$
12831.81 UZS
-25.54
163.75 UZS
0.3
14606.45 UZS
-66.36
30° Кечаси 20°

Лўлидан чиққан олим ҳақида эшитганмисиз? – У лўлиларнинг Марказий Осиёга келиши тарихини ўрганган

12:31 / 07.01.2022

Тарихчи олим Хол Назаров билан 2000 йилда суҳбатлашгандим. Домла Самарқанддаги лўлилар маҳалласида яшарди. Назаровнинг номзодлик диссертацияси ҳам лўлилар ҳаёти билан боғлиқ. Домла ўшанда 80 ёшда эди. Маҳаллада ҳамма уларни “доцент” деб атарди. Хол Назаров тарих фанлари номзоди, доцент эди.

Бугун Хол Назаров орамизда йўқ, Аллоҳ раҳмат қилсин.

Лекин, олимнинг рус тилида ёзилган илмий ишидан айрим кўчирмалар менда сақланиб қолган. “Ҳиндистондан Эронга ўтказилганлиги ҳақидаги ривоятга таянган ҳолда академик Баранников лўлиларнинг асл ватани Ҳиндистон деб эътироф этган. Этнографлар Снесаров, Троицкаялар ҳам шу фикрни бошқа далиллар асосида қўллайдилар” – деб ёзган у.  

Хол Назаров узоқ йиллар давомида лўлиларнинг турли этнонимлари, халқ ривоятлари, машғулотлари, маданиятидаги қиррраларни ўрганиб Ўрта Осиё лўлиларининг келиб чиқишини Ҳиндистон билан боғлаган.

“Ноқулай тарихий шароит лўлиларни ўз юртини ташлаб чиқишига сабаб бўлган, Улар, табиийки, маданийлашган, бой юртга йўл олиши керак эди. Ўрта Осиё бу талабга жавоб берарди” – дейилади лўлилар миграцияси ҳақида Назаровнинг номзодлик диссертацияда.

Назаровга кўра, Ҳиндистондан лўлиларнинг Ўрта Осиё ва бошқа давлатларга иммиграцияси эрамизнинг Х асридан бошланган. ХIV аср охирида Амир Темурнинг Ҳиндистонга юриши бу жараённи тезлаштирган. Тарихчи олим Ҳофиз Шерозий ғазалларида, Бобурнинг “Бобурнома”си , Абул Ғозийнинг ”Шажараи турк” асарларида лўлилар ҳақида ёзилганини эслайди. XVIII асрда битилган Мир Муҳаммад Амин Бухорийнинг  “Убайдуллонома”сида Убайдуллохоннинг вазири лўли бўлгани қайд этилганини таъкидлаган.

Аммо, олим Марказий Осиёда лўлиларнинг аксарияти тиланчилик, фолбинлик, сеҳргарлик, ўғрилик билан шуғулланганлиги, қандайдир оз қисми ҳунармандчилик ва деҳқончилик қилгани ҳақида ҳам ёзади.

Хол Назаровни хотирлаш билан бирйўла унинг тадқиқоти ўтган давр (70, 80-йиллар), биз суҳбатлашган давр (2000 йиллар бошлари) ва бугунги лўлилар, хусусан, самарқандлик лўлилар ҳаётини таққослаб кўришга ҳаракат қиламиз.

Хол Назаров тадқиқот олиб борган даврда Ўрта Осиёда 30 мингдан ортиқ лўли борлиги аниқланган. Биз суҳбатлашган вақтда (2000 йилда) улар сони ҳақида Назаров “ҳозирда бу рақам 50 мингдан ошган бўлса керак” деган эди. Олим Ўрта Осиёдаги лўлиларнинг 70 фоизи Ўзбекистонда яшашини аниқлаган. Бошқача айтганда, Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятидан бошқа барча вилоятларда лўлилар бор. Самарқанд вилоятида эса лўлилар сони 2000 йилларда 7 мингдан зиёдроқ бўлган. 70-йилларда Самарқанд шаҳрида лўлилар истиқомат қиладиган битта маҳалла бўлган. 2000 йиллар бошида Сиёб туманидаги 3 та катта маҳалла улар номи билан боғлиқ эди. Яқинда Самарқандда бўлиб қизиққанимда, шаҳар атрофида яна бир неча маҳаллалари пайдо бўлган.

“Еттита маҳалладамиз” – деган эди “Фидойилар” маҳалласи оқсоқолларидан бири. Шунингдек, вилоятнинг Каттақўрғон шаҳрида, Жомбой, Ургут ва бир қатор бошқа туманларида ҳам лўлилар компакт тарзда яшайдилар.

Лўлиларниннг ҳужжатларида уларнинг миллати лўли деб қайд этилади. Аммо бир қатор ҳолатларда улар ўзбек ёки тожик деб ёзилган ҳоллар ҳам мавжудки, бу лўлилар сонини аниқлашда чалкашликларни келтириб чиқаради.

Хол Назаровнинг ўзи лўли эканлигини ҳеч вақт яширмаган. Лекин, у ўттиз йилдан ортиқроқ ишлаган Самарқанд давлат Тиббиёт институти архивида сақланаётган бир даста ҳужжатларнинг барчасида Назаров ўзбек деб кўрсатилган. Балки бу ҳам давр талаби бўлгандир. Ахир, олим коммунистик партия аъзоси бўлган. Самарқанддаги педагогика институти тарих факультетини битирибоқ урушга отланган. 1944 йилда иккинчи марта яраланганига қадар жанггоҳларда қон кечган. Ҳужжатларнинг гувоҳлик беришича, СамДТИ (ўша даврдаги СамМИ, таҳр.)га қадар у Самарқанддаги ҳукумат миқёсидаги масъул вазифаларда ишлаган.

Дарвоқе, лўлиларнинг қандайдир қисми ҳамон ҳужжатсиз яшаётгани ҳам маълум.

Ўрта Осиёлик лўлиларнинг барчаси тожик тилида гапиради. Назаровнинг фикрича, бу, уларнинг тарихан, энг аввал, тожиклар яшайдиган манзилларга кўчиб келиб, давр ўтиши билан тожиклар тили, дини, урф-одатларини қабул қилгани билан изоҳланади.

Самарқандлик лўлилар тили маҳаллий тожиклар тилидан талаффузида ва баъзи сўзларда унлилар ўрни алмаштирилиши билан ҳамон фарқ қилиб келади. Самарқандлик лўлилар азалдан тожик тили бир қаторда Ўрта Осиёлик лўлилар учун умумий бўлган яширин, арго тилидан ҳам фойдаланиб келишган. Аммо 2000 йиллар бошларида арго тилини фақат кекса авлод вакилларигина билишган. Ҳозирда агро тилини биладиган лўлини учратмадик. Бугунги кунда лўлилар ўзбек тилида ҳам  эркин муомала қила оладилар.

Лўлиларнинг бобо-момоларидан қолган касб деб саналиб келинган машғулотларнинг шакли давр тақозосига кўра ўзгараяпти. 80, 90- йилларда лўли хотин-қизлар эшикма-эшик хайр-садақа сўраб, елкасидаги тўрвани нон бурдалари, қанд-қурсга тўлатиб қайтган бўлса, 2000 йиллардан уларнинг маҳаллаларда бундай юриши кескин камайган.

Аммо Самарқанд шаҳридаги зиёратгоҳлар, автобекатлар, бозорлар атрофида, шифохоналар ҳудудларида лўли аёллар, болалар тиланчилик қилаётганига бугун ҳам гувоҳ бўласиз. Лўли хотин-қизларнинг яна бир қисми, эрталабдан исириқ тутатиб, кушойиш тилаб пул ишлашни афзал била бошлашди. Ҳозирда ободончилик соҳасида ишлаётган аёл-эркакларнинг бир қисми лўлилар. Шунингдек, улар маҳаллалари билан туташ ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам ишлаётгани маълум.

Сиёб бозори ичкарисида қатор ўтирган лўли аёллар ўтган-кетганларни фол очдиришга чорлайди.

“Лўли эркаклар ишлашмайди, хотини топиб келганини ўтириб ейди”, деган гаплар бугун эскирган. Уларнинг элак, ўқлоғи, сабзи тахта сингари уй-рўзғор ашёлари ясаганлиги сабаб тавоқтарош (маъноси идиш ясовчи) деб ном олган қисми бугунда ҳам бу ҳунарини давом эттираётир. 

90-йилларда Самарқанд шаҳридаги пойафзал таъмирловчи устахоналарга эгалик қилиб келган яҳудийлар Изроилга кўчиб кетгач, улар ўрнини асосан лўли йигитлар эгаллашди. Бундан ташқари, бозоржойларда аравачаларда юк ташиб бераётганлар орасида ҳам лўли йигитлар, лўли болалар талайгина. Пишиқчилик даврида маҳалла ва “дом”лар ҳудудларида “Жигули” автомобиллари ва эшак араваларда қовун-тарвуз олиб келиб сотадиган лўлилар ҳам кам эмас. Лўлилар орасидан Россияга, ҳатто хорижий давлатларга бориб ишлаб келаётган эркак-аёллар оз бўлса ҳам топилади. “Юнусобод” метро йўналиши қурилиши фожиасида (2019 йил, декабрь) ҳалок бўлган 6 нафар йигитнинг бири ҳам лўли йигити эди.

Самарқандлик лўлиларнинг тўйлари шу ерлик ўзбеку тожикларникидан кўп фарқ қилмайди. Хол Назаров илмий ишида таъкидлаган қиз олиб қочиш маросими ҳозирда деярли йўқолиб боряпти. Сўнгги вақтларда лўли қизлари оппоқ кўйлакларда, худди ҳинд фильмлари қаҳрамонларига ўхшаб чиройли макияж билан ЗАГС идорасига никоҳи расман қайд этилгани кўзга ташлана бошлади. Лўли тўйлари ҳовлида ўтиши,шовқин-суроннинг кўплиги, эркагу аёл, болаларнинг аралаш-қуралаш ўтириши билан ўзига хос. Ўзига тўқ лўлилар тўйларида машҳур санъаткорлар хизмат кўрсатгани маълум. (Лўлилар орасида ҳам бой ва камбағал, ўртаҳол табақалар мавжуд) Онда-сонда бўлса ҳам лўли ва рус, лўли ва тожик, лўли ва ўзбек никоҳлари тузилаяпти экан.

Лўлиларнинг аза расм-русумлари ҳам маҳаллий аҳоли маросимлари каби. Эркаклар 3 кун бел боғлайди, аёллар йил ошигача кўк кийишади, анча вақт бошларида оқ чорси бўлади. Лўлилар дафн этилиши учун азал-азалдан Шоҳи Зинда қабристонидан жой ажратилган. Уларга ҳам битикли катта-кичик мармар тошлар қўйишган. Хол Назаровнинг қабри ҳам айнан шу ерда.

Лўлилар орасидаги машҳур кишилар чиққанми? Бу савол кўпчиликни қизиқтиради. Тарих фанлари номзоди, доцент Хол Назаров, 30 йилдан ортиқроқ вақт Самарқанд давлат Тиббиёт институтида талабаларга сабоқ ўтган. Шунингдек, бу миллатдан шифокор, ўқитувчи, муҳандислар чиққани маълум. Фақат улар бармоқ билан санарли.

Ишсизлик, коррупция, уй-жой масалалари – жамиятдаги умумий муаммолар бу миллат вакилларини ҳам четлаб ўтмаган. Айни вақтда лўлиларнинг ўзигагина хос масалалар ҳам бор. 

Шулардан бири лўлилар орасида саводхонлик даражаси. Муаммонинг илдизлари ҳақида “xabardor.uz” сайти яқин кунларда эксклюзив материалини эълон қилади.

Мустаҳкам Тангриёрова

P/S: Таҳририят архив материалларини топишда ёрдам берган Самарқанд давлат Тиббиёт институти ходимларига миннатдорчилик билдиради.


Бу ҳам қизиқ

Бугун, 5 июндан ОТМларга қабул бошланди

Бугун, 5 июндан ОТМларга қабул бошланди

Президентнинг ПФ-81-сон Фармонига мувофиқ, олийгоҳлар бакалавриатига қабул жараёни икки босқичда — “аввал тест, сўнг танлов”…
09:11 / 05.06.2025
Эрон тезкор ядровий қуролланиш имкониятига эга

Эрон тезкор ядровий қуролланиш имкониятига эга

Бу ҳақда Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЕ) раҳбари Рафаэл Гросси маълум қилди дея хабар бермоқда Financial Times.
11:19 / 07.06.2025
Эшак гўштидан сомса тайёрлаб, сотганларга ҳукм ўқилди

Эшак гўштидан сомса тайёрлаб, сотганларга ҳукм ўқилди

Тошкент вилояти Паркент туманида эшак гўштидан сомса тайёрлаб, сотганларга ҳукм ўқилди.
10:25 / 07.06.2025
Шавкат Мирзиёев халқаро инвесторларни қабул қилди

Шавкат Мирзиёев халқаро инвесторларни қабул қилди

Музокаралар якунида истиқболли лойиҳаларни тизимли илгари суриш бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилишга келишиб олинди.
17:48 / 07.06.2025
Яшнободда 19 ёшли йигит ўзини осиб қўйди

Яшнободда 19 ёшли йигит ўзини осиб қўйди

Яшнобод туманида 19 ёшли йигитнинг жасади топилди. Бош прокуратура томонидан ушбу ҳолат бўйича терговга қадар текширув ўтказ…
18:27 / 04.06.2025
Исроил Ғазодаги ХАМАСга қарши кучларни қуроллантирмоқда

Исроил Ғазодаги ХАМАСга қарши кучларни қуроллантирмоқда

Бу гуруҳни айримлар халқ милицияси деб, бошқалар эса жиноятчилар тўдаси деб атамоқда. Кланнинг ўзи эса “Мақсадимиз — Ғазога …
22:04 / 06.06.2025
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди

Ўзбекистон ТИВ раҳбари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди

Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди Жаноби Олийларига қабул учун миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистон Республикас…
11:33 / 07.06.2025
Ўзбекистон Афғонистонга ҳайит муносабати билан инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Ўзбекистон Афғонистонга ҳайит муносабати билан инсонпарварлик ёрдами жўнатди

Инсонпарварлик ёрдами таркибидан ун, гуруч, шакар, макарон ва қандолат маҳсулотлари, ўсимлик ёғи, тез тайёрланадиган таомлар…
17:35 / 05.06.2025
Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан телефон орқали мулоқот қилди

Мирзиёев Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан телефон орқали мулоқот қилди

Покистон Бош вазирининг жорий йил февраль ойида Ўзбекистонга тарихий ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш н…
21:14 / 07.06.2025
Ла Лигада мавсум футболчиси дея Рафиня эътироф этилди

Ла Лигада мавсум футболчиси дея Рафиня эътироф этилди

Ла Лигада мавсумнинг энг яхши футболчиси номи маълум қилинди.
20:04 / 06.06.2025

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!