2021 йил 26-30 ноябрь кунлари Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Мадрид шаҳрида (Испания) бўлиб ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг 143 Ассамблеяси ишида иштирок этмоқда.
«Демократия учун замонавий таҳдидлар: тафовутларни енгиб ўтиш ва ҳамжамиятларни барпо этиш» мавзусидаги Ассамблеяда Парламент Ассамблеясига аъзо 123 та парламент, 20 та кузатувчи давлат ва 8 та халқаро ташкилотдан 1,5 мингга яқин делегат иштирок этмоқда.
Қай этилишича, тадбирни Испания қироли Филип VI очиб берди ва парламентларни демократиянинг муҳим марказий институти деб ҳисоблашини таъкидлади.
БМТ Бош Ассамблеяси Раиси А.Шаҳид ва Бош котиби А.Гутерриш ҳам парламент дипломатиясининг устувор роли, шунингдек, БМТ битимларини амалга оширишда вакиллик органлари фаолияти муҳимлигини таъкидлади.
Ялпи мажлисда Олий Мажлис Сенати Раиси Т.Нарбаева нутқ сўзлаб, бугунги кунда Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда халқ фаровонлигини ошириш, аҳолининг ҳуқуқлари ва ҳимоясини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда демократик ўзгаришлар амалга оширилаётганини қайд этган.
Бу жараёнда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланган.
Парламент юқори палатаси раҳбари Т.Нарбаева ўз нутқида Парламентлараро иттифоқига аъзо мамлакатлар делегацияларини 2022 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган Парламентлар аёл раҳбарларининг навбатдаги саммитига таклиф қилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!