18 нафар россиялик Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи полковник Улуғбек Муҳамедов маълум қилган.
“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонуни 21-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларидан келиб чиқиб, Президент томонидан чет давлатларнинг фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга қонунда белгиланган талаблар (чет давлат фуқаролигидан воз кечиши, республика ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида 5 йил муқим яшаши, қонуний тирикчилик манбаига эга бўлиши, давлат тилини лозим даражада билиши) қўлланилмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигини бериши мумкинлиги белгиланган.
Жорий йил бошидан буён ҳозирга қадар 18 нафар Россия Федерацияси фуқароси Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги қарори билан хорижий фуқароларнинг ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар рўйхати тасдиқланган.
Шундан 8 та мамлакат фуқаролари визасиз, Қирғизистон Республикаси фуқаролари 60 кунгача, 76 та мамлакат фуқаролари 30 кунгача визасиз келишлари мумкин.
Визасиз режим кўрсатиб ўтилган мамлакатлар ҳудудида доимий яшайдиган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан қўлланилмайди.
Шунингдек, Хитой Халқ Республикаси, жумладан, Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари учун мамлакатнинг халқаро аэропортлари орқали кўпи билан 10 кун муддатга Ўзбекистон Республикасига киришнинг визасиз режими (Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларининг бўлинмаларига йўловчилар тўғрисида дастлабки маълумотларни ўз вақтида тақдим қилувчи ташувчининг қайтувчи авиачиптаси мавжуд бўлганда) жорий этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги фармони билан 56 та мамлакат фуқароларига электрон кириш визасини олиш имконияти яратилган.
Чет эл фуқароларини истисно ҳолатларда қабул қилиш бўйича имтиёзлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида белгиланмаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!