Xiaomi смартфонларининг машҳурлигига 5 сабаб

Гаджетлар 13-11-2017

Кечагина ҳамма жойда Samsung ва Apple смартфонлари эди, бугун эса Xiaomi'га қизиқиб қолганлар сони талайгина. "Лайфхакер" мазкур феноменни ўрганиб, бу смартфонлар машҳурлигига доир беш сабабни аниқлади.

 

1. MIUI операцион тизими

Xiaomi даставвал Android асосида ўз дастурий таъминотини  ишлаб чиққан софтвер стартап бўлган. MIUI етти йиллик тарихи давомида Android экотизимидаги энг мукаммал муқобилга айланди.

MIUI'нинг асосий хусусиятларидан бири - унинг ажойиб интерфейси. Бугунги кунга келиб, бу фойдаланишда ёқимли бўлган энг кўркам қопламдир. Бундан ташқари, ҳар бир фойдаланувчи унинг ташқи кўринишини ўз дидига қараб  ўзгартириши мумкин.

Бироқ MIUI фақатгина дизайнерларнинг ажойиб меҳнат самараси билангина машҳур эмас. Xiaomi дастурчилари ҳам ўз иши устида жуда яхшигина тер тўкишган. Мазкур операцион тизим таркибига оддий Android'да бўлмаган кўп қулай буюмлар киради. Гап унга ўрнатилган антивирус, қўшимча иш майдони, иловаларни клонлаш, сенсор ёрдамчи, энергосамарали профиллар ва фақат Xiaomi телефонлари мақтана оладиган кўплаб бошқа опциялар ҳақида бормоқда.

2. Янгиланишлар

Xiaomi компанияси ўз смартфонларининг дастурий таъминотини такомиллаштириш устидаги ишларни бир кунга ҳам тўхтатмайди.

MIUI икки ишлаб чиқариш тармоғига ажралади: барқарор ва ишлаб чиқарувчилар учун. Барқарор прошивкалар тахминан ойда бир марта янгиланади, ишлаб чиқарувчилар версияси эса ҳар ҳафта янгиланади. Уларда дастурий таъминот фаолиятидаги хатолар тўғирланади, янги функция ва имкониятлар қўшилади.

Барча фирмалар ҳам бундай таъминот билан мақтана олмайди. Бошқа ишлаб чиқарувчиларнинг смартфонлари одатда тақдимотдан сўнг икки ой ичида нисбатан қўпол хатоларни бартараф этувчи бир неча патчга эга бўлади, шундан кейин дастурчилар нисбатан янги моделларга ўтишади.

3. Автономлик

Xiaomi'нинг ҳамма гаджетлари ҳам рекорд сиғимли батареяси билан мақтана олмайди. Бироқ бу компания смартфонлари худди шундай аккумулятор сиғимига эга ҳар қандай рақиб қурилмадан узоқроқ ишлайди. 

Ушбу феноменнинг ечими операцион тизим асосларида яширин. MIUI'да гаджетларга унинг бошқаруви остида автоном фаолият давомийлигини оширишга имкон берувчи қатор энергосамарали технологиялар қўлланади. Гап  ўрнатилган иловаларнинг фон фаоллигини оқилона  бошқариш, хотира оптимизацияси ва умуман Xiaomi'нинг  қатор ишланмалари ҳақида бормоқда.

4. Xiaomi'нинг бошқа гаджетлари билан интеграллашув

Xiaomi компанияси нафақат смартфонлар, балки кўплаб бошқа қурилмаларни ҳам ишлаб чиқаради. Масалан, ақлли чойнаклар, кроссовкалар, фитнес-билакузуклар, лампалар, велосипедлар, уй датчиклари ва ҳоказо.

Бу маҳсулотларнинг барчасини ажратиб турувчи жиҳат - уларнинг ягона экотизимни ҳосил қилиб, бир-бири билан ўзаро интеграллашуви. Экотизим марказида сизнинг смартфонингиз бўлиб, ундан махсус иловалар ёрдамида барча қурилмаларни бошқариш имкони мавжуд.

Агар сиз Xiaomi смартфонларидан фойдалансангиз, у ҳолда компаниянинг бошқа гаджетлари билан  ҳам мулоқот қилиш янада ёқимли ва қулай бўлади. Агар бундай мақсадларда оддий Android операцион тизимини қўлламоқчи бўлсангиз, муаммоларга тўқнаш келишга тайёр туринг.

5. Нархи

Компаниянинг илк смартфонлари барчани кутилмаган паст нархи ва рақобатбардош хусусиятлари билан ҳайратга солди. Бунинг ажабланарли жойи йўқ: дастлабки вақтларда компаниянинг мобил бўлими ҳеч қандай даромадлар келтирмаган, яъни смартфонлар ўз нархида сотилган. Даромадни эса фақат телефонга ўрнатилган хизматлар ва сервислардан олиш режалаштирилган.

Ўшандан бери кўп ўзгаришлар рўй берди, шу жумладан компания ривожининг тижорий моделида ҳам. Шунга қарамай, Xiaomi мобил қурилмалари ҳануз бозордаги энг яхши нарх ва сифат нисбатига эга. Компаниянинг ҳар бир смартфони, у ё Redmi бюджет қатори, ёки Mi флагман серияси бўлсин, ўз нарх тоифасида энг фойдали харид ҳисобланади. Йил сайин ошиб бораётган сотувлар ҳажми буни амалда тасдиқламоқда.

Бу Xiaomi смартфонлари афзалликларининг тўлиқ рўйхати эмас. Ҳар бир инсоннинг бу маҳсулотни ёқловчи ёки унга қарши ўз далиллари бўлиши мумкин. Сизда қандай? Xiaomi смартфонлари ҳақида қандай фикрдасиз?



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ