Аввалроқ 25 декабрда қабул қилинган ЎРҚ–1108-сонли қонун билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, солиқ муносабатларида бизнес учун бир қатор енгилликлар белгилангани ҳақида хабар берилганди.
2026 йил 1 январдан бошлаб ушбу тартиб кучга кириб, солиқ ҳисоботини ўз вақтида тақдим этмаганлик учун қўлланиладиган маъмурий жарималар миқдори камайди. Янги тартиб солиқ тўловчилар учун маъмурий юкламани камайтиришга қаратилган.
Қабул қилинган ўзгаришларга мувофиқ, эндиликда фуқаролар учун солиқ ҳисоботини кеч топширганлик жаримаси 3 БҲМдан 1 БҲМга туширилди. Кичик тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари учун эса жарима миқдори 10 БҲМдан 3 БҲМга қисқартирилди. Бу тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Янги тартибда яна бир муҳим ўзгариш назарда тутилди. Агар тадбиркор ҳисобот даврида бир нечта солиқ турлари бўйича ҳисоботларни тақдим этмаган бўлса, барча тақдим этилмаган ҳисоботлар учун фақат битта маъмурий жарима қўлланилади. Илгари эса ҳар бир солиқ ҳисоботи бўйича алоҳида жарима белгиланар эди.
Шунингдек, сўнгги уч ой давомида солиқ ҳисоботларини ўз вақтида тақдим этиб келган тадбиркорлик субъектларига қўшимча имтиёз берилмоқда. Унга кўра, бундай тадбиркорлар солиқ ҳисоботини 5 кунгача кечиктириб топширган тақдирда, уларга маъмурий жарима қўлланилмайди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!