки уни мустаҳкамлайди ҳам. Лимон сувини кунига 1-2 марта тирноқларингизга суртинг.

Туз. Қўлларингизни сувда чайинг ва бармоқларингизни майда ош тузига солинг. Ҳар бир бармоқни эҳтиёткорлик билан ишқаланг, шундан сўнг қўлларингизни ювиб, уларга намлантирувчи крем суртинг. Бу муолажа ҳафтада бир марта қўлланади. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ