$
11971.64 UZS
-8.72
₽
146.33 UZS
0.71
€
13160.42 UZS
26.35
31° Кечаси 18°

Мирзиёев Истанбулдаги саммитда нималар деди?

16:58 / 16.03.2023

Президент матбуот хизмати Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитидаги нутқини эълон қилди:

Муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийлари!

Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!

Сиз, азизларни Туркий давлатлар ташкилотининг фавқулодда саммитида кўриб турганимдан мамнунман. Матонатли турк халқига ва қадрдон биродаримиз Туркия Республикаси Президенти, муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларига барча ҳамкасбларим номидан чуқур ҳамдардлик билдираман.

Озарбайжон Республикаси Президенти ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиевга бугунги навбатдан ташқари йиғилишимизни ўтказиш ҳақидаги таклифи учун алоҳида миннатдорчилик изҳор этаман.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Бугунги саммитимиз, ҳозиргина намойиш этилган видеолавҳа энг мушкул дамларда биз бир-биримизга мустаҳкам таянч ва суянч бўлиб келаётганимиз, дўстлик ва бирдамлигимиз нақадар қудратли кучга эга эканининг яққол амалий тасдиғидир.

Дўстларимиз диёрида юз берган, мисли кўрилмаган ҳалокатли зилзила барчамизнинг қалбимизга чексиз қайғу ва изтироб солди. Зеро, бу мудҳиш офат натижасида бизнинг жондан азиз ота-оналаримиз, ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз ва фарзандларимиз қурбон бўлди ва жабрланди. Бу йўқотишнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди.

Таъкидлаш жоизки, биродар халқларимиз минг йиллар давомида турли мураккаб вазият ва муаммоларни ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик билан мардона енгиб ўтганлар.

Ўзбекистон халқи дўстларимиз бошига тушган оғир кунларда “Туркия, биз сен билан биргамиз!” дея бир тану бир жон бўлиб, турк биродарларимизга ёрдамга шошилди.

Биз мудҳиш фожиада қурбон бўлган ўн минглаб бегуноҳ кишилар хотирасини ҳеч қачон унутмаймиз.

Ижозатингиз билан, ҳаётдан бевақт кўз юмган барча инсонларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат бажо келтириш мақсадида ҳар йили 6 февраль санасини Туркий давлатлар ташкилоти доирасида Қурбонларни хотирлаш ва бирдамлик куни деб эълон қилишни таклиф этаман.

Ҳурматли йиғилиш қатнашчилари!

Туркияда бугун муҳтарам Президент Режеп Таййип Эрдоған бошчилигида олиб борилаётган тезкор чора-тадбирларни, жумладан, аҳоли учун юз минглаб янги уй-жойлар қуриш ва инфратузилмани тиклаш бўйича ғоят муҳим режа ва дастурларни алоҳида эътироф этишни истардим.

Зудлик билан амалга оширилган аниқ ва самарали тадбирлар туфайли кўплаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи сақлаб қолинди, катта миқдордаги маблағлар жамланиб, кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бошланди. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги синовли даврда қардош турк халқи ўзининг беқиёс жасорати ва мардлиги, метин иродаси ва юксак сафарбарлик руҳи билан Туркия етакчиси атрофида жипслашмоқда.

Барчамиз сизларга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучимизни йўналтиришга тайёрмиз. Жумладан, биз зилзила марказларидан бири бўлган ва қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.

Биз барпо этмоқчи бўлган кўркам уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектлари келгусида том маънода яқин дўстлик ва бирдамлигимизнинг ёрқин тимсолига айланишига аминман.

Бундан ташқари, талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг юртимизда соғлиғини тиклаши ва дам олишлари, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк аждодларимиз қадамжоларини зиёрат қилишлари учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб берамиз. Бу гуруҳларга Ташкилотимиз Оқсоқоллар кенгаши бошчилик қилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Шу билан бирга, биз бу йил ёз мавсумида Ҳатай ёшларини ҳам Ўзбекистонга таклиф этмоқчимиз. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларини томоша қилишлари, ота юртларида ўз тенгдошлари билан қўшма тадбирларни ўтказишлари учун зарур барча ишларни амалга ошириш ниятидамиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ташкилотимиз давлатлари жойлашган ҳудудлар ўз географик ва геологик хусусиятларига кўра, табиий офат ва хавф-хатарлар фаол содир бўладиган макон ҳисобланади.

Минг афсуски, сўнгги йилларда глобал иқлим ўзгаришлари бу каби вайронкор ҳодисалар кўлами ва зарарини кескин оширмоқда. Бу йўналишдаги амалий ҳамкорлигимизни кенгайтириш мақсадида қуйидаги аниқ таклифларга эътиборингизни қаратмоқчиман.

Фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ташкилотимизнинг тизимли ҳамкорлик платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сураман. Бу платформа доирасида аниқ механизмларни жорий этиш ва муҳим чоралар кўришни кечиктириб бўлмайдиган вазифа, деб ҳисоблайман.

Биринчидан, Ташкилотимиз доирасида табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган кўп томонлама битимни тезроқ ишлаб чиқиш долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Туркия томони тақдим этган фуқаролар муҳофазаси бўйича тизим яратиш ҳақидаги ҳужжат лойиҳасини тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз.

Иккинчидан, фавқулодда вазиятлар бўйича вазирликларимиз ўртасидаги шериклик алоқаларини кескин фаоллаштиришимиз лозим. Уларнинг навбатдаги йиғилишида энг устувор йўналишлар бўйича қўшма ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш айни муддао бўлар эди.

Асосий диққатни техник хавфсизлик талабларига қатъий эътибор қилиш ва жаҳоннинг энг илғор тажрибасини соҳага татбиқ этиш; аҳолининг доимий хабардорлигини ошириб бориш; қутқарув хизматлари мутахассисларининг малака ва тажрибасини ошириш; қўшма ўқув машқларини ўтказишга қаратишимиз керак.

Учинчидан, бундай кутилмаган ва оғир синовли пайтларда ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни бартараф этишда яқиндан кўмак кўрсатиш механизмларини жорий этиш мақсадга мувофиқдир.

Сўз озиқ-овқат маҳсулотлари ва қурилиш молларини тўсиқсиз етказиб бериш, саноатни тиклашга қаратилган кооперация лойиҳаларини ишга тушириш ҳақида бормоқда. Албатта, бугун расман таъсис этилаётган Туркий инвестиция фондининг илк молиявий ресурсларини ҳам ушбу лойиҳаларга жалб этиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.

Яна бир муҳим масала. Илмий ва технологик соҳаларда эришилган ютуқларга қарамасдан, зилзилалар, сел ва сув тошқинлари, ўрмон ёнғинлари, бўронларни олдиндан аниқлаш ва эрта огоҳлантириш ҳамон долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу жараёнларни чуқур ўрганиш, соҳага илмий ва технологик янгиликларни кенг жорий этиш катта ижобий самара бериши аниқ. Шулардан келиб чиқиб, Ташкилотимиз доирасида Табиий офатлар мониторинги ва таҳлили марказини тузиш ҳамда уни Тошкентда жойлаштириш бўйича ташаббусимизни маъқуллайсиз, деб ишонаман.

Шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотининг ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорлигини кучайтириш лозим. Хусусан, Табиий офатлар хавфини камайтириш глобал жамғармаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Табиий офатларни камайтириш бўйича халқаро стратегияси котибияти, Фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш марказий жамғармаси каби халқаро тузилмалар билан яқин алоқаларни ўрнатиш бўйича Ташкилотимиз котибияти алоҳида шуғулланса, ўйлайманки, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Ҳурматли саммит иштирокчилари!

Сўзимнинг якунида яна бир долзарб масалага эътиборингизни қаратмоқчиман.Ташкилотимизнинг қатор давлатлари сиёсий воқеалар, хусусан, муҳим сайловлар арафасида турибди. Ушбу муҳим тадбирлар юқори савияда ва муваффақиятли ўтишини чин дилдан тилаб қоламан.

Жорий йилда Туркия Республикаси ташкил топганининг қутлуғ 100 йиллиги нишонланади.

Ҳеч шубҳасиз, сўнгги йигирма йилда қардошим, муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида Туркия Жумҳуриятининг халқаро майдондаги обрў ва нуфузи кескин юксалди. Давлатнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатдаги ўрни ва таъсири изчил ортиб бормоқда.

Замонавий ва қудратли Туркиянинг бугунги барча ютуқларида ва эришаётган улкан марраларида ҳурматли Президентнинг мислсиз хизматлари борлигини алоҳида эътироф этамиз. Шу боис, барча қардош халқларимиз номидан турк элига мурожаат этиб, сайловларда муҳтарам Режеп Таййип Эрдоған номзодини тўлиқ қўллаб-қувватлашга чақирамиз.

Бизнинг ана шу умумий истагимиз бугун қабул қилинаётган Анқара декларациясида ўзининг ифодасини топиши айни муддаодир.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни кириб келаётган баҳор ва янгиланиш байрами – Наврўзи олам ҳамда муборак Рамазон ойи билан самимий муборакбод этаман.

Эътиборингиз учун ташаккур.


Бу ҳам қизиқ

Ўзбекистонда муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун онлайн ариза топшириш йўлга қўйилди

Ўзбекистонда муддатидан олдин пенсияга чиқиш учун онлайн ариза топшириш йўлга қўйилди

Ўзбекистонда корхона тугатилиши ёки штатлар қисқариши сабабли ишдан бўшатилган фуқаролар учун муддатидан олдин пенсияга чиқи…
09:43 / 20.11.2026
Косово собиқ президенти Ҳошим Тачига яна қамоқ жазоси тайинланди

Косово собиқ президенти Ҳошим Тачига яна қамоқ жазоси тайинланди

Косовонинг собиқ президенти Ҳошим Тачи гувоҳларга босим ўтказиш ва суд жараёнига тўсқинлик қилишда айбдор деб топилиб, 1 йил…
10:14 / 19.11.2026
Ўзбекистонда ОАВ саҳифаларига муаллифлик ҳуқуқи бўйича сохта шикоятлар юбориб, пул талаб қилинмоқда

Ўзбекистонда ОАВ саҳифаларига муаллифлик ҳуқуқи бўйича сохта шикоятлар юбориб, пул талаб қилинмоқда

Ўзбекистондаги бир қатор интернет нашрлари ижтимоий тармоқларда муаллифлик ҳуқуқи бузилгани ҳақидаги шикоятлар орқали пул ун…
13:48 / 19.11.2026
Ўзбекистонда инвесторларга 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари берилмоқда

Ўзбекистонда инвесторларга 10 йилгача солиқ ва божхона имтиёзлари берилмоқда

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон – Туркия бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича юқори даражадаги кенгаш йиғилишида мамлакатда…
14:56 / 19.11.2026
АҚШда маҳкумнинг қатл этилиши бир соатдан ортиқ давом этди

АҚШда маҳкумнинг қатл этилиши бир соатдан ортиқ давом этди

1996 йилда олмос сотувчисини ўлдирганликда айбланиб, ўлим жазосига ҳукм қилинган Рейналдо Деннеснинг қатл этилиши бир соатда…
14:46 / 20.11.2026
Ўзбекистонда бугун ҳаво ўзгарувчан бўлади: айрим ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши мумкин

Ўзбекистонда бугун ҳаво ўзгарувчан бўлади: айрим ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши мумкин

Бугун, республиканинг аксарият ҳудудларида ҳаво ўзгарувчан бўлиши кутилмоқда. Айрим жойларда бироз ёмғир ёғиши мумкин. Тоғли…
17:51 / 19.11.2026
Ўзбекистонда 10 ойда коррупцияга алоқадор 1 565 нафар ходим ишдан бўшатилди

Ўзбекистонда 10 ойда коррупцияга алоқадор 1 565 нафар ходим ишдан бўшатилди

Ўзбекистонда 2026 йилнинг январь-октабр ойларида коррупцияга алоқадор 1 565 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинд…
09:49 / 20.11.2026
АИ-80 бензини биржа савдоларига чиқарилди: уни “заправка”ларда сотиш мумкинми?

АИ-80 бензини биржа савдоларига чиқарилди: уни “заправка”ларда сотиш мумкинми?

Ўзбекистонда АИ-80 маркали бензин биржа савдоларига чиқарилди. Бироқ ушбу маҳсулот автомобилларга ёқилғи сифатида қуйиш шохо…
14:50 / 20.11.2026
Ўзбекистон 2030 йилга қадар олтин қазиб олишни 175 тоннага етказмоқчи

Ўзбекистон 2030 йилга қадар олтин қазиб олишни 175 тоннага етказмоқчи

Ўзбекистонда 2030 йилга қадар олтин қазиб олиш ҳажмини 175 тоннага, кумуш ишлаб чиқаришни 500 тоннага, мис ишлаб чиқариш қув…
14:06 / 19.11.2026
Ўзбекистонда қурилиш материаллари импорти 780 миллион долларни ташкил этмоқда

Ўзбекистонда қурилиш материаллари импорти 780 миллион долларни ташкил этмоқда

Ўзбекистонда керамик плита, базальт қоплама, қурилиш ойнаси ва газоблок каби 161 турдаги маҳсулотни ишлаб чиқариш қувватлари…
15:23 / 20.11.2026

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!

Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!