Уйқусевар миялар учун машқ

Оммабоп 22-02-2015

Қиш келиши билан, ўзимизни ҳорғин, чарчаган ҳис қилишни бошлаймиз. Тез-тез эсноқ тутади, мудроқ босиб, ўзимизни лоҳас сезамиз. Натижада иш унумдорлигимиз  ҳам пасаяди. Бу, албатта, кайфиятимизга жиддий таъсир кўрсатади. Буларнинг барчаси қиш фаслида табиатда содир бўладиган ўзгаришлар билан боғлиқ. Қишда қуёш нурларидан етарлича баҳраманд бўлмаслик Д витамини етишмовчилигига сабаб бўлади. Қуёшнинг эрта ботиши, узоқ муддатли қоронғуликка нисбатан танамиз уйқу гормони —мелатонинни ишлаб чиқариш билан жавоб қайтаради. Доимий уйқусираш мия фаолиятининг сусайишига олиб келади. Бироқ бу салбий таъсирларга қарши курашишнинг ҳам ўзига хос усуллари мавжуд. Жумладан, мия фаолиятини яхшилашда бир қатор машқлардан фойдаланиш мумкин. Биз сизга шундай машқларнинг 3 тасини тавсия этамиз.

Тил ўрганинг!

Хорижий тилларни ўрганиш,шунингдек, она тилингиздаги сўз захирангизни бойитиш — мияни қувватлантиришнинг энг яхши йўлларидан бири. Бу миянинг фаол ишлашини таъминлайди. Икки тилда фаолият юритувчи кишилар мияси бир тиллиларга нисбатан ўз функциясини унумлироқ амалга оширади. Билингвистларда зарур ахборотни нокерагидан фарқлаш қобилияти ҳам яхши ривожланган бўлади. Тил ўрганиш ақлингизни чархлаши билан бирга, коммуникативлик хусусиятингизни ҳам оширади.

Математик машқлар ечинг!

Математикани ёқтирмасликдек  ёмон хусусият кўпчилигимиз учун хос (масалан, мен мактабда математикани жуда ёмон кўрганман). Мия учун энг зарур машқлардан бири, шубҳасиз, математика. 

 Математик мисол-масалаларни бажараётганда миямизнинг турли қатламлари ишга тушади. 

Аниқ ҳисоб-китоб жараёнида миянинг қатламлари очилиб бораверади. Шунчаки сонларни кетма-кетликда санаш ёки бармоқ воситасида санаш ҳам мия учун ҳар хил функциялардир. 

Ҳар куни математик машқларни бажариш орқали миянгизнинг ҳам когнитивлик функциясини мустаҳкамлаб боринг.

Сезги аъзоларингизни ривожлантиринг!

Қачон мураккаб муаммолар қуршовида қолсангиз, сезги аъзоларингизни янада кўпроқ ишлашга мажбур қилинг. Худди шундай қилсангиз, миянгиз ҳар хил вазиятларни таҳлил қилишда барча ахборотдан тўла фойдаланишга кўникиб боради. Масалан, мазали ширинликдан татиб кўринг, унга баҳо беринг ва кейин ҳидланг.  Мана шунда ширинлик мазасини яхшироқ туйиш билан бирга миянгизнинг ишлаш суръатини ҳам оширган бўласиз. Сезги аъзоларини ривожлантириш ассоциатив хотирани ишга тушуради. 

Албатта, қишнинг узун кечалари кўрпага ўралиб олиб, телевизор қаршисида севимли сериалимизни томоша қилишга нима етсин! Бироқ бу бизнинг миямизни мадорсизлантириб, уни уйқусевар қилиб қўяди. Бундай ҳолга тушмаслик учун эса юқоридаги сингари ақлий машқларни мунтазам бажариб боринг, натижа эса ўзини узоқ куттирмайди.

XABARDOR.UZ / ТАВСИЯ /  ОММАБОП



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ