Тошкент вилоятининг Қибрай ва Навои вилоятининг Қизилтепа туманларида табиий газ тармоғига яширинча уланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментнинг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қибрай туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Қибрайтумангаз” бўлими масъул шахслари ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараб, аҳолига узлуксиз табиий газ етказиб бериш ва газ истеъмолини доимий мониторингни ўтказиш чораларини кўрмаганликлари оқибатида, “Маданият” МФЙда яшовчи фуқаро Ю.Х. ўз хонадонидаги Иссиқхонани табиий газ қувурига ўғрилик йўли билан яширинча улаб, 592,1 минг куб табиий газни ноқонуний истеъмол қилиб давлат ва жамият манфаатларига 561,2 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Шу каби, Департаментнинг Қизилтепа туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ғойибон” МФЙда яшовчи З.С. табиий газ тармоғига ер остидан резина қувур орқали яширин уланиб олиб, давлат рўйхатидан ўтмасдан металл эритиш фаолияти билан шуғулланиб келиб, давлат ва жамият манфаатларига 244,1 млн сўм зарар етказганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик), 185-2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!