АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг амалдаги спикери Нэнси Пелоси янги муддатга “конгресс аёл” сифатида қайта сайланди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Демократик партия вакили бўлган Пелоси Конгрессга сайловлар давомида Калифорниянинг 11-округида 82,2 фоиз овоз тўплаган. Унинг республикачи рақиби Жон Деннис эса 17,8 фоиз овоз олди.
Пелоси 1987 йилда Вакиллар палатаси аъзоси этиб сайланган. 2019 йил 3 январдан бошлаб у спикер ҳисобланади.
Аввалроқ, 9 ноябрь куни АҚШ Республикачилар партияси Вакиллар палатасида вақтинчалик 219 ўринни эгаллагани хабар қилинганди. Демократлар эса 216 ўринни қўлга киритди. Мамлакат қонунчилигига кўра тўлиқ назорат учун камида 218 ўрин керак бўлади.
8 ноябрь куни АҚШ Конгрессининг ҳар икки палатасига оралиқ сайловлар бўлиб ўтди ва ҳозирда сайловчилар овозини санаш жараёни давом этмоқда. АҚШ фуқаролари бутун Вакиллар палатаси ва Сенатнинг учдан бир қисмини қайта сайлайди. Айни пайтда мамлакатда ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи тармоғи, шунингдек, ижро этувчи ҳокимият демократлар назорати остида.
Бир неча кун аввал собиқ президент – Республикачилар партияси вакили Дональд Трамп республикачиларнинг бўлажак ғалабасига ишонч билдирган эди.
Пелоси 1987 йилдан бери Вакиллар палатасида ишлайди ва Конгрессдаги кейинги муддати тугагунга қадар 84 ёшга тўлади. Бундан ташқари, агар республикачилар палатадаги кўпчилик ўринларни эгалласа, спикер ўз партияси вакилидан сайланади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!