Собиқ вазир иши: Венгрияда ўрмон ва омборлардан 19,5 млн доллар топилди.
Венгрияда собиқ бош вазир Виктор Орбан ҳукуматида ишлаган вазирга нисбатан коррупция иши бўйича ўтказилган тинтувларда ўрмонларга кўмилган, омборлар ва турар жойларга яширилган жами 19,5 миллион долларлик нақд пул топилди. Пуллар орасида миллиардлаб форинт, миллионлаб евро ва доллар бор. Бу ҳақда “The Guardian“ хабар берди.
Гап Виктор Орбан ҳукуматида 2014-2018 йилларда миллий тараққиёт вазири бўлган Миклош Сештак ҳақида бормоқда. У давлат транспорт компанияси билан боғлиқ коррупция схемасида пора олганликда гумон қилинмоқда. Терговга кўра, ушбу схема доирасида давлат компаниясига ишлатилган автобуслар оширилган нархларда сотилган.
Венгриянинг Коррупцияга қарши курашиш ва миллий активларни қайтариш бошқармаси 12-13 ноябрь кунлари бир нечта манзилда тинтув ўтказган. Текширув давомида катта миқдордаги нақд пул ўрмонларга кўмилгани, қишлоқ хўжалиги бинолари, омборлар ва турар жойларда яширилгани, шунингдек, чекка ҳудудлардаги қимматбаҳо сейфларда сақлангани аниқланган.
Икки кунлик тинтув натижасида жами 5 миллиард 71 миллион 632 минг форинт, 2 миллион 658 минг 350 евро ва 1 миллион 257 минг 100 доллар топилган. Уларнинг умумий қиймати 19,5 миллион долларни ташкил этади. Мусодара қилинган пуллар Венгрия давлат ғазначилиги ҳисобварағига ўтказилган.
Молия вазири Андраш Карман пулларни санаш жараёни ҳам анча вақт олганини маълум қилган. Унинг айтишича, Ғазначиликнинг 12 нафар ходими бешта пул санаш қурилмаси ёрдамида маблағларни ҳисоблаш учун саккиз соат сарфлаган.
Бош вазир Петер Мадяр мусодара қилинган пуллар ҳақидаги хабарга муносабат билдириб, буни мамлакатда коррупцияга қарши курашдаги муҳим бурилиш сифатида баҳолаган. У собиқ ҳукмрон коалиция — Фидесз-КДНП ҳақида гапириб, “Бу Фидесз-КДНП мафиясининг расман якун топганини англатади“, деб ёзган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Парагвайда прокуратура ва полиция ходимлари йирик банк можароси фонида лавозимидан четлатилган мамлакатнинг собиқ президенти Сантьяго Пенянинг ёзги қасрида яширин омборхонани аниқлаган эди. Омборхона сохта девор ортига яширилган ва Исроилда ишлаб чиқарилган мураккаб хавфсизлик тизимига эга бронланган эшик билан жиҳозланган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!