Сенатнинг 24-ялпи мажлисида вазир Пўлат Бобожонов Ўзбекистонда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисида 2021 йил якуни бўйича ахборот берди.
Вазирнинг маълум қилишича, ўтган йили умумий жиноятларнинг 89 фоизи фош этилган, қидирувдаги 4 615 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 507 нафар шахс топилган.
9 314 та маҳаллада криминоген вазият таҳлил қилиниб, маҳаллалар “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилган.
Кўрилган чоралар натижасида 2021 йилда 2 639 та маҳаллада (28,3 фоиз) жиноятлар содир этилмаган, 3 628 тасида (39 фоиз) уларнинг содир этилиши ҳолатлари камайган.
Иқтисодиёт, бошқарув ва одил судлов соҳасида 1 313 нафар шахс томонидан содир этилган 1 018 та жиноят аниқланиб, улар оқибатида етказилган 86,1 млрд сўм миқдоридаги зарар ундирилиши таъминланган.
Қайд этилишича, 2021 йилда содир этилган жиноятлар умумий сони 84 100 тани ташкил этиб, ҳар 100 минг аҳолига ўртача 321,4 тадан тўғри келган.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятларнинг сони бўйича эса айрим ҳудудларда юқорилигича қолмоқда. Жумладан, ушбу жиноятларнинг 65,2 фоизи Фарғона, Тошкент, Наманган ва Бухоро вилоятларига тўғри келади.
Бундан ташқари, 14 мингдан ортиқ ишсизлар томонидан жиноятлар содир этилганлиги жойларда аҳолини иш билан таъминлаш масалалари самарали ҳал этилмаётганини кўрсатган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!