Хитой юани ҳақидаги қизиқарли фактлар

Таҳлил 28-10-2015

Юань — Хитой Халқ Республикасининг пул бирлиги. Хитойчадан таржима қилинганда «юань» «думалоқ» ёки «думалоқ танга» деган маънони билдиради.  

«Юань» сўзининг келиб чиқиши Цин сулоласи ҳукмдорлиги даврига бориб тақалади. Ўша даврларда думалоқ кумуш танга шундай номланган. 1969 йилдан буён хитой пули расман «жэньминьби» («халқ пули» маъносини билдиради) деб аталади, юань эса жэньминьбининг ўлчов бирлигидир.

Агар Хитойга отланаётган бўлсангиз, шуни эътиборга олингки, хитой юани Гонконг ва Макаодан ташқари бутун Хитойдаги қонуний тўлов воситаси ҳисобланади. Гонконг ва Макао ўз валюталаридан фойдаланиш ҳуқуқига эга. Энди эса юань ҳақидаги қизиқарли маълумотлар билан танишинг.

1. Хитой юани – Хитойдаги думалоқ шаклга эга бўлган илк пул. Бунгача тангалар курак, болта, омоч шаклида бўлган.

2. Хитой валютаси 100га 1 тамойилига мос келмайди, масалан, 1 сўм=100 тийин сингари. Бу ерда 1-10-10 схемаси амал қилади. Яъни 1 юань 10 йао (ёки цзяо)га тенг, 1 йао эса 10 фенга тенг. 

3. Хитой юани бешта серияда чиқарилган. Биринчи серия банкнотлар 1948 йил декабрида чиқарилган. Иккинчи серия 1955 йилда, учинчиси эса 1962 йилда чиқарилган. Узоқ вақт мобайнида иккинчи ва учинчи сериядаги юанлар бир вақтнинг ўзида амал қилган. Учинчи серия 2000 йилда бутунлай муомаладан олинган. Тўртинчи сериядаги банкнотлар 1987-1997 йилларда чиқарилган ва ҳозирда ҳам амалда бўлса-да, аста-секин муомаладан чиқарилмоқда. Сўнгги бешинчи сериядаги пуллар 1999 йилдан бери чиқарилади.

4. Илгари юаннинг долларга нисбатан курси давлат томонидан белгиланарди. Лекин 2005 йилнинг июлида Хитой валютасининг долларга боғланишидан воз кечди. Ўшандан буён юань курси унинг бир нечта валюталар саватчасига нисбатидан келиб чиқиб белгиланади.

5. Кичик қийматдаги купюралар паст даражадаги ҳимояга эга, уларда ҳимоя чизиқлари умуман йўқ. Йирик қийматдаги купюраларда эса ҳимоя воситаси сифатида Маонинг соч толаларидан ҳам фойдаланилади. Уларни бармоғингиз билан пулни силаб сезишингиз мумкин.

6. Муомаладаги барча банкнотларда давлат арбоби Мао Цзэдуннинг портрети ва миллий герб тасвири туширилган. 1, 5 ва 10 юанлик пулларнинг орқа томонида Чангянг дарасидаги дарё манзараси, 20 юанликда эса Хуанхэ дарёси тасвирланган. 50 юанлик пулда Буюк Хитой девори, 100 юанликда эса учаётган аждарҳо ва Пекиндаги China Century Altar биноси сурати бор.

7. Энг катта қийматдаги купюра —100 юань. Шунинг учун қиммат нарсани сотиб олиш учун бир халта пул кўтариб боришга тўғри келади. 

8. Хитой тангаларида ҳеч қандай сиёсий тасвирлар йўқ. Масалан, 1 юанлик тангада хризантема тасвирланган. 

9. 2013 йилда юань энг оммабоп валюталар рейтингида еврони ортда қолдириб, иккинчи ўринни эгаллаган.

10. Агар Хитойда юрганингизда «мотам» пули деган иборани эшитсангиз хавотирга тушманг. Хитойликларнинг иримларига кўра, ҳар бир инсон нариги дунёда ҳам ўзи ҳақида қайғуриш имкониятига эга бўлиши керак. Шунинг учун улар мотам маросимларини ўтказиш учун реквизит вазифасини бажарувчи пулларни ўйлаб топишган. Улар 500, 10 минг, 100 минг ва 500 миллион долларлик қийматда чиқарилади. Бу пулларга «Дўзах банки» деган ёзув ҳамда ҳаётдан кўз юмган таниқли шахсларнинг суратлари туширилган.



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

  • Bakhtiyor Sheraliev
    1 йил олдин


    yettinchi raqam ostida berilgan ma'lumotni biroz bo'rttirib yuboribsizlar. Hozir men Xitoyda yashayman va hech ham unday emas. Xitoyda yuanning qadri ancha baland va bunday holatni deyarli kuzatmaysiz.
Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ