Тошкент шаҳрида жамоат транспортининг ҳаракат таркиби замонавий ва экологик тоза автобуслар, жумладан, электробуслар билан янгиланади.
Бу ҳақда жорий йилнинг 2 феврал куни қабул қилинган “Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида айтиб ўтилган.
Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида жамоат транспорти соҳасида хусусий сектор улуши 2 баробарга оширилади.
Велосипедлар учун махсус турар жойлар ва уларни ижарага бериш тартиби, шунингдек, “ақлли чорраҳа”, “ақлли автобус”, “ақлли бекат” тизимлари жорий этилади.
Қарор билан Тошкент шаҳар жамоат транспорти тизимини 2025 йилгача ривожлантириш консепсияси тасдиқланди. Унга кўра:
– йўловчи ташишлар ҳажмида жамоат транспортининг улуши 21 фоиздан 43 фоизга оширилади;
– жамоат транспортида кунлик йўловчи ташиш ҳажми 2,7 миллион йўловчига етказилади;
– жамоат транспортининг ҳаракатланишидаги оралиқ вақти 2 баробарга камайтирилади;
– 1 063 та автобус, 673 та электробус харид қилинади.
2023 йил 1 январдан бошлаб “босиб ўтилган йўл”, “йўловчи оқими” ва “сифат” мезонлари бўйича молиялаштиришнинг янги тизими жорий этилади.
Эслатиб ўтиш мумкин, жорий йилнинг 1 феврал куни “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятига “Yutong Bus Co., Ltd” компаниясида ишлаб чиқарилган экологик тоза, ҳар томонлама қулай ва замонавий бўлган “ZK6126BEVG” русумли 20 та электробус келтирилган эди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!