Вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев айни кунда қисқа муддатли меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли илғор ёшлар етакчиларидан бири Раҳимжонов Дилмурод Баҳодир ўғли вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.
Бундан кўзланган асосий мақсад замонавий билим ва тафаккурга эга, ташаббускор кадрларни тайёрлаш, ёшларга ўз раҳбарлик қобилиятларини тўла намоён этишлари учун замин ҳозирлаш ва уларга мотиватсия беришдан иборат.
Вилоят ҳокими ўринбосарлари ва бошқарув аппарати ходимлари иштирокида ўтган йиғилишда Д.Раҳимжонов ҳокимлик жамоасига таништирилди.
Унда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Рахимжон Бобоев вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев ташаббуси билан амалиётга татбиқ этилаётган ушбу тажрибанинг аҳамияти хусусида тўхталди.
Бугундан ўз вазифасига киришган Д.Раҳимжонов белгиланган кун тартибига мувофиқ вилоятдаги инвестицион лойиҳалар, ижтимоий соҳа объектлари, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишади. Шунингдек, ҳудудларда сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашувлар ўтказилиши ҳам режалаштирилган.
Маълумот ўрнида, 28 ёшли Д.Раҳимжонов 2022 йилдан буён Гулистон шаҳар Дўстлик маҳалласи ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритиб келмоқда. У 2023 йилда ўтказилган "Йилнинг энг намунали ёшлар етакчиси" Республика танловида 3 ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!