Замонавий қадим эртак: пластик карточка ёхуд ҳийлакашлар оламига саёҳат

Жамият 12-11-2016

Қадим замонда... ие, “қадим замонда” деб бошлашга бало борми? Қадим замонни пеш қилиб бугунги кунни ёзаётганингни ҳамма кўриб турибди-ку.

Мундай ўйлаб қараса, барибир қадимги замонни эслашга тўғри келаркан. Ўша ўзимиз билган сийқаси чиққан қадим замонда Дилкаш Махзум исмли дилкаш киши ўтган экан. Хотини бор экану, аммо яна бир дилкашга муҳтож бўлиб, уйлангиси кеп қолибди. Аммо хотин акани кўндиришнинг ўзи бўладими? Шунда унга бир доно маслаҳатгўй учрабди ва “Аёлингизни гўёки уйқусираб эмасиз. Натижада сиз шаръан унинг фарзандига айланиб қоласиз ва у сизга ҳалол бўлмасдан бошқасига уйланишингизга йўл очилади”, дебди. Бундай оппа-осон йўлдан дадил борган Дилкаш Махзум мурод-мақсадига етибди.

Дарвоқе, юқорида Ғафур Ғуломнинг ҳикоясини ёздим. Ҳикоя тақдирга тан берган содда хотинига туллак махзумнинг “Онажон, энди фарзандингизнинг бошини иккита қилинг”, дея эркаланиши билан тугайди.

Йўл топса бўлар экан. Мирзакаримбойнинг уруғларидан бири эса мусулмоннинг зиммасидаги бурч бўлган закотни қуйидагича усулда адо этади. Бир ночорга от-арава эҳсон қилади, у отни миниб кўчани бир айланиб келгач, йўлни бўйида турганча бой ака “Биродар, отни сотмайдиларми” дея гап учиради. Биродар сотмай ўлибдими, астойдил савдо қилгач, бир чақага розилик билдиради. Ахир, ҳаммаси олдиндан келишилган бўлса, ажабланишнинг нима кераги бор? Камбағал йилда бир марта от миниб қолганига дўпписини осмонга отса етарли-да, нима дедингиз.
Дарвоқе, юқорида Ойбекнинг романидан парча келтирдим.

Шу воқеалардан кейин юз йил ўтибди ва уларнинг авлодларига пластик карта номли матаҳ жорий қилинибди. Асли пластик карта билан қоғоз пулнинг қиймати бир хиллиги ҳатто алифбе китобида ҳам қайд этиб қўйилган экан. Аммо, амалда бир хил эмаслигини тан олиш, худди Андерсен эртагидаги “Қирол яланғоч-ку!”, деб қичқиришдек ҳисобланаркан.

Натижада, кичикроқ товарларнинг нархини 2 турда, катта ҳажмли товарларникини 3 турда аташ расм бўпти. Ҳа, ажабланманг, шакар нақд пулга 3600 бўлса, пластикка 4200 бўларкан ва буни ҳамма мақбул, лозим ва лобуд ҳисобларкан.

Перечислениега олса бўладиган компьютер, электр плита каби буюмлар эса 3 турдаги нарх билан баҳоланаркан. Нақд пулга бир миллионлик буюм пул ўтказиш йўли билан харид қилганда 1250 минг бўлиши аввалдан бор гап. Аммо иккала нархнинг ўртасига пластик нархи, деган қиймат ҳам бамайлихотир суқилибди. От билан туя бўлармиди, у 1100-1200 мингнинг ўртасида айланишибди.

Бу замонда магазинга кириб савдо қилсангиз, “пластикка бўлса, устига ўн фоиз қўшимчаси бор”, деб айтиш урф бўпти. Чунки сотувчи, янаям аниқроғи дўкон эгаси пулини банкдан нақдлаштиролмайди. Солиқчи эса ундан нақд пул сўрашини қўймайди.

Аммо пластик пул нақд пулга тенглиги лоп этиб ҳамманинг эсига тушибди. Ҳушёр тортган давлат мутасаддилари ҳар бир савдо марказига “пластик учун устама олинмайди”, “кимки пластикка савдо қилишда устама қўйса, адабини бераман”, деган ёзувларни илдириб, ишонч телефон рақамигача ёздириб қўйибди.
Тадбиркорлар қийин ҳолда қолишибди. Виртуал пулни банкда тўлиқ нақдлаштириш мумкинлигига ишониш учун кў-ўп содда бўлиш керак. Виртуал ва нақд орасидаги 10-20 фоиз фарқни қайси ўпқон ютишини изоҳлаган иқтисодчини эса Швецияда Нобель кутяпти. Устамасиз тадбиркор зарар кўради, устама қўйса яна бир бало.

Ҳамма қиссаларда бўлгани каби бир донишманд уларнинг жонига оро кирибди.
- Аввал қандай сотардинг?
- Тақсир, ўн минглик нарсани пластикка устама қўйиб ўн икки мингдан сотардим.
- Ё, алҳазар, бу ахир, давлат қонунига зид-ку, - хитоб қилган бўпти донишманд.
- Худди шундай, аммо банкдан пулни нақдлаштиришим учун мажбурман. Акс ҳолда савдоим касодга учрайди.
Донишманд бундай ишларни кўравериб пишиб кетгани учун чаккасига бармоғини тираб чуқур ўйга ҳечам чўмиб ўтирмасдан, дарҳол хулоса берибди:
- Минбаъд ўн минглик товарни ўн икки мингдан сотасан.
- Тақсир, дўконимдаги нархни кўтарсам, харидорнинг қадами қирқилиб, яна зиён кўраман.
Донишманд худди киноларда энг ключевой сўзни томошабинга эшиттирмай айтгани сингари шивирлаб нимадир дебди.

Эртадан бошлаб, тадбиркорлар ўн минглик товарига ўн икки минг, йигирма минглигига йигирма тўрт мингдан нарх белгилашибди. Нархни дўкон эгаси белгилайди, ўзининг хоҳиши, ҳеч ким эътироз билдиришга ҳақи йўқ, кўнгли кўтармаган олмасин.

Аммо шивирлаш удуми урфга айланиб кетибди. Харидор нақд пулга савдо қилишидан огоҳлантирса, “келаверинг сизга ўн мингга берамиз”, деб шивирлайди сотувчи. Пластик картага эса ҳўў юқорида белгиланган нарх бўйича сотилади. Дарвоқе, виртуал ва нақд пул орасидаги фарқ шу кундан эътиборан чегирма деб аталадиган бўлибди. Сотувчи эса “устама қўйишни бас қилиб, чегирма билан сотадиган” бўлибди. Ҳиммат бўлса, шунчалик-да.

Шундай қилиб ҳамма нарса ўз ҳолича қолибди. Аммо ечим топилибди.

Муаллиф: Алфраганус

Манба: Sof.uz



МАҚОЛА МАНЗУР КЕЛГАН БЎЛСА ДЎСТЛАРИНГИЗ БИЛАН ҲАМ БЎЛИШИНГ

МАЗКУР БЎЛИМДАН ЭНГ СЎНГГИ МАҚОЛАЛАР



Изоҳлар

Изоҳингиз учун раҳмат. Тез орада сайт маъмурияти уни кўриб чиқиб, чоп этади.
Изоҳ ёзиш

Биринчилардан бўлиб изоҳ қолдиринг!

Биз сизга дунёнинг гўзаллигини эслатиб турамиз. Ишдан, мактабдан ва кўчадаги бошқа юмушлардан ҳориб уйга қайтганингизда, сизни ҳаётнинг оддий ва одатий ташвишларидан бироз чалғита олсак, ютуғизмиз шудир бизнинг.
Яндекс.Метрика

© 2017 XABARDOR.UZ