Россиянинг Перм ўлкаси Оса туманида содир бўлган ЙТҲда уч нафар ўзбекистонлик вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабар бермоқда.
Маълум бўлишича, ҳодиса 22 февраль куни соат 06:00 ларда Ўзбекистон давлат рақамига эга Lada Largus автомобили ва “Симаз” автобуси иштирокида содир бўлган. Оқибатда 3 нафар Ўзбекистон фуқароси – Э.Ф. ва Ж.А. воқеа жойида, О.А. эса оғир жароҳатлар сабабли касалхонада вафот этган.
Яна уч нафар ўзбекистонлик – С.Б., Р.М.ва К.Ф. турли хил жароҳатлар билан Оса марказий туман шифохонасига жойлаштирилган.
Таъкидланишича, Ушбу ҳолат Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган, вафот этган фуқаролар жасадларини Ўзбекистонга қайтариш ишлари якунланган. Жабрланганларга эса тиббий муолажа кўрсатилмоқда.