Хакерлардан ҳимояланишнинг 10 усули

Интернет 19-02-2017

Бугунги кунда киберҳужумчиларнинг нишони қурбонига айланиш ўйлаганимиздан-да осон бўлиб чиқмоқда. InsiderPro аккаунтларни бузиб кирмаслик учун нималар қилиш кераклиги борасида ўз тавсиялари билан бўлишди.

 

1. Ишончли пароль ўйлаб топинг

Яхши пароль 12 белгидан кам бўлмаслиги, рақамлар ҳамда катта ва кичик ҳарфларни ўзида жамлаши лозим. Унинг  топилиши осон бўлган шахсий маълумотлардан (масалан, туғилган сана) иборат бўлиши мақсадга мувофиқ эмас.

 

2. Барчаси учун бир ишончли пароль эмас!

Бир паролни ўйлаб топиб, уни ҳамма ерда қўллаш мумкин эмас, ҳаттоки бу жуда ишончли пароль бўлса ҳам. Сайтлардан бири бузилса, хакер электрон почта манзили ва паролдан фойдаланиб, бошқа майдонларга ҳам кириши мумкин. Бундай пайтда пароллар менежерлари катта фойда келтиради - улар сизнинг барча паролларингизни ўзида сақлаб, кўпинча уларни автоматик равишда кириш саҳифасидаги сатрларга узатади.

 

3. Антивируслар ўрнатинг

Замонавий антивируслар нафақат зиён етказувчи сайтларга киришни тақиқлайди, балки почтадаги хатларни ҳамда қурилмага юкланаётган материални ҳам текширади, шунингдек компьютерни ташқи таъсирлардан ҳимоялайди.

 

4. Шубҳали ҳаволаларга кирманг

Собиқ физика ўқитувчингиз сизга "Қара, бу ерда онанг тасвирланган видео бор" сўзлари билан ҳавола йўлласа, унга кирмаслик кераклигини тушуниб етишингиз керак. Аккаунт эгасини эса унинг саҳифасини бузиб киришганидан огоҳлантириб қўйиш лозим. Бироқ охирги пайтларда хакерлар айёрроқ бўлиб боришмоқда ва йўлланаётган ҳаволаларни фойдаланувчининг қизиқишларига қараб танлашмоқда. Шу боис эҳтиёт бўлинг.

 

5. Тизимни шифрланг

Тизимни шифрлаш компьютердаги бирор бир файлга паролсиз кириб бўлмаслигини кафолатлайди. Бу тизимга киришдек оддий кўринади, аслида эса жуда ишончли. Шуни ёдда тутиш муҳимки, дискни шифрлашда қўлланган паролсиз файлларга умуман кириб бўлмайди, шунинг учун уни ёддан чиқариш ёки йўқотиб қўйиш асло мумкин эмас.

 

6. Аккаунтларни ўзаро боғламанг

Агар хакер бир акканутга киришнинг уддасидан чиқса, унга боғланган бошқа аккаунтларни бузиш унга қийинчилик туғдирмайди. Шахсий маълумотларни хавф остига қўйгандан кўра, яхшиси бир неча почта яратган маъқул.

 

7. Инкогнито режимини қўлланг

Cookie — бировнинг шахсий маълумотларига кириш имконини қўлга киритишнинг энг оддий ва кенг тарқалган усулларидан бири. Инкогнито режимида ойналарни ёпганда барча янги cookie'лар автоматик равишда йўқолади.

 

8. VPN'дан фойдаланинг

VPN'дан фойдаланиш онлайн-фаолиятни интернет-провайдердан, шу жумладан хакер ва махсус хизматлардан хавфсизликда сақлайди. VPN орқали ҳатто жамоат жойларидаги Wi-Fi'дан фойдаланишингиз мумкин.

 

9. Банк маълумотларингизни киритманг

Бир қараганда оддий ва қулай: қаерда бўлишингиздан қатъи назар интернет орқали истаган нарсангизни харид қилишингиз мумкин. Фирибгарлар айнан шундан фойдаланиб қолишади. HTTPS-боғланишнинг ишончлилигини текшириш муҳим. Бундан ташқари, сизнинг маълумотларингизни провайдердан ҳимоя қиладиган махсус дастурларни ўрнатиш мумкин.

 

10. Дастурлар ва тизимни янгиланг

Ҳар қандай дастурдаги хавфсизлик тизимида ишлаб чиқувчилар етарлича эътибор қаратмаган, вақт ўтган сайин фирибгарларга аён бўлувчи камчиликлар бўлади. Шу боис дастурлар ва браузерларни мунтазам равишда янгилаб бориш лозим. Бу сизнинг компьютерингиз муҳофозасини ошириш билан бирга унинг фаолиятини ҳам яхшилайди.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ