Toshiba 142 ёшда: Энг йирик япон конгломератларидан бирининг тарихи ва унинг шубҳали истиқболлари

Компания 26-04-2017

1939 йилда асос солинган Toshiba дунёдаги энг йирик чип, маиший ва офис электроникасини ишлаб чиқарувчи корпорацияларидан бирига айланди. Шунингдек у HD-DVD форматининг яратилишида иштирок этган ҳамда робот техникаси соҳасида юқори технологик ишланмалари билан машҳур.

Молиявий ҳисоботларнинг сохталаштирилиши ва Westinghouse муаммолари туфайли Toshiba ҳозир қийин вазиятда қолган, ҳатто раҳбариятнинг ўзи ҳам конгломератнинг келгусидаги истиқболларига шубҳа қилмоқда.

2017 йилнинг 11 апрелида маълум бўлишича, Toshiba келгусидаги фаолиятини шубҳа остига қўйди. Молиявий йил якунларига кўра, компания 9,2 миллиард доллар зарарни прогноз қилмоқда. Раҳбарият уни қутқаришга уриниб, алоҳида йўналишларни сотишга киришди.

Toshiba ўз тарихи давомида бир неча инқирозларни бошдан кечирган ва мураккаб вазиятлардан доим муваффақиятли чиқишнинг уддасидан чиққан.

Toshiba'нинг асосчиси муҳандис Хисасиге Танака ҳисобланади. У 1799 йилда уста-ҳунарманд оиласида дунёга келган. Болалигидан ўз ихтиролари билан машҳур бўлган Хисасиге 14 ёшидаёқ чиройли ва мураккаб конструкцияларни тайёрлай олувчи дастгоҳни яратган. У пайтлар Японияда бундай технологиялар бўлмаган.

20 ёшида у "каракури-нингё" механик қўғирчоқларини тайёрлай бошлаган. Танаке ҳақиқий санъат асарларини яратарди ва улар билан томошалар кўрсатиб, мамлакат бўйлаб саёҳат қиларди.

Хисасиге оилада тўнғич ўғил бўлган ва шу боис ота касбини мерос қилиши керак эди, лекин ихтирочи отасини бундай шарафни кенжа укасига кўрсатишга кўндирган, ўзи эса саёҳат қилишда давом этган. Хисасигенинг асосий орзуси ихтирочи бўлиш эди, у доимо ўз кўникмаларини мукаммаллаштиришга ҳаракат қилган.

1830-йилларнинг ўртасида "каракури" томошалари машҳурликни йўқота бошлаганида Танаке Осакага қараб йўл олди ва у ерда гидравлика, пневматика ва колза ёғи асосидаги ёритиш шакллари устида тажриба қилган. У чўнтак шами, шунингдек оддий шамдан ўн карра кўп ёритувчи узоқ ёнувчи лампаларни яратган. Танака харидорлар эҳтиёжини қондириш учун лампанинг етти хил вариациясини тайёрлаган.

Танака бироз вақт Киотода бўлиб, у ерда математика, тақвим ва астрономияни ўрганган. Бу даврда у махсус ёнғинга қарши насос ишлаб чиққан. Унинг яна бир машҳур ихтироларидан бири "Мириада йиллар соатлари" бўлган. Улар япон маданий меросининг бир қисмига айланган.

Ишланма суткадаги вақт, йил, ой, ой фазаси, Япония вақти ва қуёш даврини кўрсатиб турувчи соатдан иборат. Соат минглаб қисмлардан ташкил топган, Танака уларни уч йил давомида одий асбоб-ускуналар ёрдамида тўплаган. 2004 йилда японлар Танаканинг санъат асари нусхасини бажаришга уриниб кўришган. Бунинг учун ярим йил давомида фаолият кўрсатган 200 нафар муҳандис керак бўлган. Ҳатто улар ҳам баъзи деталарни такрорлашнинг уддасидан чиқа олишмаган.

Танаканинг яна бир машҳур ихтироси - Япониядаги биринчи планетарий. Америка ва европаликларнинг ҳайдалишига қаратилган Сонно Дзёи ҳаракатининг оммалашиши натижасида Киото хорижий технологияларга боғлиқ кишилар, шу жумладан Танака учун ҳам хавфли бўлиб қолди.

Ихтирочи турар-жойини ўзгартиришга мажбур бўлди - у Сагадаги Кюсю оролига кўчиб ўтди. Бу ерда у нафақат тинч аҳоли, балки ҳарбий мақсадларда ҳам лойиҳалар ишлаб чиқа бошлади. У биринчи япон паравози ва буғда ҳаракатланувчи ҳарбий кемани яратган.

1860-йиллар ўрталарида Танака қадрдон Фукуока префектурасига қайтади ва у ерда қурол-яроғ ишлаб чиқиш ва турли тинч ихтироларни яратишга ёрдам беради. Далаларни суғорувчи машина ҳам шулар жумласидандир.

Танакани кўпинча "японлар Эдисони" деб аташади. Унинг ихтиролари кўплигига қарамай, 1875 йилда яратилган Tanaka Engineering Works компанияси унинг асосий мероси ҳисобланади. Унинг пайдо бўлиши 1873 йилда япон ҳукуматининг Танакага топширган вазифаси - телеграф ускунасини яратиш натижасидир. 1875 йилда Токиода Toshiba тарихига старт берган фабрика пайдо бўлди.

Tanaka Engineering Works Япониядаги биринчи телеграф ускунаси ишлаб чиқарувчиси бўлди. Унинг асосчиси 1881 йилда ўз ишини ўғли Дайкитига мерос қолдириб, ҳаётдан кўз юмди. 1893 йилда компания Mitsui томонидан харид қилинди ва ўз номини Shibaura Engineering Works'га алмаштирди.

Танака телеграф ускуналарини яратган бир пайтда Toshiba тарихини бошлаб берган яна бир компания — Hakunetsu-sha Co. фаолияти йўлга қўйилди. Унинг асосчиси Ичисуке Фудзиока бўлган. У 1857 йилда дунёга келган ва самурайлар оиласида тўнғич ўғил бўлган. Ичисуке 18 ёшида телеграф ва электрон ёритиш бўйича мутахассис профессор Уильям Айртон раҳбарлиги остида ўқий бошлади. 1884 йилда Фудзиока АҚШда Томас Эдисон билан танишиб қолади.

Ватанига қайтган Фудзиока биринчи йой лампани яратди, 1890 йилда эса Hakunetsu-sha Co. компаниясига асос солди. 1899 йилда у ўз номини Tokyo Electric Company'га алмаштирди.

Икки компания ҳам инқилобий аҳамиятга эга бўлиб, Японияни электроника соҳасида сезиларли олдингаолиб чиқди.

Shibaura Engineering Works компанияси Mitsui раҳбарлиги остида ривожланиб, бошқа соҳаларга ҳам муваффақиятли кириб борган. Айнан шу компания 1930 йилда биринчи япон музлатгичини намойиш қилган. Бу моделнинг самаралилиги ва рақобатбардошлилиги бугунга қадар шубҳа остига олинади. Shibaura моделининг ягона устун жиҳати - унинг рақиблар музлатгичига нисбатан пастроқ шовқин чиқариб ишлашида.

1939 йилда Shibaura Engineering Works ва Tokyo Electric Company бир компания — Tokyo Shibaura Electric'га бирлашди. 1978 йилда унинг номи Toshiba'га қисқарди. Улар бирлашгунга қадар ҳам бирга ишлашга улгуришган ва Mitsui дзайбацу (20-аср ўрталарига қадар Япониядаги конгломерат)сининг бир қисми бўлишган. Улар ўз олдига электроника соҳасидаги дунё етакчиларидан бирини яратишни мақсад қилишган.

Tokyo Shibaura Electric урушдан олдинги Японияда Mitsui'нинг молиявий қудратига таяниб ишлай бошлади. Бу бир қатор харидларни амалга ошириш ва маҳсулотлар ассортиментини сезиларли даражада ошириш имконини берди. Компания радиоприёмниклар, генераторлар, рентген трубкалари, чўғланма лампалар ишлаб чиқарди. Уруш даврида ишлаб чиқариш ҳажми радарлар ва бошқа электрон ишланмалар билан кенгайди.

Бошқа компанияларда бўлгани каби уруш даври Toshiba учун ҳам катта талофатлар билан тугаган. Компания заводлари жабр кўрган, у вазиятни тиклаши учун катта куч сарфлашига тўғри келган. Дзайбацу тақиқланган, зеро у маълум бир вақт Mitsui Bank кўмагисиз қолган. Кэйрецу (янги форматдаги конгломерат) ҳосил бўлиши билан Mitsui Toshiba унинг бир қисмига айланади.

Урушдан кейинги даврда компания ўз маҳсулотлари ассортиментини фаол кенгайтира бошлади. Шу жумладан босма машиналар линейкасини ривожлантирди.

 

Toshiba 50-70-йилларда. Жаҳон бозорига чиқиш

50-йилларда компания радиотехника бозорида ишлашда давом этди ва ЭҲМларни ишлаб чиқара бошлади. Шу даврнинг ўзида Toshiba электрон гуруч қайнатгичлар, микротўлқинли печлар, шунингдек илк транзисторли телевизорлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 

1965 йилда IHI Corporation'нинг кемасозлик соҳасида ном қозонган мутахассиси Тосиво Доко компания президенти этиб тайинланди. У ўша пайтда муаммолар гирдобида бўлган Toshiba'ни тиклаши керак эди. Доко IHI раислигини ҳам сақлаб қолган.

Икки компания ҳам шу пайтгача бир-бирининг акциясига эга бўлган. Доко президент бўлгач, бу ҳамкорликни янада кенгайтирди. Toshiba IHI'даги улушини оширди, компаниялар ўз раҳбарларини бир-бирларининг кенгашларига киритишди ва савдо шартномалари тузишди. Доко компания бошқарувидан ташқари, корпоратив маданият билан боғлиқ муаммоларни ҳам ўз зиммасига олганди. У янги бошқарувчиларни ишга олади. Унинг кейинги қиладиган ишлари Toshiba фаолиятини мустаҳкамлаш ва сотувлар бўлимини кенгайтиришдан иборат бўлган.

Доко Toshiba'нинг заём капиталига тобеълигини камайтириш борасида ҳам қайғурган. Компания қўшимча сармояларни жалб қилиши керак бўлган ва у кредит ўрнига ўз акцияларини сота бошлаган. Доко четдан кўп акционерларни жалб қилмоқчи эмасди, шу боис General Electric'да тўхтади.

Америка конгломерати Иккинчи жаҳон урушидан олдиноқ Toshiba'га қизиқиш билдирган. Йирик акциялар пакетининг General Electric'га сотилиши япон компанияси раҳбариятига модернизация учун қўшимча капиталга эга бўлиш имконини берган.

Доко компаниянинг келгуси ривожини уни глобал кенгайтиришда кўрган. Асосий бозор АҚШ бўлган. Toshiba генераторлар, двигателлар, трансформаторлар ва электроника экспорти учун маҳаллий компаниялар билан шартнома имзолаган.

1967 йилда Toshiba 67 та шўъба корхона ва 100 минг кишидан иборат персонални назорат қиларди. У Япониядаги энг йирик электроника ишлаб чиқарувчи ва катталиги бўйича мамлакатдаги тўртинчи компания эди. 60-йилларда Toshiba инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришда давом этди. 1961 йилда дунёдаги илк маиший сплит-тизим ишлаб чиқилган. 1968 йилда Toshiba биринчи япон ротацион компрессорини ишлаб чиқарди.

Компаниянинг 60-йилларда йўлга қўйилган йўналишларидан яна бири Toshiba Musical Industries бўлди. Ушбу овоз ёзиш фирмаси ўзининг Toshiba Records лейблига эга бўлган, шунингдек Япония ҳудудида хорижий лейблларни тарқатиш билан ҳам шуғулланган.

1973 йилда бу компания акцияларининг 50 фоизини Beatles, Beach Boys, Depeche Mode каби гуруҳлар овоз ёзган Британиянинг Capitol EMI компанияси харид қилган. Toshiba Musical Industries - Toshiba EMI'га қайта номланганган. 70-йилларда Toshiba қатор шўъба корхоналарни ишга туширди ва аста-секинлик билан йирик кўп тармоқли конгломератга айланди. Унинг мақсади аввалгидек АҚШ бозорлари эди.

1973 йилда компания Sharp билан ҳамкорликда калькуляторлар соҳасида ишланмалар қилган. Дунёдаги илк СК-дисплейли Elsi Mate EL-805 калькулятори намойиш қилинган.

Компаниянинг 70-йиллардаги яна бир муҳим йўналишларидан бири процессорлар ишлаб чиқариш бўлди. Бу даврда кўплаб япон гигантлари айнан шу соҳага мурожаат қилишган. 1971 йилда у Electronic Engine Control лойиҳасига қўшилган ва 1973 йилда 12 битли микропроцессорни тақдим этган.

 

1970 йилда компания дунёдаги биринчи рангли видеофонни намойиш қилди. 1972 йилда у 700 минг киловаттли илк япон турбогенераторини ишлаб чиқарди. Уч йилдан кейин эса миллион киловаттли версия тайёр бўлади. 1978 йилда компания биринчи япон матнли процессори - JW-10 ҳақида эълон қилди. JW-10'нинг нархи 6,3 миллион иена бўлган.

 

Toshiba 80-йилларда. АҚШга эмбарго

1980 йилда компанияга Шоичи Саба президент бўлди. Маълумотига кўра муҳандис бўлган Саба Toshiba’нинг технологик ривожи учун қўлдан келганча ҳаракат қилди. У компьютер, яримўтказгич ва телекоммуникацияларга урғу бериб, тадқиқот ва ишланмаларга алоҳида эътибор қаратди.

1984 йилда ишлаб чиқаришни автоматлаштириш технологияларини тадқиқ қилиш учун лабаратория ишга туширилган.1986 йилда компания дунёдаги илк DRAM хотирали, 1 мегабайтли чипни ишлаб чиққан.

1984 йилда компания муҳандиси Фудзио Масуока флеш-хотирани ихтиро қилган. 1989 йилда NAND турдаги флеш-хотира намойиш қилинган.

Компания технологиялар билан алмашиш бўйича стандарт тажрибани қўллаган. 1987 йилда АҚШдаги энг йирик яримўтказгич ишлаб чиқарувчиси Motorola билан битим тузган. Улар биргаликда DRAM-хотира ва микропроцессорлар ишлаб чиқаришга йўналтирилган компания яратишга қарор қилишди. Корхонага Tohoku Semiconductor номи берилди.

Ҳамкорлик ташкилотлар ичида қўллашга мўлжалланган автоматик станциялар ҳамда нутқдан таний олувчи тизим ишлаб чиқишда муваффақиятга эришиш имконини берди.

1985 йилда Toshiba компьютер техникасини ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи Sord компаниясини қўлга киритди. 1999 йилда Toshiba унинг номини Toshiba Personal Computer System Corporation’га ўзгартирди. Компания компьютерлар ва шу соҳадаги қатор бошқа техникаларни ишлаб чиқара бошлади. 1986 йилда Toshiba портатив компьютерлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Toshiba компанияси IBM Japan билан ҳамкорлик битимини тузишга муваффақ бўлди. Уларнинг мақсади япон бозоридаги IBM компьютерлари сотуви бўлди. Компания бу келишувдан даромад кўрди – у компьютерлар билан бирга алоқа соҳасидаги шахсий ускуналарини сотишни йўлга қўйди.

Toshiba телекоммуникацион ускуналар бозори етакчиларидан бири бўлган. 1986 йилда American Television and Communications Corporation’га кабель жиҳозларини етказиб бериш учун шартнома имзоланган.

Тиббиёт технологиялари соҳасида Toshiba япон компаниялари ичида етакчи бўлган. Унинг ишланмалари қаторида жигар ва буйраклардаги касалликларни аниқлашга йўналтирилган қонни кимёвий таҳлил қилувчи ускуналарни қайд этиш мумкин. АҚШдаги етакчи Allied Corporation кимёвий ишлаб чиқарувчилардан бири компания мижози бўлган.

Кимёвий соҳада Toshiba’нинг муҳим ишланмаларидан бири кран ёқилғисини бойитиш ускунасидир. Иқлимий ускуналар соҳасида 80-йилларда компания инвентор ва иккиламчи таъсир тамойили асосида ишловчи ротацион компрессорни намойиш қилди.

80-йиллар ўртасида аудио ва видеомаҳсулотлар ишлаб чиқарувчи йўналишда ҳам ўзгаришлар бўлди. Toshiba бу соҳада кенг спектрли электроника маҳсулотларини – магнитафонлардан тортиб то видеоплеерларгача ишлаб чиқарган. Фаолиятни оптималлаштириш учун соҳадаги маркетинг, ишлаб чиқариш, тадқиқот ва ишланмалар учун масъул бўлимлар қайта ташкил қилинган.

1987 йилда Toshiba йирик халқаро можарога жалб қилинди. Шўъба корхоналардан бири Toshiba Machine 1982-1984 йиллар оралиғида СССРга фрезер ускуналар сотган. СССР ва бошқа коммунистик мамлакатлар билан савдо алоқалари “Экспорт назорат бўйича координацион қўмита” томонидан тартибга солинар эди, Toshiba Machine эса бундай рухсатга эга бўлмаган. Toshiba Machine ҳақидаги маълумот юзага чиққанида компания мунозаралар тўлқини остида қолди, унинг икки ходими эса Япония савдо қонунчилигининг бузилгани учун ҳибсга олинди.

Бу Toshiba’нинг халқаро нуфузига таъсир кўрсатмай қолмади. Савдодаги бундай англашмовчилик америкалик конгрессменларга ёқмади. Уларнинг бир қисми Toshiba томонидан ишлаб чиқарилган радиоларни намойишкорона синдириб, компания маҳсулотига бойкот эълон қилишга чақирган.

Мудофаа вазирлигига Toshiba ва унинг шўъба корхоналари маҳсулотларини харид қилиш тақиқланган. Шоичи Саба ва компания топ-менежментининг бир қисми истеъфога чиқади.

Санкциялар киритилгандан кейин Toshiba Machine’нинг мамлакатдаги 25 идораси ёпилади. Бу компания фақат 1992 йилга борибгина яна АҚШга маҳсулот сота бошлади.

Шоичи Сабадан кейин Toshiba компаниясининг янги бош директори ва президенти Дзеити Аои бўлди. Компаниянинг янги раҳбари мантиқий йўл тутди – у АҚШга эмас, бошқа мамлакатлар бозорига чиқа бошлади.

Toshiba Chinese Electronics Import and Export Corporation билан ҳамкорлик қилиб, ХХРга интеграл схемалар тайёрловчи технологияни тақдим эта бошлади. 1991 йилда компания Москвада рангли телевизор ишлаб чиқарувчи завод қурилишига доир шартномани қўлга киритди. Компаниядаги қийинчиликлар Toshiba ходимларини жипслаштириб, уларнинг янада самарали ишлашига туртки берди.

 

Toshiba 1990-йилларда

1990-йилларда компания GE билан навбатдаги шартномани имзолади. Бу сафар икки гигант чўғланма иплар ишлаб чиқаришга қарор қилди.

Шу даврнинг ўзида Toshiba инновацион компьютер экранларини ишлаб чиқариш билан шуғулланиб, IBM билан муваффақиятли ҳамкорлик юритган. Шунингдек компания Time Warner билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Уларнинг ҳамкорлиги интерактив кабель телевидениеси соҳасигача кенгайган. 1991 йилда Time Warner’нинг 5,6 фоиз акциясини харид қилган.

1995 йилда Toshiba, Time Warner, Hitachi ва бир қатор бошқа компаниялар соҳа стандартига айланган DVD диск форматини таклиф қилишди. 1996 йилда Toshiba илк DVD-ROM-приводлар и DVD-плеерларни ишлаб чиқарди.

Toshiba бошқа ҳамкорларга ҳам эга бўлган. Улардан Siemens ва IBM билан ҳамкорлик алоқаларини қайд этиш мумкин.

1996 йилда Тайзо Нисимура компаниянинг янги президенти бўлди. У компанияни япон инқирози вақтида бошқарган. Toshiba талаб ва нархнинг пасайиши, шунингдек яримўтказгичлар ва истеъмолчи электроника соҳасидаги рақобатнинг ошишини бошидан ўтказди.

1998 йилнинг сентябрида Toshiba радикал қайта қуриш режасини тақдим этди. У 6500 ишчи ўриннинг қисқариши ва штатнинг камайишини ўзида мужассам қилган.

Қайта қуриш режаси асосида компаниянинг ички тузилмаси ҳам ўзгариб, 15 бўлим ва 8 бизнес-гуруҳдан ташкил топди. Директорлар кенгаши 34 кишидан 12 кишига қисқарди, 1000 шўъба корхона ва филиаллардан 300 тасигина қолди.

Toshiba’да машҳур «Олти Сигма» концепцияси қўлланди ва бу 2000 йилга бориб, компаниянинг 1,3 миллиард доллар тежашига имкон яратди.

 

Toshiba 2000-йилларда. iPod яратишдаги иштирок, форматлар жанги

Қабул қилинган чоралар келгусида фойда келтирди, бироқ 1999-2000 молиявий йил натижаларига кўра, компаниянинг йўқотишлари 264,2 миллион долларни ташкил қилди. 2000 йилда раҳбариятда ўзгаришлар рўй берди. Нисимура раис лавозимини эгаллади, янги президент эса Тадаси Окамура бўлди. Янги раҳбарнинг вазиятни яхшилаши, даромадларни қайтариш ва бозордаги позицияни тиклаши кутилганди, бироқ вазият яхши томонга ўзгармади.

Окамура ҳам вазиятни яхшилаш учун штатни қисқартириш ҳисобига ўсишни режалаштирди. У ходимларни қўллаб-қувватлаш учун қўлидан келганича ҳаракат қилди – электрон почта орқали мактублар йўллади, завод бўлимларига бориб, ходимлар билан шахсан суҳбатлашди.

Бир неча йиллик йўқотишлардан кейин 2000 йил ўрталарида компания ўз молиявий кўрсаткичларини яхшилади.

2000-йиллар мобайнида компания бир неча ҳамкорлик лойиҳаларини амалга оширди ва қатор инновацияларни ишлаб чиқарди. Жобснинг қайтишидан сўнг Toshiba Apple’га маҳсулот етказиб берувчилардан бири бўлиб қолди.

2000 йилда биринчи iPod лойиҳасини яратиш ишлари бошланди. Бу иш учун Жон Рубинштейн масъул эди, у iPod яратиш учун кичик, лекин жуда сиғимли қаттиқ диск кераклиги муаммосига дуч келди.

2001 йилда Рубинштейн Япониядаги компания етказиб берувчилари билан учрашди. Унда Toshiba муҳандислари ўзларининг энг янги ишланмаларини намойиш қилишди ва бу борада ҳамкорлик қилишга келишиб олишди.

2002 йилда DVD-HD ва Blu-Ray форматлари жанги бошланди. Toshiba унинг энг муҳим иштирокчиларидан бирига айланди. Ҳаммаси нимадан бошланди? Бир қатор технология компаниялари - Sony, Matsushita, LG, Pionneer, Philips, Samsung 2002 йилнинг қишки мавсумида Blu-Ray форматини расман тақдим этишди. Кузда Toshiba ва NEC ўз формати – AOD (кейинчалик HD-DVD деб аталди)ни намойиш қилди. Икки ҳолатда ҳам технологиялар учун улкан маблағлар сарфланганди.

Бу жангдаги ғолибларни оддий фойдаланувчилар эмас, Blu-Ray’ни танлаган киностудиялар белгилаб беришди. 2008 йилда Toshiba DVD-HD форматидан воз кечиб, мағлубиятни тан олди.

Шу даврда компаниянинг уяли телефонлар линейкаси ривожланишда давом этди. Toshiba бу бозорга 90-йилларда кириб келган эди. 1996 йилда компания Hagenuk Telecom билан ҳамкорликда GSM тармоғида ишловчи биринчи уяли телефон — TCP-6000’ни намойиш қилди. 2001 йилда Toshiba NTT-DoCoMo мобил оператори кўринишидаги мижозга эга бўлди ва у учун телефонлар ишлаб чиқара бошлади.

2002 йилда Mitsubishi билан 3G тармоқдаги телефонларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган шартнома имзоланди. 2000-йиллар давомида компания телефонларнинг кенг ассортиментини ишлаб чиқарди, баҳолар эса турлича бўлган. 2009 йилда Японияда мобил телефонларга талабнинг камлиги туфайли бу йўналишдан воз кечилган, фақатгина Хитойдаги завод телефон ишлаб чиқаришда давом этган.

2010 йилда компания ўз мобил бўлимини Fujitsu билан бирлаштирди. Уларнинг умумий корхонаси Fujitsu Toshiba Mobile Communications номини олди. Улар 2012 йилга қадар компанияни бирга бошқаришди, охир-оқибат Fujitsu Toshiba’нинг улушини сотиб олди.

2009 йилда бу компаниялар бошқа соҳада – қаттиқ дисклар ишлаб чиқаришда ҳамкорлик қилишган. Шу тариқа улар Toshiba Storage Device компаниясига асос солишган. Улушлар эса тақсимланган: Toshiba – 80,9 фоиз, Fujitsu – 19,1 фоиз. 2010 йилнинг 30 декабрида Toshiba Fujitsu’нинг акциялар пакетини сотиб олади.

2006 йилда Окамура ўз лавозимини тарк этиб, уни Ацутоси Нисидега топширади. Окамура бу танловни ўзи амалга оширади.

Нисиданинг асосий қарорларидан бири - 2006 йилда 5,4 миллиард долларга Westinghouse Electric хариди бўлди. Конгломератнинг бу қисми ядровий энергетикага эътибор қаратди.

2009 йилда компания бошқарувига Норио Сасаки келади. Унинг энг муваффақиятли фаолият юритган соҳаси ядровий энергетика бўлди. Сасаки шу соҳа мутахассиси бўлган ва Westinghouse’ни қўлга киритишда бевосита иштирок этган.

 

Toshiba 2010-йилларда. Конгломерат ёпилиш арафасида

Сасаки бошчилигида компания бошқа соҳаларини ҳам кенгайтирди. Mitsubishi электрокарлари учун батареялар ишлаб чиқариш шулар жумласидандир.

2011 йилда ядровий энергетика соҳасида муаммолар пайдо бўлди. Toshiba учинчи ва бешинчи энергоблокини қурган «Фукусима-1» АЭС аварияси даромаднинг камайиши ва бозордаги вазиятнинг ёмонлашувига олиб келди.

Компания қийинчиликларни енгиб ўтиш мақсадида 2011 йилда  смарт-тармоқлар бозорига чиқди, у Швейцариянинг Landis + Gyr компаниясини 2,3 миллиард долларга харид қилди. Toshiba’нинг ҳисоб-китобларига кўра, яқин ўн йилликда бу бозор олти карра ўсиши ва 70,9 миллиард долларга етиши керак эди, қарор ўзини оқлади.

2012 йилда Toshiba 850 миллион долларга IBM’нинг POS-тизимлар (кассирлар томонидан фойдаланиладиган махсус дастурий қурилмалар комплекси) ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи йўналишини сотиб олди. 2014 йилда Американинг OCZ Storage Solutions компанияси харид қилинди.

2014 йилда Toshiba робот техникаси соҳасидаги инновациясини намойиш этди. Компания муҳандислари одамсимон Айко Тихира андроид-роботни яратишди.

Toshiba’нинг сўнгги вақтдаги юқори технологик ишланмалари ҳақида гап кетганда, 4К қарорли 3D-UHD-экранни қайд этиш лозим. Уни томоша қилиш учун махсус кўзойнак талаб қилинмайди. Toshiba ушбу технологияни мобил телефонларда қўлламоқчи.

Компания 3D-кўзойнаклар ишлаб чиқариш бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. 2014 йилда у смартфон, компьютер ва планшетлар билан бирга ишловчи “ақлли” кўзойнакларни тақдим этди.

2013 йилда Toshiba компанияси директори лавозимини Хисао Танака эгаллади. Унга энергетика соҳаси ва чип ишлаб чиқаришни ривожлантириш, компьютер бизнесини қайта ташкиллаштириш, харажатларни қисқартириш ва даромадни кўпайтириш вазифалари юкланганди.

2015 йилда Toshiba’нинг олти йил давомида ўз даромад суммасини 1,3 миллиард долларга ошириб келгани тўғрисида хабар тарқалди. Бу можаро Танака, раис ўринбосари Сасаки ва маслаҳтчи лавозимини сақлаб қолган Нисидаларнинг истеъфосига сабаб бўлди. Компаниянинг вақтинчалик раҳбари этиб тайинланган Масати Муромати акционерлардан расман узр сўради ва бундай вазият такрорланмаслиги учун махсус комиссия чоралар кўришига ваъда берди.

2015-2016 молиявий йил якунларига кўра, компаниянинг камомади 6,2 миллиард долларни ташкил қилди. 2016 йилнинг мартида компаниянинг тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчи Toshiba Medical Systems бўлими Сanon’га сотилди.

2016 йилда маиший техника йўналиши Lifestyle Products & Services 473 миллион долларга Midea’га сотилди.

Шу йилнинг ўзида компания 1300 ходимини қисқартирди. Компания корпоратив йўналишда кенг кўламдаги компьютер техникаси – ПКдан то планшетларгача ишлаб чиқаришни режалаштирган.

2016 йилнинг июнида компаниянинг бош директори лавозимини Сатоси Цунакава эгаллади. Конгломератнинг бундан кейинги тараққиёти унинг зиммасига юкланди. Унинг асосий муаммоси – Westinghouse бўлди. Охир-оқибат 2017 йилнинг 29 мартида Toshiba компанияси Westinghouse’нинг банкротлигини тасдиқлади.

Ҳозирда компаниянинг йиллик камомади 9,2 миллиардга,салб акционерлик капитали эса 620 миллиард иенага етиши мумкин - бу Toshiba’нинг прогнозлари.

2017 йилнинг январь ойи охирида Toshiba вазиятни тўғирлаш учун бизнеснинг алоҳида бўлимларини сотишга тайёр экани маълум қилинди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ