Эрон ҳукумати билан алоқалари бўлган покистонлик Осиф Мерчант АҚШ президенти Дональд Трамп ва бошқа америкалик сиёсатчиларга суиқасд уюштириш режасидаги иштироки учун 27 йил-у 6 ойга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, Мерчант Трамп, АҚШнинг собиқ президенти Жо Байден ҳамда мамлакатнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Ҳейлини ўлдириш учун ёлланма қотиллар излаган. Бироқ у мурожаат қилган шахслар аслида АҚШ Федерал тергов бюросининг яширин агентлари бўлган.
Мерчант 2025 йил март ойида халқаро террорчилик ҳаракатини содир этишга уриниш ва пул эвазига одам ўлдириш учун ёллаш айбловлари бўйича айбдор деб топилган. 17 ноябрь куни Нью-Йорк федерал судья унга 27 йил-у 6 ой қамоқ жазоси тайинлаган.
Судда Мерчант Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси кўрсатмаси билан ҳаракат қилганини билдирган. Унинг айтишича, режа 2020 йилда АҚШ томонидан эронлик ҳарбий қўмондон Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилиши учун қасос олиш мақсадида тузилган.
Прокуратура маълумотларига кўра, Мерчант Эронга бир неча бор сафар қилган ва у ерда Инқилоб қўриқчилари корпуси вакили билан танишган. 2024 йил апрель ойида режани амалга ошириш учун АҚШга келган. У яширин агентларга дастлабки тўлов сифатида 5 минг доллар берган. 2024 йил июль ойида АҚШни тарк этишга тайёргарлик кўраётганида Техас штатида қўлга олинган.
Мерчант судда эронлик алоқачиси қариндошларининг шахси ва яшаш манзилини билишини айтиб, уни режани бажаришга мажбурлаганини таъкидлаган. Шунингдек, у ҳеч кимга зарар етказилишидан олдин қўлга олинишини кутгани ва кейинчалик АҚШ ҳукумати билан ҳамкорлик қилишни режалаштирганини билдирган.
АҚШ бош прокурори Тодд Бланш ҳукм юзасидан изоҳ бериб, мамлакат раҳбарларига қарши хорижий давлатлар томонидан уюштириладиган суиқасд режаларига алоқадор шахслар жавобгарликка тортилишини таъкидлаган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!