Номоддий маданий меросимизнинг яна иккита элементи UNESCO рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Марокаш давлатининг Работ шаҳрида бўлиб ўтаётган номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитанинг 17-сессияси Ўзбекистон учун муҳим маданий воқеа бўлди. Ўзбекистон томони иштирокида иккита кўпмиллатли элемент Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритилди.
Ўзбекистон Озарбайжон, Афғонистон, Эрон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан биргаликда “Ипакчилик ва тўқув учун анъанавий ипак ишлаб чиқариш” номли биринчи файл тақдим этилган. Иккинчи номинация “Хўжа Насриддин ҳақидаги латифаларни такрорлаш анъаналари” деб номланган бўлиб, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия билан ҳамкорликда тайёрлаган.
Қўмитанинг баҳолаш комиссияси томонидан номзодлик ҳужжатларини тайёрлашда иштирок этаётган давлатларнинг биргаликдаги фаолиятини юқори баҳолади ва уларнинг вакиллик рўйхатига киритиш учун барча мезонларга мувофиқлиги қайд этилди.
“Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизнинг бой номоддий маданий меросини муҳофаза қилиш ва уни кўпайтириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Яна икки анъанамизнинг UNESCO рўйхатидан жой олиши бунинг яққол далилидир. Бу йўналишда Ўзбекистоннинг UNESCO даги доимий вакили Умид Шадиевнинг саъй-ҳаракатлари алоҳида таҳсинга сазовордир”, – дейди Ўзбекистоннинг UNESCO ишлари бўйича Миллий комиссияси раиси Азиз Абдуҳакимов.
Тадбир давомида номинациялар тақдимотида маданиятларни бойитиш, маҳаллий иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш, ўзаро ҳурмат ва маданиятлараро мулоқотни мустаҳкамлашдаги унсурларнинг тарихий ўрни ва аҳамиятини атрофлича очиб берувчи видеофилмлар намойиш этилди. Тадбир иштирокчилари ипак етиштиришнинг анъанавий технологиялари, кейинги йилларда Ўзбекистонда ипакчиликни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган салмоқли ишларга алоҳида эътибор қаратдилар. Аҳоли орасида машҳур ва севимли фолклор қаҳрамони саналган Хўжа Насриддиннинг Бухоро шаҳрида қад ростлаган ноёб ҳайкали катта қизиқиш уйғотди.
Таъкидлаш мумкин, Репрезентатив рўйхатга киритилган Ўзбекистон элементларининг умумий сони 11 тага етди. Илгари бу рўйхатга “Бахши”, “Лазги”, “Палов”, “Аския”, “Миниатюра”, “Наврўз”, “Шошмақом” киритилган эди. Атлас ва адрас тайёрлашнинг анъанавий технологияларини сақлаш бўйича Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази Номоддий маданий мерос объектларини асраб-авайлаш бўйича етакчилар реестридан жой олган.
Маълумот учун, энди янги элементлар халқаро миқёсда бутун инсоният меросининг ажралмас қисми сифатида тавсифланади ва бу номоддий маданий мероснинг ушбу турларини эътироф этиш ва кенг тарғиб қилишни сезиларли даражада оширишга хизмат қилади. Ўз навбатида, UNESCO ушбу элементларни турли лойиҳаларни амалга ошириш орқали тарғиб қилади.
Сессия 3-декабргача давом этади.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!