“АрМИ–2022” VIII Халқаро армия ўйинлари доирасида Қўқон шаҳри мезбонлик қилган “Йўл патрули” мусобақаси ўз якунига етди. 4 кун давом этган ушбу мусобақада Ўзбекистон Республикаси, Россия Федерацияси, Эрон Ислом Республикаси ҳамда Беларусь Республикаси ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар бахс олиб боришди. Жами 2 та босқич 6 та шарт бўйича ўзаро куч синашган жамоалар, “индивидуал пойга”, “техник танаффус”, “экстремал тўхташ”, “параллел парковка”, “контравария”, “ҳарбий эстафета” каби шартларни бажаришди.
Мазкур мусобақа давомида бирорта шартларда устунликни бой бермаган Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоа якуний натижалар бўйича мусобақа ғолиби, деб топилди. Ушбу турнир давомида барча шартларда фаол иштирок этган Россия Федерацияси жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, учинчи ўринга бир йўла икки давлат вакиллари Беларусь Республикаси ҳамда Эрон Ислом Республикаси жамоалари лойиқ кўрилди. Таъкидлаб ўтиш лозим, ушбу мусобақада юртимиз вакилларидан катта лейтенант Жамолиддин Эгамбердиев ҳамда кичик сержант Музаффар Тўлабоев “Энг яхши техник ёрдамчи” номинацияси бўйича тақдирланган бўлса, 3-даражали сержант Сиддиқ Аъзамов “Экстремал ҳайдовчи” ҳамда “Универсал мутахассис” номинациялари бўйича тенгсиз, дея эътироф этилди.
Шунингдек ҳунармандлар шаҳри бўлмиш Қўқонда халқаро армия ўйинлари доирасида ўтказилган “Йўл патрули” мусобақасининг тантанали ёпилиш маросими ҳам ўтказилди. Унда мудофаа вазирининг қуролланиш ва қуроллантириш бўйича ўринбосари полковник Алишер Норбоев, иштирокчи давлатлар масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, фахрийлар, ёшлар, журналист ва блогерлар иштирок этди.
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!
Ўзбекистон ва жаҳонда рўй бераётган энг сўнгги воқеа-ҳодисалар, спорт, шоу-бизнес, маданият, информацион технологиялар ва илм-фан янгиликларидан доимо хабардор бўлинг!