Қашқадарё вилоятида ўтказилган комплекс инспекторлик текшируви натижалари юзасидан Ички ишлар вазири томонидан республика ишчи гуруҳи, вилоят ҳамда туман-шаҳар ички ишлар органларининг масъул раҳбарлари ва шахсий таркиби иштирокида ҳисобот йиғилиши ўтказилган.
Мажлисда, ишчи гуруҳнинг вилоятдаги ўрганиш якунларига кўра ҳудудлардаги мавжуд криминоген вазият, ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳолига хизмат кўрсатиш, мурожаатлар билан ишлаш, жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек ходимларнинг ижро ҳамда хизмат интизомига риоя этиш масалалари танқидий муҳокама қилинган.
Жумладан, Ички ишлар вазирининг буйруғи билан вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғининг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими бошлиғи, Кўкдала ва Китоб туманлари ИИБ бошлиқлари, Косон ва Касби туманлари ИИБ бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари, Муборак тумани ва Қарши шаҳри ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати бўйича ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, вилоят ИИБ бошлиғининг Жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосари, Тергов бошқармаси бошлиғи, Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғи, Йўл ҳаракати хавфсизлиги Қидирув-суриштирув бўлинмаси бошлиғи, Касби тумани ИИБ бошлиғи ва унинг Маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, Қарши шаҳар, Косон ва Муборак тумани ИИБ бошлиқларига кескин интизомий жазолар қўлланилган.
Бундан ташқари, хизмат фаолиятида юқори натижадорликка эришган, намунали хизмат фаолияти учун аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар муносиб тақдирланган.
Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Шаҳрисабз тумани ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳида 28 йил давомида бенуқсон хизмат кўрсатган катта эксперт майор Хусниддин Рустамов “подполковник” махсус унвони билан, Деҳқонобод тумани “Мустақиллик” маҳалласида намунали хизматни ташкил этган профилактика инспектори капитан Лутфулла Хамидов муддатидан олдин “майор” махсус унвони билан тақдирланган, шунингдек ўн икки нафар раҳбар ходимлар “пул мукофоти” билан рағбатлантирилган.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!