Индонезия икки ўт орасида: Ғарб унинг Россияга топширган таклифномасини қайтариб олишини хоҳлаяпти... Хўш, ушбу вазиятда Жокови кимга ён босади?
G20 Индонезия саммити ҳақида - АҚШ, Европа ва Россия.
2022 йилги G20 конференцияси - дунёдаги энг йирик иқтисодиёт эгаларнинг ҳукуматлараро йиғилиши 15 ва 16 ноябрь кунлари Индонезиянинг Бали шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Бу йилги G20га иттифоқчилар босимига дуч келаётган Индонезия президенти Жоко Видодо (Жокови) раислик қилмоқда. Россиянинг Украинага қарши уруши сабабли ғарб давлатларининг раҳбарлари рус вакилларини саммитда қатнашиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ниятида. Ҳатто, баъзи давлатлар Россия вакиллари қатнашадиган учрашувларни бойкот қилиш билан таҳдид этмоқда.
Украина эса G20 аъзоси бўлмаса-да, АҚШ ва Канаданинг дастлабки таклифларидан сўнг саммитда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг 14 апрель куни Кремль Россия молия вазири Антон Силуановнинг конференцияда виртуал иштирок этишини маълум қилган эди. Аммо, Россиянинг Украина фуқароларига қарши уруш жиноятлари содир этгани ҳақида батафсил маълумотлар пайдо бўлгач, АҚШ ва бошқа кўплаб дунё етакчилари конференция борасидаги позицияларини ўзгартиришди. Ҳаттоки, АҚШ президенти Жо Байден Путинни "ҳарбий жиноятчи" дея атади.
Австралия Бош вазири Скотт Моррисон Путиннинг G20 да иштирок этишига рухсат бериш "жуда ёмон қадам" бўлишини айтди, Канада ҳамда Европа вакилларини Россиянинг тадбирдаги бу йилги иштирокини тақиқлашга чақирди.
Икки ўт орасида қолган Индонезия: Унга ҳар томондан босим бўляпти
Индонезия одатда "эркин ва фаол" ташқи сиёсатга интилиб, йирик давлатлар билан можароларга аралашмасликка ҳаракат қилади. У Россиянинг Украинага қарши ҳарбий босқинига нисбатан нейтрал позицияни эгаллаб келмоқда. Мамлакат урушни тугатиш ҳақида умумий баёнотлар берган ва БМТнинг тинчликка чақирувчи резолюциясини имзолаган бўлса-да, Жокови Россияга қарши санксиялар қўллашдан бош тортди, у ҳарбий ҳаракатларни “уруш” деб атамайди ва шу пайтгача ҳеч қандай ҳужжатда Россияни тўғридан-тўғри босқинчи деб атамаган. Шунингдек, БМТнинг Россияни БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши аъзолигидан чиқариб туриш тўғрисидаги резолюциясига овоз беришда ҳам бетараф позицияда қолган.
G20 Россия Украинага бостириб кирганидан кейинги биринчи йирик халқаро конференсия бўлади ва бу халқаро ҳамжамиятга урушга муносабат билдириш учун ажойиб имкониятдир. Ҳозирча Индонезия Путин ёки бошқа вакилларининг иштирок этишига рухсат бериш қарорига нисбатан "холис" бўлиб қолишини айтмоқда. Мамлакат расмийларидан бири - Трианся Джани G20да белгиланган қоидалар ва кўрсатмаларга амал қилиш шартлигини айтиб ўтди, бу вазиятда G20га Россияни таклиф қилиш керак бўлади.
Расмий Индонезия турли конференсиялар ва форумлар ёки ташкилотларга раислик қилишда ҳар доим қўлланиладиган қоидалар ва тартибларга бўйсунишини таъкидлаб келган. Бу гаплар G20 борасида ҳам амал қилади.
Индонезия амалдорлари Президентдан розими?
Индонезиялик амалдорлардан бири Аффенди Симболон Жоковининг позициясини "содда" деб атади ва уни шунчаки "тадбир ташкилотчиси" вазифасини бажариш ўрнига G20нинг амалдаги раиси сифатида қатъий чора кўришга чақирди.
Индонезиялик оддий аҳоли ким томонда?
Индонезиялик фуқароларнинг бир қисми президентнинг нима учун Россияни Украинадаги ишлардан кейин ҳам саммитга таклиф этаётганини сўраб, буни "мантиқсизлик" деб атаганлар.
Бошқа бир гуруҳ фуқаролар эса мамлакат раҳбарига юзланиб, Индонезия бошқа давлатлар, хусусан Америка томонидан дикте қилинмаслиги керак деб айтишган. Унинг гапларига кўра, агар президент Россияни G20 дан чиқариб юборса, мамлакат мустақил эмаслиги ва Европа олдида Индонезиянинг ҳақиқий қиёфаси ночорлигини кўрсатиб қўйиши мумкин. Бу эса мамлакатнинг халқаро обрўсига путур етказади.
“Унга исталмаганини айт, уйига кетсин: Ғарбнинг Россияни четлатишга уринишлари
Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида АҚШнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан: “Биз Россия учун халқаро институтлар ва ҳамжамиятда одатдагидек муносабатда бўлишнинг иложиси йўқ деб ҳисоблаймиз", деган.
АҚШ молия вазири Жанет Елленнинг айтишича, АҚШ Россия вакили иштирок этадиган G20 учрашувларини бойкот қилади. “Мен Индонезия раҳбариятига агар у ерда руслар бўлса, биз бир қатор учрашувларда қатнашмаслигимизни айтдим", - деган эди у.
Шунга қарамай, ҳали ҳам G20 аъзоларининг баъзилари Россияни гуруҳдан бутунлай чиқариб ташлаш керакми ёки йўқлиги борасида аниқ бир тўхтамга келмаган.
Шу йилнинг 23-март куни Полшанинг собиқ тараққиёт вазири Пиотр Новак АҚШдан Россияни G20 таркибидан чиқариш ва унинг ўрнига Варшаванинг иттифоққа қўшилиши имкониятини кўриб чиқишни сўради. “Украинага ҳужум қилиб, халқаро ҳамкорлик қоидаларини бузганидан кейин" катта йигирматаликда Россияга жой бўлмаслиги керак". Польша сўнгги 30 йил ичида дунёдаги энг тез ривожланаётган иккинчи давлат сифатида G20дан жой олишга лойиқдир", – деган у.
Март ойидаги матбуот анжуманида Байден Россияни гуруҳдан чиқаришни қўллаб-қувватлашини айтди. Бироқ, амалдаги тартиб-қоидалар G20 азосини чиқариб юборишга имкон берадими ёки йўқми – бу аниқ эмас. Чунки ҳар бир аъзо давлат қарор бўйича консенсусга эришиши керак. Шундай қилиб, Россиянинг G20 дан расман олиб ташланиши даргумон.
Россия томонида кимлар бор? Хитой Москвани қўллаб-қувватлайдими?
"Хитой аллақачон Россиянинг G20даги иштирокини давом эттиришини қўллаб-қувватлашини айтган, чунки у мамлакатни "муҳим аъзо" деб билади ва хабарларга кўра, Жоковидан уруш G20саммитининг кун тартибига айланишига йўл қўймасликни сўраган", - дея хабар беради "South China Morning Post".
Хитой ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ван Венбин ҳам "ҳеч бир аъзо бошқа давлатни аъзоликдан чиқаришга ҳақли эмас" деб таъкидлаган.
Шунингдек, Бразилия президенти Жаир Болсонаро ҳам Путиннинг конференцияда иштирок этишини қўллаб-қувватлайди.
Жоковининг жумбоқлари: Индонезия нимадан хавотирда?
Индонезия расмийлари бу йилги конференциядан халқаро майдонда кўпроқ таъсир ўтказиш ва тан олиниш учун фойдаланишга умид қилишганди.
Афсуски, Россиянинг мавжудлиги ва ундан кейинги бойкотлар Индонезияни сиёсий томонлама боғлаб қўйиши ҳамда Жоковининг кун тартибини бузиши мумкин. Ўзининг кучли иқтисодий йўналиши ва консерватив ташқи сиёсати билан танилган Жокови саммитдан COVID-19 иқтисодиётини тиклаш ва ривожлантириш бўйича саъй-ҳаракатларни ҳал қилиш учун фойдаланишни режалаштирган. Бу йилги конференция мавзуси "Биргаликда тикланамиз, кучлироқ тикланамиз" бўлади.
Муаммо шундаки, агар Путин ёки Зеленский тадбирда қатнашса, катта эҳтимол билан, саммитнинг эътибори Россия ва Украина мавзусига қаратилиб, конференциядан кўзланган мақсадлар четда қолиб кетиши мумкин.
Индонезия аслида ким томонда?
Индонезия кибермаконида "россияпараст тарғибот" тўлқинлари пайдо бўла бошлади. Айниқса, 2000 йиллар бошидаги "террорга қарши уруш" ва ундан кейинги исломофобия сиёсати авж олганидан сўнг дунёдаги энг кўп мусулмонлар яшайдиган давлат бўлган Индонезия фуқаролари АҚШга нисбатан чуқур ишончсизликка эга бўлишди.
Бандунгдаги "Universitas Jenderal Achmad Yani"нинг халқаро муносабатлар бўйича ўқитувчиси Ёҳанес Сулаймон "Al Jazeera"га берган интервьюсида шундай деган: "Россияпараст индонезияликлар" Қўшма Штатларни ёқтирмайди ва унга ишонмайди. Одамлар ўтмишда 11 сентябрь фитнаси ва оммавий қирғин қуролларининг йўқлиги каби уйдирма деб ҳисобланган сабабларга кўра, АҚШнинг Афғонистон ва Ироққа ҳужум қилганини кўрган. Бу уларнинг АҚШ оммавий ахборот воситалари мисолида ахборот манбаларининг ишончлилигига шубҳа қилишларига таъсир кўрсатди. Кўпчилик АҚШдан келган янгиликларни ўқимайди, бунга сабаб қилиб эса уларни шунчаки қабул қила олмасликларини таъкидлашади. Аммо, бунинг асл илдизи уларнинг АҚШга нисбатан ишончсизлигидир.
Жокови энди нима қилиши керак?
Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги кўплаб давлатлар сингари Индонезия ҳам Россия билан ижобий тарихий алоқаларга эга.
Бу омиллар Жоковининг ишини янада қийинлаштиради. Чунки у бир томондан, Россиянинг иштирок этишига рухсат бериш билан муносабатларни ушлаб қолишга эришса ҳам иккинчи томондан Ғарб билан сиёсат мувозанатини йўқотиши хавфи катта.
Индонезия президенти бу муаммони "сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган" қилиб ҳал эта олса, бу жараёнда саммитдан кўзлаган мақсадларига эришиши мумкин.Аммо бундай бўлмаса, Ғарб ҳукумати билан катта муаммоларга дуч келиши ёки Россия билан умумий муносабатларини узишига тўғри келади. Ҳар иккала вазият ҳам мамлакат учун яхшилик келтирмаслиги аниқ.
Муаллиф: Сардор Тўланбоев
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!