Жиззах ва Қорақалпоғистонда пора олган ҳокимият ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари фош этилди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Биринчи ҳолат Жиззах вилояти Зарбдор туманида аниқланган. Туман ҳокимлигида ишловчи бош мутахассис ўз хизмат ваколатидан фойдаланиб, фуқарога тегишли уйга туташ давлат захирасидаги 4 сотих ер майдонини расмийлаштириб беришни ваъда қилган. У мазкур ер участкасини кадастр тизимидаги танишлари орқали аукцион савдосида ютиб, фуқаро номига расмийлаштириш учун 20 млн сўм талаб қилган.
Тезкор тадбир давомида амалдор ушбу пулни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳолат юзасидан тергов ҳаракатларини олиб бормоқда.
Иккинчи ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида содир бўлган. Бу ерда туман ҳокимлиги бош мутахассиси ҳамда ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ходими ўзаро тил бириктирган ҳолда фермер хўжалиги раҳбарига тегишли ер масаласини ҳал қилиб беришни таклиф қилган.
Маълумотларга кўра, улар 41,6 гектар ер майдонини давлат захирасига қайтармасдан ва аукцион савдосига чиқармасдан тадбиркор номига расмийлаштириш эвазига 3 минг АҚШ доллари талаб қилган. Тезкор тадбир давомида амалдорлар ушбу маблағни олган вақтида ушланган.
Ҳар икки ҳолат бўйича гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси асосида жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!