Ўзбекистон Малайзия сайёҳлари учун энг яхши йўналишлардан бирига айланиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги маълум қилди.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги Бухоро вилояти Бош бошқармаси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги раҳбариятидан иборат делегация Малайзияга ташриф буюрди. Ушбу ташриф Ўзбекистон Республикаси Президентининг зиёрат туризми ва халқаро алоқаларни ривожлантириш борасидаги топшириқларига биноан амалга оширилди.
Ташриф доирасида Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми элчиси, Малайзиянинг Перлис шаҳри муфтийси Моҳд Асрий бин Зайнул Абидин, Малайзия Ислом санъати музейи раҳбарияти, Куала-Лумпур шаҳридаги “Имом Бухорий” номли жомеъ масжиди раҳбарияти, Куала-Лумпур аэропорти раҳбарияти ва “Алфа груп” бошқарув раҳбарияти, Малайзия туристик компаниялар ассоциацияси — МАТТА раҳбари билан учрашувлар ўтказилди.
Мазкур учрашувларда икки мамлакат ўртасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, сайёҳлар оқимини кўпайтириш учун мамлакатлар ўртасида мунтазам тўғридан-тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш ва нархларни муқобиллаштириш кераклиги алоҳида таъкидланди.
“Тошкент ва Куала-Лумпур ўртасида ўзбек авиакомпаниялари рейсларининг тез-тез йўлга қўйилиши, шубҳасиз, давлатлар ўртасидаги туристик алоқаларнинг ривожланишига ёрдам беради", – деди Малайзиянинг Перлис шаҳри муфтийси Моҳд Асрий бин Зайнул Абидин.
Учрашув натижасида 2023–2024 йилларда Куала-Лумпурдаги Ислом санъати музейида “Ўзбекистон – Ислом маданияти маркази” мавзусида экспозицияни ташкил этиш (Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда), 2023–2024 ўқув йилида Ал-Бухорий халқаро университетида бакалавриат йўналишлари бўйича таҳсил олиш учун Ўзбекистоннинг кам таъминланган оилаларидан иқтидорли талабаларга таълим грантлари ажратиш, Малайзиянинг Куала-Лумпур аэропорти ва Бухоро халқаро аэропорти ўртасидаги ҳамкорлик ва бошқа муҳим масалалар борасида келишувларга эришилди. Бу келишувларни янада мустаҳкамлаш учун эса малайзиялик туризм сектори вакиллари жорий йилнинг 1–7 ноябрь кунлари Самарқанд, Бухоро, Тошкент ва Хивада бўлиб ўтадиган "Зиёрат туризми" форуми ҳамда 30-ноябрь – 1 декабр кунлари Тошкентда ўтказиладиган Халқаро туризм ярмаркасига таклиф этилди.
Малайзиядаги бутунжаҳон сўфийлар маркази раҳбари Саид Абдул Карим Куала-Лумпур, Жакарта, Дакка, Карачи, Деҳли шаҳарларидан Бухорога тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилган тақдирда, ҳар йили минглаб сайёҳларнинг Ўзбекистонга саёҳатларини ташкил этиш имконияти мавжудлигини билдирди.
Куала-Лумпурдаги музокаралар натижасида шунингдек, 2023 йил баҳор ойларида Бухорода «Нақшбандия» фестивалини ўтказишга келишиб олинди.
Бундан ташқари, малайзиялик зиёратчиларнинг "Умра+" дастури орқали Бухорога саёҳатларини ташкил этиш бўйича чартер рейсларни амалга оширишга доир таклифлар илгари сурилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!