«Трамп доктринаси». Янги дунё тартиботи қандай бўлади?

Жаҳон 26-12-2018

АҚШ президенти Дональд Трамп кутилмаганда америкалик ҳарбийларни аввал Суриядан чақириб олиши, кейинроқ Афғонистондаги операцияларни ҳам якунлаши тўғрисидаги қарори  билан барчани шошириб қўйди. Қолаверса, давлат раҳбарининг ташаббусини қўллаб-қувватламаган Мудофаа вазири Жеймс Мэттис ҳам ишдан бўшатилди . Трампнинг кутилмаган қарорлари узоқ вақт халқаро терроризмга қарши кураш майдонига айланган Яқин Шарқ ва Катта Марказий Осиё ҳудуди учун салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин, қолаверса, АҚШ ҳарбий амалиётлари асосида қурилган халқаро муносабатлар тенглиги бузиляпти. 

Фото: AP Photo/Evan Vucci

Американинг хоҳ сиёсий, хоҳ ҳарбий йўл билан бирор масалага аралашувдан тийилиши дунё тартиботини жиддий ўзгаришига сабаб бўлади. Мувозанат ўзгараркан, кейинги ўн йиллик Россия диктаторлиги остида ўтадими? 

«Трамп доктринаси» нимани англатади?

Мэттиснинг истеъфоси билан АҚШ ўз ташқи сиёсатида истеблишмент «отаси» бўлиб қолаётган кекса аскардан ҳам қутулди. Энди президент «Трамп доктринаси »ни амалга ошириш учун тўлиқ имкониятларга эга. Бошқарувининг икки йилида Трамп «глобал етакчилик» стратегияси илмини эгаллаган тажрибали маслаҳатчилардан қутулди. У Давлат котиби лавозимида ишлаган Рекс Тиллерсонни ишдан бўшатди, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлган Герберт Макмастерни «тахтдан туширди», иқтисодий масалалар бўйича билимдон Гэри Кон  ва Оқ уй бош аппарати раҳбари Жон Келлига ҳам «хайр» деди. Шу вақтларда «президент билан дунёга бир хилда назар ташлай олмаган» АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Никки Ҳейли ҳам истеъфо сўради

Аслида Дональд Трамп сайловолди кампаниясида ҳам АҚШ ташқи сиёсатини қандай тасаввур этишини яшириб ўтирмаган: у изоляционизм ва меркантализмга асосланиши керак. Трампнинг фикрича, Америка глобал жараёнларда фаол иштирок этиши фақат ўзига қимматга тушяпти, унинг қадрини билмайдиган иттифоқчилар билан либерал дунё тартиботини сақлаш учун маблағ сарфлаш ҳам президент мантиғига тўғри келмайди. Энг асосий хавф сифатида ноқонуний миграция кўрилган бўлса, савдо муносабатларидаги дефицит ҳам шундай хавфлар сирасига киритилди. 

Фото: Jim Young/Reuters

Тарихда бу ҳам бўлганди

АҚШ тарихида Дональд Трамп сиёсатини деярли бир хил мазмунда бошлаб берган сиёсатчи ўтган. У ўтган асрнинг биринчи ярмида, 40-йилларда фаол бўлган сиёсий кайфият асосчиси Роберт Тафтдир. У 1940, 1948 ва 1952 йилларда президентлик учун асосий даъвогарлардан бири эди. Масалан, Тафт 1941 йили АҚШ сиёсатчиларини иттифоқчи Буюк Британияга кўмак беришдан қайтармоқчи бўлган, у «Маршал режаси»га ҳам, НАТО тузилишига ҳам қарши чиққан. Шундай қилиб, Тафтнинг сиёсати амалга ошганда дунё тартиботи қандай бўлиши мумкинлигини ҳис этиш мумкин: собиқ Совет давлатига қарши НАТО тузилмасди, 41-йил урушида британлар кўмаксиз қоларди.

2016 йили сайловолди кампания тарғиботида Дональд Трамп ҳам Тафтга ўхшаш кайфият билан, Жанубий Корея  ва Японияни АҚШ ҳануз ҳимоя қилишини савол билан нишонга олганди. НАТО бўйича ҳамкорлик юзасидан эса «улар тўламаётгани»ни рўкач қилиб, ташкилот фаолиятини танқид қилган. Трамп Америка савдо қилаётган мамлакатларни ҳам айблаган. Шунинг учун, президентлик лавозими тегиши билан у АҚШни Тинч океани савдо ва инвестицион ҳамкорлиги ташкилотидан олиб чиқди , Евро-Атлантик савдо ҳамкорлиги бўйича ЕИ билан музокараларни тўхтатди. Президент Шимолий Америкада эркин савдо ҳудудини ташкил этиш бўйича Мексика ва Канада билан эришилган келишувни қайта кўриб чиқди. Шу билан бирга, Хитой билан савдо урушига киришиб кетди.

 Навбат ҳарбийларгами?

 

Трамп энди ўз ислоҳотини ҳарбий соҳада ҳам бошлади. Унинг ташқи сиёсатдаги ягона мақсади - «Дўст ва душманларсиз Америка»ни яратиш. Аммо, мамлакатнинг ҳарбий қудратига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги лозим. Америка «тамойиллар асосида қурилган тартибот»ни сақлаш учун ўз қирғоқларидан олисдаги қандайдир инқирозларда иштирок этмоқчи эмас. Бироқ ҳар кимни бирдан қўрқитиб қўя оладиган кучга эга бўлиб қолади.

Трампнинг қарори қанчалик кутилмаган бўлса ҳам, у бу ҳақда аввалдан барчани огоҳлантирган. Президентликка номзод бўлган миллиардер ўша пайтда ҳам Сурия ва Афғонистонда аскарларни қайтариб олишини ошкора айтган. Бу ваъдани амалга оширишга тўсиқ бўлиб турганлар - Мэттис, Макмастер ва Келли энди йўқ. Трамп доим ўзининг ички инстинктларига таяниб иш қиладиган ишбилармон бўлган, сиёсатда ҳам у шундай қолмоқда.

Сурия ва Афғонистон бўйича президентнинг қарори мамлакатни «катта ўйин»да ютқазганини билдирмайди. Негаки, Суриядаги Американинг муваффақиятсизлиги аллақачон кўпгина саволларни келтириб чиқараётганди. Апрелда ҳам Трамп Суриядан ҳарбийларни олиб чиқмоқчи бўлганини айтганда, Мэттис давлат раҳбарини йил охиригача кутишга кўндирган . У ваъдасида турди. 

Россия учун Америка Атлантиканинг ғарбий қирғоқларидан узоққа ўтмасдан, ўз иши билан банд бўлиши керак. Бундай доктрина Путиннинг қарашларига тўғри ва мос тушади. Гап шундаки, руслар ҳам АҚШни «яна буюк» бўлишига қарши эмас, фақат у ҳамма жойда ҳозир-у нозир бўлмасин. Пентагон бошқарувидан кетган Жеймс Мэттис эса айнан шу картинани тасвирлаб, Россия ва Хитой дунёда қулай авторитар муҳит яратиб олишига йўл қўймаслик зарурлигини ёзганди. У президентга йўллаган мактубида АҚШнинг бу ролдан воз кечиши кўп ташвишларга сабаб бўлишини билдирган.

Россия «Трамп доктринаси» амалга оширилиши билан Қрим устидан Москванинг суверенитети тан олиниши истайди. Санкциялар олиб ташланиши, шарқий Украинада эса Россия таъсири сақланиб қолиши айни муддао бўларди. Трамп бу ҳақда фикр билдиришга улгурган, у ҳатто Россияни «катта саккизлик»ка қайтаришга уриниб кўрмоқчи эди . Керчдаги воқеалардан сўнг, Вашингтон билан қайноқ муносабатларни сақлаб қолаётган Москва манфаатларини яна илгари сурадими? Буни вақт кўрсатади.

Шунингдек, Россия ўз шартлари билан ёзилган рус-япон тинчлик шартномасини имзолаши ва Токио билан ҳудудий масалаларни ҳал этиб олиши мумкин. Бунга «Трамп доктринаси» катта йўл очиб беряпти. АҚШ ҳарбийлари Япония хавфсизлигини кафолатламаса, Россия бу вазифага киришиб кетади .

Кутилмаган совға

Ҳар доим бўлганидек, доктринанинг амалга оширилиши ортидан пайдо бўладиган хатарларни унутмаслик керак . Биринчи галда, гапни Трампнинг қарорларини башорат қилиб бўлмаслик билан бошлаш лозим. У институционал чеклов ва сиёсий қадриятларга парво ҳам қилмайди. Халқаро муносабатлар назарияси бу шахс учун ёт тушунча. Масалан, у истаса, Федерал банк раҳбарини ишдан бўшатиши мумкин

Август ойи да Пентагон раҳбари Мэттис, сентябрда маслаҳатчи Болтон, Давлат котиби Помпео октябрда эса АҚШ қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Данфорд, ва ниҳоят, Сурия бўйича махсус вакил Жеффри ҳам АҚШ ҳарбийлари Суриядаги сиёсий вазият ўнгланмагунча қолишини айтганди. Уларнинг ҳаммаси бу президент қарори эканини тасдиқлаган. Ким билсин, Трамп яна нималарга қодир, балки у биз ўйлагандек, содда ҳам эмасдир.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ