$
12718.08 UZS
23.08
137.82 UZS
-0.3
13710.09 UZS
61.7
28° Кечаси 16°

Каримовга суиқасд. Февраль воқеаларига 25 йил тўлди

10:19 / 16.02.2024

Аксарият одамлар шунчаки эшитган, ўтган аср кишиларидан кўпчилигининг ёдига муҳрланган мудҳиш воқеага 25 тўлди. Тўғридан-тўғри Ўзбекистон мустақиллигига таҳдид, биринчи президент Ислом Каримов ва бошқа бир қанча мансабдор шахсларга суиқасд. Воқеа аслида қандай бўлган? Тошкентдаги портлашни кимлар уюштирган эди? Бундан кўзланган мақсад нима? Мазкур террорчиликка Каримов қандай реакция билдирган? Қуйидаги мақолада кенгроқ ва батафсил гаплашамиз.

Бугунги авлод вакиллари фақатгина эшитган ёки қаердадир кўзи тушган, аммо ўрта ёшли кишиларнинг ёдида яхшигина қолган ва айримлари кўзи билан кўрган 16 февраль воқеаларига 25 йил тўлди. Пойтахтда содир этилган теракт энг катта қўпорувчилик ҳаракати дея баҳоланади. 1999 йил 16 февраль куни Тошкентнинг Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та портлаш юз беради. Улардан бештасида портловчи моддалар тўлдирилган машиналар портлатилади. Портлаш натижасида 16 киши ҳалок бўлади ва 100 дан ортиқ одам жароҳатланади.


Айни ўша куни Вазирлар Маҳкамаси биносида 1998 йил якунлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтиши ва унда президент Ислом Каримов ҳам қатнашиши керак эди. Портлашлар тўғридан-тўғри давлат раҳбарига ва амалдаги конституцияга қилинган суиқасд ва ҳокимиятни ағдаришга қилинган ҳаракат эди.

Ўша пайтда Президент матбуот котиби ва Олий Мажлис депутати бўлган Азамат Зиё бу воқеаларни шундай эслайди: “Ўша куни тахминан 09:45 ларда автоматдан отилган ўқ овозини эшитиб қолдик. Кейин мен Президент соқчиларининг биридан Президент келган, келмаганини сўрадим. Соқчи Президент деярли келиб бўлганини айтди. Мен пастга қараб югурдим. Шунда 3-қаватларга етганимда жудаям кучли портлаш содир бўлди”.


Азамат Зиёнинг эслашича, у Ислом Каримовни хавфсиз жойга кетишга ундаган. Аммо давлат раҳбари бунга жавобан: “Бу гапни бир марта гапирдинг, бошқа гапирмагин! Бу нафақат менга қаратилган, балки энг аввало, халқимизга, давлатимизга ва мустақиллигимизга қарши қаратилган хуруждир”, деган ва айнан портлашлар содир бўлган жойга йўл олган.

МХХ раҳбари Рустам Иноятов ва ички ишлар вазири Зокиржон Алматов ҳамроҳлигида Ислом Каримов портлаш юз берган жойларга бориб, шахсан ўзи кўздан кечиради. Одатда кўриниш бермайдиган президент қўриқчилари автоматлар билан давлат раҳбарига зич юриб, ҳаракатланади.


Ҳали террористик ҳаракатлар тугамаган бир пайтда президент воқеа жойидан туриб, халққа мурожаат йўллайди: “Мана шу бинода шкастланган ва яраланган инсонлар бор. Ўйлайманки, бунга кимдир чуқур тайёргарлик кўрган. Мақсади президентни йўқ қилиш, халқимизнинг тинчлигини бузиш ва керак бўлса қўрқитиш, одамларнинг юрагига ваҳима киргизиш. Мана, Ўзбекистонда тинчлик бузилди, мана бизларнинг кучимиз бор, таъсир қила оламиз ва керак бўлса, Ўзбекистонни йўлдан бура оламиз деб кимдир катта тайёргарлик кўрган. Лекин бизнинг қудратимиз ва кучимиз етарли. Бизни ҳеч қандай куч йўлдан уролмайди. Ўйлайманки, бугунги олиб бораётган сиёсатимизни халқимиз қўллаб-қувватлайди. Биз учун энг катта куч шу. Мана шу жойдан туриб, халқимизга мурожаат қилиб айтмоқчиман: ваҳима бўлмасин, агар менга ёрдам бермоқчи бўлсангиз ваҳима бўлмасин. Кучимиз етади буларни жой-жойига қўйишга, нафақат жойига қўйишга, балки бу муттаҳамларнинг қўлини кесиб, ташлашга ҳам қурбимиз етади, кучимиз етади. Халқимиз шуни билсин”. Каримов интервю бераётган бир пайтда орқа томонда яна бир портлаш юз беради.


Бу пайтда одатдаги тартибда ишлаётган марказий телеканалда “Шайтанат” сериалининг намойиши кетаётганди. Эфир тўхтатилади ва шошилинч тарзда портлашлар ҳақида хабар берилади. Кейинчалик ахборот дастурларида гумонланувчи шахслар суратлари ҳам кўрсатилади ва уларни қўлга олишда асосли хабар йўллаганларга 240 минг АҚШ доллари миқдорида мукофот пули ваъда қилинади.

Асосий гумондорлар сифатида диний радикализм йўлини тутганлар кўрилди. Умуман, мустақилликка эришган Ўзбекистонда 1999 йилга қадар ҳам ваҳобийлик деган умумий ном остида ақидапарастлик, диний радикализмга қарши кураш бошланган, кўпчилик жавобгарликка ҳам тортилган эди.

Мазкур воқеалардан кейин Ўзбекистонда хавфсизлик масалаларида кескин қарорлар қабул қилинади, асосий бинолар тўсиб олинади ва қўриқлашга жиддий аҳамият берилади, МХХ ваколатлари кенгайтирилади, ақидапарастлик, радикализм бўйича жавобгарлик кучайтирилади, жуда кўпчилик бу айбловлар билан ҳибсга олинади. Портлашларда иштирок этган бир неча жиноятчилар суд ҳукми билан олий жазога ёки узоқ муддатли қамоқ жазоларига ҳукм қилинади.

Орадан 3 кун ўтиб, Остона шаҳридаги саммитда иштирок этган Ислом Каримов матбуот анжуманида воқеалар бўйича ва портлашлар хронологияси тўғрисида сўзлаб берди:

“16 февраль куни Тошкент шаҳрида рўй берган террористик ҳужумлар ҳақида уч қисмга бўлиб жавоб бермоқчиман. Биринчидан, ушбу терактлар давлат раҳбарини мамлакат тепасидан олиб ташлаш учун амалга оширилди десам ҳам бўлади. Янада қўполроқ қилиб айтадиган бўлсам, президентни ўлдириш мақсадида амалга оширилди. Одатда мен мажлисларга 10-15 дақиқа олдинроқ келаман. Лекин шу куни озроқ кеч қолдим, балки Аллоҳ мени сақлагани шудир. Портловчи моддалар тўлдирилган машина бино ёнига қўйиб кетилган, ундан тушиб қочган икки йигит автоматларда ўқ узишган. Мана шу пайтда мен ўтирган машина ҳудудга кириб келаётган бўлган. Қўриқлаш хизматимиз бошлиғи Рустам Ходжаев олдимизга югуриб чиқиб, қичқириб йўлдан қайтарди ва шу тарзда машинани тўхтатиб, менинг ҳаётимни қутқариб қолди. Агар яна 3-4 сония юрганимизда портловчи моддалар билан тўлдирилган машина ёнига келардик ва машинамиз ҳам портлаб кетарди."

Экспертларнинг фикрича, портловчи моддалар жойланган машиналарнинг ҳаммаси масофадан туриб портлатилган. Портлаш шунчалик кучли бўлганки, ўша машина парчалари 500 метргача учиб кетган. Қолган барча портлашлар чалғитувчи бўлган.

Портлашларни ким уюштирган деган саволга келсак, бизга маълум бўлишича, улар диний экстремистлардир. Бунинг ортида ким турибди, деган саволга ҳозирча жавоб бера олмайман”.

Шундан сўнг, мазкур воқеалар юзасидан кўплаб кишилар ҳибсга олиниб, бир қанча шахслар қидирувга берилади. Бегуноҳ одамларнинг қони тўкилган, юзлаб инсонлар жароҳатланган мудҳиш воқеага 25 йил тўлди. Бу жараён аҳолининг эътирозига сабаб бўлиб, катта иқтисодий зарар ҳам келтирган эди.

                                                                                                                                                                  Илёс Болтаев тайёрлади.


Бу ҳам қизиқ

Фаластинлик болалар Ғазода тинчлик талаб қилиб митингга чиқди

Фаластинлик болалар Ғазода тинчлик талаб қилиб митингга чиқди

Шунингдек, болалар томонидан куй-қўшиқлар, рақслар ижро этилган.
16:23 / 11.05.2024
Ўзбекистонда дам олиш кунлари қайси банклар ишлаши маълум бўлди

Ўзбекистонда дам олиш кунлари қайси банклар ишлаши маълум бўлди

Мазкур банкларда валюта айирбошлаш ва пул ўтказмалари шохобчалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
12:42 / 11.05.2024
Тошкентда ЙТҲ содир бўлди. Қурбон бор

Тошкентда ЙТҲ содир бўлди. Қурбон бор

ЙТҲ оқибатида пиёда олган тан жароҳатлари натижасида воқеа жойида вафот этган.
20:09 / 11.05.2024
Тошкентда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтади

Тошкентда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтади

14 май куни Тошкентда қуролли можаро зоналаридан қайтганларни реабилитация ва реинтеграция қилиш масалалари бўйича Марказий …
11:39 / 12.05.2024
Бугун, 12 май куни қандай об-ҳаво кузатилади?

Бугун, 12 май куни қандай об-ҳаво кузатилади?

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигининг хабар беришича, 12 май куни Тошкентда ҳаво ўзгариб туради, ё…
00:06 / 12.05.2024
Биргина роли учун 100 миллион доллар гонорар олган актёрлар

Биргина роли учун 100 миллион доллар гонорар олган актёрлар

Mуваффақият олиб келган фильмлар ва актёрларнинг гонорари ҳақида маълумот берамиз.
15:58 / 11.05.2024
Қонда D витаминининг камлиги мушаклар зўриқишига олиб келадими?

Қонда D витаминининг камлиги мушаклар зўриқишига олиб келадими?

Бугун ер юзи аҳолисининг аксарият қисми оёқ томир тортишининг у ёки бу туридан азият чекади.
15:48 / 11.05.2024
Нодирбек Полшадан 11 минг доллар билан қайтади

Нодирбек Полшадан 11 минг доллар билан қайтади

“Superbet Poland 2024” турнири якунланди.
11:11 / 13.05.2024
Таиландда аномал иссиқ оқибатида 60 нафар киши ҳалок бўлди

Таиландда аномал иссиқ оқибатида 60 нафар киши ҳалок бўлди

Осиё қитъаси дунёдаги бошқа ҳудудларга қараганда тезроқ исимоқда.
09:46 / 12.05.2024
13 май куни ҳаво ҳарорати 35 даражагача исийди

13 май куни ҳаво ҳарорати 35 даражагача исийди

Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати агентлигининг хабар беришича, 13-май куни Тошкентда ҳаво бироз булутли бўл…
16:54 / 12.05.2024

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!