Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкил этилган матбуот анжуманида Чуст туманидаги таълим муассасалари тарбияланувчиларида кузатилган заҳарланиш ҳолатлари овқат ёки дори сабабидан келиб чиқмаганини маълум қилди. Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Наманганда ташкил этилган очиқ мулоқот чоғида журналист ва блогерлар вазир ўринбосарига болаларнинг заҳарланиши билан боғлиқ ҳолат бўйича ўзиларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишган.
Боситхонова заҳарланиш ҳолатлари дори воситалари ёки овқатдан келиб чиқмаганини алоҳида таъкидлаб, ҳозирда 20 га яқин анализ хулосалари олингани ва чуқурлаштирилган таҳлиллардан сўнг вазиятга аниқлик киритишини билдирган.
“Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли хабарларга ишонавермаслик, бундай жараёнда фақатгина мутахассисларнинг фикрига таяниб ахборот тарқатилиши керак. Айни пайтда саломатлигидан шикоят қилиб келаётган ёш болаларнинг 85 фоизи соғлиғи жойида, уйларига қайтишга бирин-кетин рухсат берилмоқда. Қолганлари куннинг бошида рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг ҳам аҳволи яхшиланиб бормоқда”, – дейди Элмира Боситхонова.
Аммо вазир ўринбосари болаларнинг барчаси бир кунда, бир хил шикоят билан шифохонага тушганига айнан нима сабаб бўлганини очиқламаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!