Уйдаги 10 та буюм сабаб касал бўляпсиз

Оммабоп 21-03-2019

Айрим ноаниқ сабаблар туфайли касал бўлаётганингизни хеч ҳис қилганмисиз? Эҳтимол ҳар биримиз бирор марта бўлсада ана шу ҳолга дуч келгандирмиз. Нима учун бундай ҳолат юз беради ва бунга қарши қандай курашиш мумкин?

Мана баҳор фасли ҳам кириб келди. Демак, нафақат фикрларни, балки уйни ҳам тозалаш вақти етди. Ахир уйдаги озодалик – саломатлик гарови. Нима учун бундай эканини ҳозир ўзингиз англайсиз.

Бу мақолада уйингиздаги 10 та одатий буюм ҳақида сўз юритамиз, уларнинг ифлосланиши саломатлик билан боғлиқ муаммоларни юзага келтириши мумкин.

Фото: Pixabay

Кир чойшаблар

Тан олинг, сермаҳсул иш кунидан кейин қулай кароватга ётишдан яхшироқ нарса йўқ, бироқ айрим чақирилмаган меҳмонлар – кир чойшаблардаги чанг каналари ёқимсиз из қолдириши мумкин.

Баъзи тадқиқот натижаларига кўра, одам ҳар ҳафта 15 грамм ўлик терини йўқотади, бу тери қолдиқлари чойшабларда қолади ва чанг каналари учун ажойиб озуқага айланади. Уларнинг ҳаётий фаолияти чиқиндилари, масалан гўнги одам саломатлигидаги муаммолар манбаига айланиши мумкин.

Улар экзема, мавсумий аллергия, терининг яллиғланиши ва бошқаларни келтириб чиқариш эҳтимоли бор. Бундай оқибатлардан ўзингизни ҳимоя қилиш учун чойшабларни ҳафтасига 1-2 марта 60 даражали иссиқ сувда ювиш керак.

Вентилияция туйнуклари

Агар сабабсиз аллергия хуружи ва бошқа касалликларни кутилмаганда ҳис этсангиз, ўзингизни ёмон ҳис қилишингизнинг сабабчиси ифлосланган вентиляцион туйнук бўлиши мумкин. Атроф-муҳитни ҳимоя қилиш ташкилотлари вентиляция туйнукларидаги кичик миқдордаги чанг одамга таъсир қилмаслигини айтишади, бироқ у ерда пайдо бўладиган  моғор ва чангнинг катта миқдори одам саломатлигига жиддий таъсир кўрсатади.

Олимлар чанг саломатлик учун жиддий касалликларни чақириши борасида ҳозиргача баҳслашадилар, бироқ кўпчилик вентиляция ва қувурларни моғор ҳамда бошқа заҳарли моддалардан тозалаш – соғлом ва бахтли ҳаёт йўлидаги оқилона қадам экани ҳақидаги фикрга розилик билдиради.

Фото: Pixabay

Эски чангютгич

Балки чангютгичингиз уйдаги тозаликни сақлашда ёрдам беради деб ҳисобларсиз, бироқ айрим ҳолларда унинг сизга келтираётган зарари фойдасига қараганда кўпроқ бўлади. Атроф-муҳит ва техника ҳақидаги журналда эълон қилинган тадқиқотларга кўра, турли фирмалар ишлаб чиқарган, хилма-хил хусусиятларга эга 21 та чангютгичнинг ҳар бири ҳавога маълум миқдорда турли чанг тўплами, аллерген ва бактерияларни чиқарган.

Кўпинча ифлослантириш чангютгичнинг эскилиги ва унда махсус фильтрнинг йўқлиги сабаб юз берган.

Ҳар иккала ҳолат ҳам ҳавонинг зарарли моддалар билан ифлосланиш эҳтимолини оширган. Чанг ва бактерияларга қарши курашишнинг энг яхши усули – махсус фильтрга эга янги чангютгични харид қилиш ва техникани доимий равишда тозалаб туриш.

Агар ҳавони ифлослантирувчи манбалар саналган, масалан, вокзал, аэропорт ёки заводга яқин ерда яшасангиз, уйда ҳаво тозалагич ўрнатишингиз керак бўлади. У сизни астма ва аллергияни чақирувчи кимёвий моддалардан ҳимоя қилади.

Эски бўёқ

Агар уйингиз деворидаги бўёқлар кўчиб тушаётганини пайқасангиз, таъмирлаш ишлари эса ўтган асрда амалга оширилган бўлса, эҳтиёт бўлинг. Илгари бўёқларда ҳозиргига қараганда кўпроқ хавфли моддалар бўлган, айрим мамлакатларда эса ҳатто оғир металлар ҳам қўшилган. Кўчган бўёқнинг кўриниши чиройли бўлмайди, бундан ташқари у сиз ва фарзандларингиз саломатлигига таъсир қилиши ҳам мумкин.

Агар бундай бўёқ ноқулайликлар туғдираётган бўлса, бу муаммони бартараф қилишда ёрдам берадиган профессионалларни таклиф қилган маъқул. Албатта имкониятингиз бўлса, таъмирлатганингиз маъқул. Уйдаги девор ва мебель жиҳозларини бўяш учун бўёқ танлаганда унинг таркибига эътибор беринг ва саломатлигингиз ҳақида қайғуринг.

Музлатгичнинг ифлосланган жавонлари ва бўлмалари

Бир қарашда улар тоза кўринса ҳам саломатлигингиз учун зарар келтирадиган бактериялар яширинган бўлиши мумкин. Бу бактериялар чақирадиган касалликлар жиддий ва улар сабабли заҳарланиш юз беради.

Бундай ёқимсиз оқибатлардан сақланиш ва муаммолардан яқинларни ҳимоя қилиш учун мева, сабзавот, товуқ ва бедана тухумларини музлатгичга қўйишдан олдин яхшилаб ювинг. Бундан ташқари, музлатгич бўлма ва жавонларини ҳеч бўлмаганда бир ойда 1-2 марта яхшилаб тозаланг.

Фото: Pixabay

Жониворлар юнги ва қазғоғи

Кўпчилик учун тўрт оёқли жониворлар оиланинг тўлақонли аъзосига айланиб улгурган. Бироқ уларнинг ўзига хос бир хусусияти борки, у кишига кўплаб ташвишлар келтиради. Жониворларнинг юнги ва қазғоғи терининг ўлик қисмларидан иборат бўлади, айнан у аллергия чақириб, одамни аксиришга мажбур қилади.

Аллергиянинг олдини олиш ва енгиллаштиришнинг энг яхши усули – ҳайвонларни қалин мато ва қопламали мебеллардан узоқда сақлаш. Бундан ташқари уйдаги қазғоқ миқдорини камайтириш учун тез-тез чангларни тозалаш ва мебель ҳамда жавонларда тўпланган чангларни артиш керак бўлади.

Ювиниш хонаси учун гиламча

Ювиниш хонасидаги одатий буюмларга керагича эътибор қаратмаймиз. Бироқ айнан улар касаллик чақирувчи бактериялар, моғор, чанг каналари ва бошқа кўплаб яширин хавфларга эга бўлиши мумкин.

Душдан чиқиб хўл оёқлар билан гилам устига тушасиз, суюқлик дарҳол унга сингиб, хавфли микроорганизмлар кўпайиши учун қулай муҳитни хосил қилади. Ўзингиз ва ювиниш хонасини паразитлардан сақлаш учун гиламга тушишдан олдин оёқларни яхшилаб қуритинг. Бундан ташқари, гиламчани ҳеч бўлмаганда бир ойда бир неча марта қайноқ сувда ювинг.

Яширин моғор

Моғорнинг кўз илғамас қуйқаси узоқ вақт давомида уйда яширин бўлиши мумкин. У ювиниш хонаси, ертўла, гулқоғозлар остида беркинади ва ҳар куни соғлиғингизга сезилмаган ҳолда зарар келтиради.

Моғор кўпинча ҳаво яхши айланмайдиган нам хоналарда ва суюқлик тўпланган жойларда пайдо бўлади.

Моғор келтирадиган зарарлар сифатида кўнгил айниши, бош оғриғи, иммунитетнинг пастлиги ва бурун битишини ажратиб кўрсатиш мумкин. Бу белгиларнинг асл сабабига қарши курашилмаса, у астма каби оғир касалликка олиб келиши мумкин.

Ўзингиз ва яқинларингизни ҳимоя қилиш учун сув билан аралаштирилган ювиш воситасини қўллаш мумкин. Чўтка ёки матони бу эритмада хўллаб, барча кўринадиган юзалардаги моғорни тозалаш лозим. Бунинг ўзи ҳар доим ҳам етарли бўлмайди, яхшироқ натижага эришиш учун хонани шамоллатиш керак.

Фото: Pixabay

Тозалаш воситалари

Миллионлаб кишилар ҳар куни фойдаланадиган тозалаш воситаларининг кўпчилиги таркибида саломатликка жиддий хавф соладиган кимёвий моддалар мавжуд. Уларнинг кўпида канцерогенлар бўлади. Масалан, кир ювиш учун таркибида формальдегид бўлган воситалар. Заргарлик буюмларини тозалаш воситаларининг айримларида соғлиқ учун зарарли бўлган перхлорэтилен бор.

Бахтимизга ҳозирги кунда уйни табиий воситалар билан тартибга солиш усуллари мавжуд. Бундан ташқари, агар табиий воситалар тарафдори бўлсангиз, сирка, лимон, ёғ ва ош содаси сизнинг ёрдамчингизга айланади.

Тамаки тутуни

Ҳеч кимга сир эмаски, тамаки тутунидан заҳарланиш учун чекиш шарт эмас. Узоқ вақт давомида чекувчининг ёнида бўлиш ёки яқиндагина тамаки чекилган хонада қолишнинг ўзи етарли. Айнан шунинг учун ҳам уй ичида чекиш – яхши фикр эмас. Бу нафақат сиз, балки яқинларингиз учун ҳам ачинарли оқибатлар келтириши мумкин.

Маълумки, сигарета таркибида бир неча минглаб турли кимёвий моддалар мавжуд, улардан 70 дан ортиғи канцероген саналади. Бундан ташқари, ачинарли статистикага кўра, 1964 йилдан бошлаб, 2,5 млндан ортиқ киши пассив чекишдан вафот этган. Ўзингиз ва яқинларингизни асрашнинг энг яхши усули – уйда чекишни ман этиш, айниқса эшик ва деразалар берк бўлганида.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ