Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар давомида яширин “ҳужралар” ташкил этиб, диний таълим бериш йўли билан ноқонуний даромад топаётган “уддабуронлар”нинг қилмишлари фош этилган.
Жумладан, Наманган шаҳрининг Балиқчи кўчасида истиқомат қилувчи, 1995 йилда туғилган фуқаро кўп қаватли уйларнинг бирида 15 нафар шахсга диний сабоқ берган бўлса, Маърифат маҳалласида яшовчи, 1974 йилда туғилган аёл ўз хонадонида 14 нафар вояга етмаган болаларга диний ўқиш ташкил этиб, уларнинг ҳар биридан ойига 1,5 миллион сўмдан пул олиб келган.
Янги Наманган туманида қайд этилган ҳолатда эса 1983 йилда туғилган шахс Меҳнатобод маҳалласидаги яширин “ҳужра”да 10 нафар вояга етмаган қизларга ва 3 нафар фуқарога диний таълим бериб келган.
Айни шу каби ҳолат Уйчи туманининг Машад маҳалласида ҳам кузатилиб, унда 48 ёшли фуқаро ўз уйида вояга етмаган болаларни тўплаб, моддий манфаат эвазига диний сабоқ бериш билан шуғулланган.
Таъкидлаш лозимки, бундай қонунбузарликлар Тўрақўрғон ва Наманган туманларида истиқомат қилувчи 1975 ва 1981 йилда туғилган 2 нафар шахс томонидан ҳам содир этилган.
Қилмишлари фош бўлган барча сохта “диндорлар” ҳамда болаларни тарбиялаш мажбуриятларини бажармаган ота-оналарга нисбатан амалдаги қонунчиликда назарда тутилган чоралар кўрилган.
“Юртимизда дунёвий илм олиш билан бирга, диний таълим учун ҳам барча имкониятлар яратилган, шундай экан фарзандларингизни ноқонуний ва диний ўқуви шубҳа остида бўлган шахслар қўлига топшириб қўйманг”, – дейилади хабарда.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!