“Уимблдон” йигитчаси ҳақида 13 факт

Теннис 6-07-2015

Сўнгги пайтларда ўша, довруғи достон Надаль “Уимблдон”да ўтказилаётган мусобақаларда кетма-кет мағлубият аламини тотиб кўрмоқда. Энг қизиғи, уни мағлуб этаётганлар “100 таликдан” қуйида туришади. Масалан, 2012 йилда Лукаш Росол (№101), икки йилдан сўнг – Стив Дарсис (№135), 2014 йилда – Ник Киргиос (№144), сўнгиси эса Дастин Браун (№102). Ўтган йили Галлада Рафани мағлуб этган, теннисчилар ичида иккинчилардан бўлиб Надални 100 фоизлик кўрсаткич билан енган немис ракетка устаси бунинг учун “Уимблдон”да 77 минг фунтга эга бўлди ва Алекс Корретханинг натижасини такрорлади.

Дастин 2013 йили, “Уимблдон”да Хьюиттани мағлубиятга учратган онларини Надални енгунгача бўлган энг қувончли лаҳзалари, деб ҳисоблайди. Ҳатто ўйин охирида Браун кўз ёшларини тия олмаганди ўшанда.

Футбол ва теннис ўртасидаги аросатли танлов

Дастин Целле деб номланувчи немис шаҳарчасида, асли келиб чиқиши ямайкалик Лероя ва немис аёли Инга оиласида туғилган. У болалигида футбол, дзюдо, гандбол ва теннис билан шуғулланган, бироқ 8 ёшида улардан бирини жиддий танлаш вазиятига тушади. “Футболда мен учун унча катта имконият йўқ эди. Ўйнаган тақдиримда ҳам учинчи лиганинг бирор-бир рамақижон жамоасида тўп сурардим, аммо мен буни истамасдим. Шу боис теннисни танладим”, — деб тан олади Браун.

Болакай америкалик Ким Виттенбергнинг Ганновердаги академиясида шуғуллана бошлади. Ҳозирда Брауннинг доимий мураббийси йўқ, бироқ гоҳида йирик турнирларда уни Виттенберг бошлаб чиқади. 

Кумири – Сафин

Албатта, Дастин доимий мураббийлик бўлишни истайди, бироқ буни ўзига раво кўрмайди. “Агар мени Марат Сафин тайёрласа зўр бўларди, – дейди немис. – У мен учун кумирга айланган, чунки унинг кўплаб ўйинларини томоша қилганман. Марат ажойиб спортчи. Ким билади, балки у менга қачонлардир мураббийлик қилар”.

Ямайкага қайтиш

Теннисни ривожлантириш учун топилган маблағ етарли бўлмайди ва Браунлар оиласи Ямайкадаги Монтего Бей шаҳарчасига қайтишга мажбур бўлишади. Айтиш мумкинки, ота-она бундай қарор фарзандлари руҳияти учун фойдали бўлади, деб ҳисоблашган.

“Мен етарлича совуққон ва енгилтабиат эдим, шу боис доим дисквалификация олардим, – деб эслайди Дастин. – Ямайкада кабель телевиденияси, ўйин дастгоҳларисиз яшадим ва даҳшатли шароитда машғулотлар ўтказдим. Ўшанда ҳаётнинг нақадар шафқатсиз эканлигини, унда зафар қучиш учун тинимсиз ҳаракат лозимлигини англаб етдим. Мен билан айнан шундай бўлганидан розиман. Бўлмаса ҳаётдаги ҳозирги ўрнимни топа олмаган бўлар эдим”.

Дастин US Open-2002 ўсмирлар мусобақаси арафасида 

Лақаби – Дредди

Дастин нафақат ноодатий ўйин услуби билан, балки ўзининг ғаройиб имиджи билан ҳам машҳур. “Охирги марта сочимни калта қилиб Ямайкага кетишдан олдин олдиргандим”, – дейди Дредди (теннисчини дўстлари шундай, деб чақиради). – Шундан буён орадан 20 йил ўтди ва мен ҳозир сочимни калта қилишни тасаввур ҳам қилолмайман”. Дастиннинг сочлари белидан пастга тушади. Унинг имиджидаги яна бир ғайритабиий нарса – тилидаги пирсинги.

Турниларга фургонда борарди

Ямайкада барча нарса арзон, бироқ у ерда ривожланишнинг умуман имкони йўқ эди. Маҳаллий теннис федерацияси унга пул ажратмайди, шу сабаб Браун 2000 йилда Европага қайтишга мажбур бўлади. Бошида Дастин Буюк Британия фуқаролигини олишни режалаштиради, чунки отаси томондан бувиси шу юрт фуқароси эди. Аммо мамлакатдан рад жавоби олгач, Германияга қайтади.

Моддий томондан иқтисод қилиш мақсадида Брауннинг ота-онаси уч кроват ва ошхонадан иборат фургон (кемпер) кредитга олишади. “Мен ITF турнирларига меҳмонхона пулини тежаш мақсадида ана шу фургонда борардим. Ракеткалар учун махсус дастгоҳим бўларди, пул эвазига бошқа теннисчиларга ундан фойдаланишга рухсат берардим. Айримлари фургонимда ётиб ҳам қолишарди, бунинг учун улардан пул олмасдим”, — деб қайноқ ёшлигини эслайди Браун. У қуйидаги жумлаларни қайтаришни яхши кўради: “Биринчи ҳафтада улар сени севишади, иккинчи ҳафтада ёмон кўришади ва охир-оқибат қилмишларидан қаттиқ қайғуга ботиб, кўз ёш тўкишади”.

Ҳеч бўлмаса, мана шундай зарбалар учун ҳам икки баравар қиммат чипталарни сотиб олса бўлади.

У ҳақда башорат қилиб бўлмайди

Брауннинг асосий қуроли шундаки, унинг барча ўйинлари импровизацияга асосланган. “Унинг қайси томондан ва қай лаҳзада зарба йўллашини айтиб бера олиш жудаям қийин”, — деб тан олади 2009 йилда ундан икки марта мағлуб бўлган Штефан Кубек. – Зарбалар катта портлашга ўхшайди. Барчаси мантиққа зид. Ҳақиқий даҳшат!”

Бошида ҳар бир евро ҳисоб-китоб қилинарди

Фургоннинг кредити бундан беш йил муқаддам, у топ-100 таликка кириб олгачгина узиб бўлинди. Ана шундангина у машинасига ўзи истаган ҳақиқий белгили рақам тақди – CE DI 100. CE – бу туғилиб ўсган шаҳри Целле, D – Дастин, I – онаси исмининг бош ҳарфи.

“Ҳозир фургон Целледа, ота-онамнинг уйида турибди, – дейди Дастин. – Ундан анчадан бери фойдаланилмайди, лекин бу менинг тамомила мустақил одамга айланганимдан далолат бермайди. Ҳалигача иқтисод қиламан, чунки авиачипталар, меҳмонхоналар ва ҳаётнинг бошқа  қувончлари анча қиммат туради. Балки топ-ўйинчилар ювиш ва дазмоллаш ишлари ҳақида мутлақо ўйлашмас, бироқ мен бунинг ижтимоий кўринишидан фойдаланиб келаман”.

Жаннат қушчаси

Ўтган йилги кўрсаткич бўйича Дастиннинг рейтингдаги ўрни – 78. Рейтингдаги бу ўрнига қарамай, ўзининг жозибадор ўйинлари туфайли у турнирдаги энг машҳур теннисчилардан бирига айланди. Беқарорлик, serve and volley услубидаги ўйин (Дастинда тўп ошириш бўйича тасаввурга сиғмас куч бор), сетка олдидаги муғомбирон ҳаракатлари уни том маънодаги шоуменга айлантирди. Шу сабаб журналистлар уни аллақачон “Жаннат қуши”, деб атай бошлашган.

Яккалик баҳсларда Браунда мукофот йўқ, аммо жуфтлик баҳсларида у ATP босқичида икки бор нишонларни қўлга киритган. “У билан ўйнаш маза. Ажойиб шерик”, – дейди унинг дўстларидан бири Ян-Леннард Штруфф.

Мусиқани севади

Узоқ сафарларга Дастин қулоқчинсиз чиқмайди. Турли жанрдаги мусиқаларни тинглашни хуш кўради. “Ҳозир Bushido (немис репери)нинг сўнгги альбомини тинглаяпман, аслида бу кайфиятимга боғлиқ. Ўйин олдидан қандайдир қувноқ мусиқа тинглайман, бу кайфиятимни кўтаришга сабабчи бўлади”. 

Ранг-баранг боғичлар

“Уимблдон”да Дастинни ғалати ташқи кўринишда учратиш мумкин — у бир оёғига тўқ сариқ, иккинчи оёғига яшил боғичлар боғлаб олган бўлади.

“Бу 2009 йилда бошланган, – дейди Дастин. – Бир сафар олдидан юкларимни тахлаётиб, бир қути турли ранглардан иборат боғичларга кўзим тушди. Миямга дўстим ва жуфтлик баҳсларидаги шеригим Петр Штайнбергерга омад учун улардан бирини тавсия этиш фикри келди. У таклиф аҳмоқона эканлигини айтди, лекин рози бўлди. Ўшанда биз финалгача чиққандек, бироқ унда мағлубият аламини тотиб кўргандик. Шундан бери Петр оддий боғичлардан фойдаланяпти, мен эса танловимни ўзгартирганим йўқ”.

Модель

Ўзининг эътиборни тортувчи ташқи кўриниши туфайли Дастинни моделликка таклиф қилиб туришади. У 2013 йилда Vogue журналига суратга тушди.

Мана, беш йил бўлдики, Дастин Кёльн шаҳрида яшовчи Сара исмли қиз билан яқин муносабатда. 

Сарвар Анвар ўғли тайёрлади.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш
Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2018 XABARDOR.UZ