Лойиҳадан кўзланаётган асосий мақсад аёлларга автотранспорт соҳасидаги касбларда меҳнат фаолиятларини олиб бориш учун шароитлар яратиб бериш, хусусан, 14 ўриндиқдан ортиқ бўлган автобусларни бошқариш бўйича амалдаги тақиқни бекор қилиш, автобусларни ҳайдовчи сифатида бошқариш учун аёлларни жалб қилишдан иборат.

Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги 408-сон қарорининг:

  • 2-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 27-бандига кўра, “C” ёки “D” тоифаларига оид автотранспорт воситаларини бошқариш учун аёлларга юк автомобилларини ёки автобусларни бошқариш Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши томонидан белгиланган муайян чеклашлар (автомобилларнинг юк кўтариши 2,5 тоннадан, автобусда йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмаслиги керак) асосида рухсат этилади;
  • 3-иловаси билан тасдиқланган низомнинг 5-бандига кўра, аёлларни “BC” ва “D” тоифаларига тайёрлашни ташкил қилишда юк автомобилларининг юк кўтариши 2,5 тоннадан ва автобусларнинг йўловчилар ташиш учун рухсат этилган сони 14 кишидан ошмаслиги керак.

Яъни, мазкур нормаларга мувофиқ аёллар фақатгина йўловчиларнинг сони 14 кишидан ошмайдиган автобусни ҳайдовчи сифатида бошқариши мумкин. Мазкур нормалар транспорт соҳасида гендер тенгликни таъминлаш ва катта сиғимли автобусларни (электробус) бошқаришда аёлларни жалб этишга имконият бермайди.

Қайд этилишича, бугунги кунда йўловчи ташиш учун жалб қилинаётган автобуслар ва электробуслар ўзининг замонавийлиги ва бошқаришда қулайлиги билан ажралиб туради. Гидравликалик  бошқариш (руль) хусусиятлари эса транспорт воситасини бошқаришда аёлларга ортиқча қийинчиликлар ва жисмоний зўриқишлар туғдирмайди.

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида аёлларга автобус ҳайдовчиси сифатида меҳнат фаолиятини олиб бориш учун ҳуқуқий асос яратилади, аҳолига жамоат транспорт хизматлари сифати ва хавфсик даражаси ортади.

Жаҳон тажрибасига кўра, АҚШда жами 175 855 та ҳайдовчи бўлиб, шундан 48,9 фоизи аёл ҳайдовчиларга тўғри келади. Туркиянинг Измир шаҳрида жамоат транспорт хизматларини кўрсатувчи “ESHОТ” ташкилотида 2500 минг нафар ҳайдовчидан 200 нафари аёл ҳайдовчилар эканлиги аниқланган.