Йилнинг энг яхши гаджетлари ўнталиги

Гаджетлар 30-12-2014

2014 йилда шов-шувли технологик инқилоблар сони кўп бўлмаса-да, айтишга арзигулик янгиликлар юз берди. “Тhe-village” интернет нашри йилнинг энг яхши қурилмалари рейтингини тузиб чиқди.

“iPhone 6+”

“Apple”нинг янги маҳсулотлари ҳар йили мавсумнинг энг асосий гаджетларига айланади. “iPhone”нинг навбатдаги версияси ҳам бундан мустасно эмас: компания операцион тизимини янгилади ва экранлар ўлчамини катталаштирди. Фақат битта ноқулай томони бор: гаджетни бир қўлда бошқариш қийин.

Дарвоқе, агарда “iOS”ни ёқтирмасангиз, Хитойнинг “Xiaomi” компанияси ишлаб чиқарган “Mi 4” смартфонига эътибор қаратишингиз мумкин. Унинг ташқи кўриниши “iPhone”ни эслатади, дастурий жиҳатдан эса “Android”да ишловчи номдор қурилмалардан қолишмайди. Бу йил хитойликлар ички бозорда маҳсулот сотиш бўйича “Samsung”ни ортда қолдиришди.

“YotaPhone 2”

Ўтган йили чиқарилган “YotaPhone” деярли прототип бўлган бўлса, унинг янги версияси иккита экранли замонавий “Android” қурилмасидир. Унинг биринчи экрани рангли сенсор экран бўлса, иккинчиси батарея қувватини тежаш имконини берадиган оқ-қора экрандир.  

“Fitbit Charge”

Спорт билан шуғулланадиганлар учун йилнинг энг яхши фитнес-трекери “Fitbit Charge”: у босилган қадамлар сонини, бажарилган машқлар ва йўқотилган калорияларни ҳисоблайди, юрак ритмини кўрсатади. 

“Moto 360”

Бу йил ҳамма “Apple” ақлли соатларини кутганди, лекин у 2015 йилда сотувга чиқади. “Google” эса ёзда “Android Wear” мобиль платформасини чиқарди, бу платформа асосида “Moto 360” ақлли соати ишлаб чиқарилди. Бу соат чиройли дизайнга эга, овоз билан бошқарилади, фитнес-трекер вазифасини бажаради ва хабарлар ҳамда об-ҳаво маълумотини қабул қила олади.  

“Samsung UE65HU8500”

Келажакда 4K-фильмлар, сериал ва шоулар урф бўлади, 4K-телевизорларнинг нархи эса ҳозирда минг доллар атрофида. Ўтаётган йилнинг эсда қоларли янгилиги эгри экранли телевизорлар бўлиб, улар тасвир сифатини янада оширади. Ҳозирча “Samsung” томонидан ишлаб чиқарилган эгри экранли 4К-телевизорлар 3минг доллардан қимматроқ, лекин яқин икки-уч йил ичида бундай телевизорлар ҳар бир хонадонга кириб борса ажаб эмас. 

“Zeiss VR One”

“Facebook” асосчиси Марк Цукерберг йил бошида “Oculus Rift” виртуал воқелик шлемини яратган “Oculus VR” компанияси учун 2 миллиард доллар пул тикканди. Ҳозирча компания “Oculus Rift”нинг прототипини ишлаб чиқара олди холос ва ҳали сотув учун чиқарилмади. Лекин “Zeiss” компанияси ишлаб чиқарган  “VR One” виртуал шлемини сотиб олса бўлади.  

“Lytro Illum”

Икки йил илгари “Lytro” компанияси суратга олиб бўлгандан кейин ҳам кадр фокусини ўзгартириш имконини берувчи ғаройиб камера чиқарганди. 2014 йилда компания унинг профессионал версиясини тақдим этди. У кўринишидан фотоаппаратга ўхшайди ва ажойиб 3D-суратларни олиши мумкин. 

“MakerBot Replicator Mini”

3D-принтерлар энди янгилик бўлмай қолди, чунки уларни оддий фойдаланувчилар ҳам сотиб олишлари мумкин. “MakerBot Replicator Mini” йилнинг энг кутилган 3D-принтери бўлди: у ихчам (томонларининг узунлиги 40 сантиметр атрофида), оғирлиги саккиз килограмм ва чоп этиш жараёнини видеокамера ёрдамида масофадан кузатиб туриш мумкин. 

“3DRobotics Iris+”

2009 йили “Wired” технологик журналининг собиқ бош муҳаррири Крис Андерсон “3DRobotics” компаниясини ташкил этганди. Компания “Iris+” дронини омма эътиборига ҳавола этди. Квадрокоптер учиш ва видеога олишдан ташқари, автоматик режимда ҳам ҳаракат қила олади ва зарурият туғилганда смартфон орқали бошқарилади. 

“SCiO”

Исроилликларнинг “SCiO” деб номланувчи молекуляр сенсори “Kickstarter”да икки ярим миллион доллардан ошиқ маблағ йиға олди. Флешкани эслатувчи бу спектрометр смартфонга уланади ва атрофдаги нарсаларнинг кимёвий таркибини аниқлайди: масалан, таомдаги оқсил, ёғ ва углеводлар миқдорини. Соғлиги ҳақида қайғурадиганлар учун ажойиб қурилма. 



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2019 XABARDOR.UZ