Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги 344-сон қарорига 1-илова “Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш тўғрисида” низом Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил бериш ва академик таътилдан сўнг уларнинг ўқишини давом эттириш тартибини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабаларига академик таътил қуйидаги ҳолларда берилиши мумкин:
– ҳарбий хизматни ўташ учун;
– саломатлигини тиклаш учун;
– ҳомиладорлик ва туғиш учун;
– болаларни парвариш қилиш учун;
– оиласининг бетоб аъзосини (отаси, онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, турмуш ўртоғи, фарзанди) парвариш қилиш учун.
Талабага доимий тиббий назоратда турган тиббиёт муассасаси хулосаси асосида ОТМ томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига (Меҳнат кодекси 233-234-моддалари) академик таътил берилиши мумкин.
Ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш учун академик таътилда бўлган талабалар камида кейинги ўқув йилининг талаба томонидан тўлиқ ўзлаштирилмаган семестри бошланиши муддатига ўқишга қайтиши мумкин.
Талабаларга академик таътил даврида стипендиялар тўланмайди.
Меҳнат кодекси 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда — етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.
Демак, агар талаба меҳнат шартномаси асосида ишлайдиган бўлса, иш жойидан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади. Агар талаба ҳеч қаерда ишламай, фақат ўқиётган бўлса унга декрет пули тўланмайди ва ОТМ томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болаларни парвариш қилиш таътиллари муддатига академик таътил берилиши мумкин.
Саволларга ҳуқуқшунос Муҳаммадамин Каримжонов жавоб берди
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!