Самарқанд, Жиззах ва Андижон вилоятларида ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган фирибгарлар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Самарқанд вилояти бошқармалари томонидантезкор тадбир ўтказилган. Ушбу тадбир давомида аниқланишича, фуқаро Ш.Ш. бошқа бир фуқаро Ш.га Қозоғистон Республикасидаги университетнинг 1-курсини тамомлаганлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб бериб, кейинчалик ушбу ҳужжат асосида Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институтига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган. Бунинг эвазига эса ундан 4 000 АҚШ доллари сўраган.
Шундан сўнг, фуқаро Ш.Ш келишилган пулларни олган вақтида ҳуқуқ тартибод органи ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, Департаментнинг Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда, муқаддам фирибгарлик ва бошқа жиноятлари учун судланган Ф.С. фуқаро З.нинг ишончига кириб, уни танишлари ёрдамида 2 000 АҚШ доллари эвазига Жиззах давлат педагогика университетига ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилгани аниқланган. Шундан кейин, фуқаро Ф.С олдиндан 5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай, Андижон вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилиб, Пахтаобод туманидаги Абу Али ибн Сино жамоат саломатлиги техникуми талабаси О.Д. фуқаро Г.нинг фарзандини танишлари ёрдамида ушбу техникумга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Хабарга кўра, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!