Ўзбекистон инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов бошчилигидаги делегация Токиода Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги катта вице-президенти Кеичиро Наказава билан учрашди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, ушрашувда томонлар Орол денгизининг қуриган туби ҳудудида тадқиқотлар олиб бориш учун илмий станция яратиш, Оролбўйи ҳудудини иқтисодий ривожлантириш, ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида Япониянинг кичик инновацион технологияларини жалб қилишда ҳамкорлик олиб бориш масалаларини муҳокама қилди.
Шунингдек, стартапларни қўллаб қувватлаш ва ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш учун қўшма акселератор дастурини ташкил этиш бўйича фикрлар алмашилди.
Кеичиро Наказава Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш соҳасида кредит шартномасини имзолаш учун Тошкентга амалга оширган сафарини самимий эсга олди. Ўзбекистонда ҳаётга тадбиқ этилаётган ислоҳотлар унда катта ижобий таассурот қолдирганини таъкидлаб ўтди. Ўз ўрнида илм-фан ва инновациялар соҳасига ҳам республика раҳбарияти томонидан қаратилаётган эътибор яқин келажакда катта натижалар келтиришига ишонч билдирди.
Иброҳим Абдураҳмонов эса Япония билан ҳамкорлик даражасини юқори баҳолаб, ҳозирги кунда амалга оширилаётган ишлар бўйича маълумот берди. Жумладан, Ўзбек-япон ёшлар инновацион маркази фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳамкорликда амалга оширилган молиявий ва инфратузилмавий ўзгаришлар, Оролбўйи ҳудудида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва экологик ҳолатни яхшилаш бўйича Ўзбекистон ва Япония олимлари ҳамкорлигида бажарилаётган қўшма тадқиқотлар қайд этилди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!